02.04.2019

МИРИШКОР КЕНГЛИКЛАРИДАГИ ҚЎШИҚ ОРЗУ-ҲАВАСЛАР, КУРАШЛАР ВА ОБОДЛИК ҲАҚИДАДИР

Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғида бўлганмисиз? Бу қишлоқ нефть, газ қазиб олинаётган қарийб 500 минг гектарлик улкан Муборак дашти, ундан кейин қўшни Туркманистон давлати ҳудудига туташиб кетади. Машинамиз кенгликларни кесиб ўтиб, қишлоққа кириб борганида, офтоб тиккага келган, куй-қўшиқлар янграб, ўзига хос байрам бўлаётган экан: қишлоққа Яккабоғ туманидан тоза ичимлик суви келибди!

 

СУВ ҲаҚида ҚЎшиҚ — ЭНГ СУЛУВ ҚЎШИҚ

Туркман тилидаги ажойиб қўшиқни тинглаб, тик туриб қолдик. Кейин тушунтириб беришларича, юрт ва меҳнатни улуғлаш ҳақида экан. Туркий тил бўлгани боис, кўп сўзлар бизга таниш эди.

Қишлоқ кексалари 150-200 йилдан ошди, бу ерда манзил қурганимизга дейишади. Туманда 120 мингга яқин аҳоли бор: ўзбек, араб, туркман, татар ва бошқа миллат вакиллари иноқ ва дўст бўлиб яшаб келишмоқда. Удумлари ўхшаш, қуда-анда, деҳқончилик ва чорвачиликда катта тажриба тўплашган. Чўлнинг ўзлаштирилган ерларида ғалла, пахта ва бошқа экинларни экишса, чек адоғини илғаш қийин яйловларда қўй-қўзиларни кўпайтиришади.

— Помуқ қишлоғида 17,5 минг аҳоли истиқомат қилади, — дейди Гулобод МФЙ раиси Нормурод Жўраев санъаткорларнинг қўшиғига монанд бош тебратиб. Қаранг, қандай ажойиб кунларга етдик. Қўшни Туркманистонга эркин ўтиб, қариндошларимизнинг тўй-маъракаларида иштирок эта оламиз. Мана, бугун қишлоғимизга тоза сув келди. Дастурхон тузаб, қурувчилар, қишлоқ аҳлига ош тортаяпмиз. Бу ҳам қутлуғ удумларимиздан-да. Одамлар юрак-юракдан севинишяпти...

Биз ҳам кўпчиликка қўшилиб, туркманча ошдан тановул қиламиз ва одамларнинг севинчига шерик бўламиз. Бир зум ўтмишни ўйлайман. Маълумки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларининг охири, саксонинчи йилларнинг бошида Қарши даштининг бир чеккасида Баҳористон, яна бир чеккасида Усмон Юсупов туманлари ташкил топганди. Қийинчиликлар қўп эди. Мустақиллик йилларида улар қўшилиб, янги Миришкор тумани ташкил топди. Қўшмай-чатмай айтиш керакки, икки йил олдин туманга Равшан Комилов ҳоким бўлиб келгач, аҳвол ижобий томонга ўзгара бошлади. Ўта қатъиятли ва қаттиққўл ҳоким ўзи ҳам тинмайди, бошқалардан ҳам иш, яхши ташаббус талаб қила бошлади.

Туманда ичимлик суви муаммоси бор эди. Айниқса, Помуқ қишлоғи Амунинг бир амаллаб тозаланган сувидан ичиб келарди. Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг 13-14 декабрь кунлари Қашқадарёга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳаларни тасдиқлади, айрим муаммоларнинг ечимини кўрсатиб берди. Аҳолининг талаби билан Миришкор туманининг Помуқ қишлоғига тоза ичимлик суви тортиб келиш юзасидан алоҳида топшириқ берилган эди.

— Мен бу соҳада ўн беш йилдан буён меҳнат қилаяпман, — дейди «Сув оқова» ДУК Муборак туман бўлими бошлиғи Маматқул Упасов. — 1994 йилда Яккабоғ-Муборак 161 километрлик катта ҳажмли сув қувури тортиб келинганди. Бу асосан Муборак газни қайта ишлаш заводи ва туман аҳолиси учун эди. Очиғи, шунча йил қўшни Миришкор тумани, айниқса, шундай ёнма-ён Помуқ қишлоғи аҳолиси тоза ичимлик сувидан бебаҳра бўлиб келди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан ҳомийликни завод бўйнига олди. 29 километрлик сув қувури Муборакдан Помуқ қишлоғига тортиб келинди. Яна бир тадбир — «Обод қишлоқ» дастури асосида қишлоқда 34 километр ички сув қувури тортилди. Бундан ташқари, 2 та 500 кубо метрлик сув сақлаш омбори қурилди. Яккабоғ туманидан Муборакка, ундан Помуқ қишлоғига келтириладиган тоза ичимлик суви омборларга йиғилиб, аҳоли хонадонларига узатилади.

Туман ҳокими қисқача гапириб, тоза сув келтирилгани билан қишлоқ аҳлини қутлади. Шундан сўнг янги қурилган насос станциясидан аҳоли хонадонларига сув узатила бошланди.

— Севинчимизни сўз билан ифода қилолмаймиз, — дейди тадбиркор Зиёдулло Ҳайназаров. — Уч фарзанд ўстиряпмиз, энди хонадонимиз тоза сувдан баҳраманд бўлади.

Тадбирда ҳомий ташкилот — «Муборакгаз заводи» МЧЖ бошлиғи Қаҳрамон Қурбонов ҳам қатнашди...

 

ОБОДЛИККА НЕ ЕТСИН!

Тантаналарда иштирок этган Миришкор тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Тўлқинжон Ўринов шундай дейди:

— Ободончилик ишларига бир неча йилдан буён катта эътибор берилаяпти. Ўтган йили 4 та, бу йил 3 та қишлоқ ободончилик режасига киритилган. Биргина шу Помуқ қишлоғини олайлик. Ўтган йили 5.5 миллиард сўм маблағ эвазига марказий касалхона биноси таъмирланиб, замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланди.

Ёшлар иттифоқи Миришкор туман бўлими раиси Қобилжон Ҳасановнинг «Матиз» машинасида туманни айланамиз. «Айланамиз» сўзини бу жойда оддий тарзда айтиб бўлмайди. Қарийб 300 минг гектар жойни эгаллаган, қишлоқлари маржондек сочилиб кетган улкан ҳудудни кўз ўнгингизга келтиринг... Эринмай йўл босиб, Чандир, янги Миришкор, Жейнов қишлоқларида катта ўзгаришларни кўрдик. Жейнов қишлоғида 4 та МФЙ ташкил топибди.

— Қишлоғимизда 21 минг аҳоли яшайди, ҳеч бир миллат вакилларини бир-биридан ажратмайсиз, — дейди Янги Жейнов ҚФЙ раиси Шоназар Ҳамроев. — Ҳов анави кўчада Ўзбекистон Қаҳрамони, раҳматли Муродулла ака Саидов яшардилар, ҳозир фарзандлари невара-чеваралари истиқомат қилаяпти. У киши қурдирган сут-пишлоқ кичик корхонаси, санъат саройи ишлаб турибди. Ўтган йили марказий бозоримиз бутунлай қайтадан қурилди. Бахтиёр Рўзиев деган тадбиркоримиз эски ҳаммомни таъмирлаб чойхона қурди. Ҳозир қишлоқда ўнлаб новвойхона, машиналарни таъмирлаш устахонаси, 3 та кичик футбол майдончаси ишлаб турибди. Яна бир янгиликни айтай: йўлларимизга йўлчироқ ўрнатилди. Энди Жейнов қишлоқ эмас, кичиккина шаҳарча, ҳа!..

 

ТАДБИРКОРГА МАДАДКОР!

Туман ҳокимлигининг эски қўшқаватли биносини танимайсиз, таъмирланган, худди янги дейсиз. Ҳоким қаёққадир шошилаётган экан, аммо олдига тортиниб яқинлашаётган кишини кўриб, тўхтади ва уни тинглай бошлади.

— Э, хусусий боғча қураман, дейсизми, — суюниб кетди ҳоким. — Марҳамат, ер керакми, кредит керакми — кўмак биздан, ҳеч иккиланмай ишни бошлайверинг. Кейин ёнидаги тадбиркор Саидали Холиқовга юзланди.

— Бизга бир гектар замонавий иссиқхона қуриб беринг, кредит олишингизга ҳокимият кафил, кам бўлмайсиз. Юринг, жойини кўрсатаман.

Бизни мактабгача таълим муассасалари иши қизиқтириб қолди. Ўтган йили Жейнов қишлоғида эски идора таъмирланиб, 100 ўринли хусусий боғчага айлантирилган эди. Яқинда яна бир янги боғча кичкинтойларни қабул қила бошлабди. Лазиз Бердиев Миришкор қишлоғида қурган биргина янги боғча билан танишдик. Боғча мудираси Аҳмедова Мақсуда ва бошқа тарбиячилар билан суҳбатлашдик. Ётоқхона, машғулот ўтадиган хоналар ҳавас қиладиган даражада.

— Мен ҳам бу ишга ўтганимга ўн кунча бўлди. Аввало ишни фарзандларимизга таомлар тўлиқ берилишини назорат қилишдан бошладик, — дейди кулимсираб туман мактабгача тарбия бўлими мудири Бахтиёр Каримов. Чунки бола нима еб-ичганини айтолмайди. Бунга етарли эътибор берилмас экан, кичкинтойларнинг соғлом ўсишига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Умуман, кичкинтойларнинг таомига кўз тиккан кишилар боғчаларда ишлаши мумкин эмас. Хўш, бизда 18 та давлат тасарруфидаги ва 8 та хусусий боғча бор. Ҳозир туманда 9111 бола боғча ёшида. Ўтган йили уларнинг 26 фоизи, бу йил 38 фоизи боғчаларга қамраб олинди. Йил охиригача бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Помуқ қишлоғида янги боғча қурилмоқда. Яна 10 хусусий боғча қурилиши ҳаракати бошланиб кетган.

Туманда йирик лойиҳаларни юзага чиқаришга эътибор берилаётганига яна бир мисол. Ҳокимият қўллаб-қувватлаши билан тадбиркор Акбар Сариқов «Миришкор парранда инвест» МЧЖга асос солибди. 50 минг бошга мўлжалланган паррандахона қуриб, саноат асосида тухум ва гўшт ола бошлабди.

 

ҚУЛОЧИНГНИ ЁЗ

Бизни машинасида олиб юриб, туманнинг у бошидан бу бошига кезиб чиққан яхши ташкилотчи, Ёшлар иттифоқи Миришкор туман бўлими етакчиси Қобилжон Ҳасанов шундай дейди:

— Туманимиз ҳудуди улкан, уни бир кунда айланиб чиқиб бўлмайди. Кўрдингиз, қаерга бормайлик, янгилик, ўзгариш, тадбиркорлик кўзга ташланди. Бу борада ёшларимиз ҳам ҳаракатда. Айни пайтда иттифоқимиз 2 минг нафардан ортиқ ёшни бирлаштирган. Шу кунгача 1 миллиард 140 миллион сўм кредит асосида 7 та истиқболли лойиҳа амалга ошди.

Масалан, ёшларимиздан Фаррух Кенжаев қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқараяпти. Малика Пардаева 15 та тикув машинаси сотиб олиб, чеварларни бирлаштирди. Бундан ташқари, кичик-кичик лойиҳаларга қўл ураётган ёшларимиз ҳам кўп.

— Туманда 2000 та кичик иссиқхона барпо этилиши ҳақида эшитгандик. Шу тўғрими?

— Рост, — жавоб бериб суҳбатга кўшилади «Томорқа» МЧЖ раҳбари Жамшид Файзуллаев. — Хонадонларга 1 сотих жойда кичик иссиқхона қуриш учун 8 фоиз устама билан гаровсиз кредитлар ажратилмоқда. Ҳозир хориждан кунига 3 литрдан сут берадиган зотли эчкилар келтирилаяпти. Чет элдан келтирилган туяқушларни боқаётган тадбиркорларимиз ҳам бор. Хуллас, қишлоқлар қўзғалди.

Юриб-юриб, Миришкор қишлоғидаги 70 ёшли деҳқон Тўрақул Нусратовнинг хонадонига келдик. Барваста бобонинг қадди ҳамон тик. 8 нафар фарзандни тарбиялабди. Зоти яхшиланган 74 бош қора моли бор экан. Сут-қатиқ сотиб, ўтган йили 20 миллион сўмдан кўпроқ даромад қилишибди. Яна 3 сотих жойдаги иссиқхонадан яқинда 1800 килограмм лимонни 8 миллион сўмга сотишибди. Томорқаси гулдай — картошка, саримсоқпиёз барқ уриб ўсаяпти, мевали дарахтлар яшнаб турибди.

— Момонгиз Баҳорой 100 бош товуқ боқади, тухум, гўшт ўзимиздан чиқади. Ҳа, меҳнатнинг нони қаттиқ, бироқ ширин, — дейди Тўрақул бобо кулимсираб...

Миришкор тумани тараққиёт йўлига тушиб олмоқда. Шу хаёл билан уйга қайтаётиб, Помуқ қишлоғига сув келганида жўшиб куйлаган туркман қизи, «Сарвиноз» ҳаваскорлик дастаси етакчиси Тозагул Андаевнинг сўзларини эсладик.

— «Ҳали бундан ҳам яхши кунларга етгаймиз!»...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: