Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
26.03.2019

МАВСУМИЙ АЛЛЕРГИЯНИНГ ДАВОСИ БОРМИ?

Мутахассислар жавоби билан танишинг

Кундалик турмушимизда турли кимёвий воситаларнинг кўп қўлланилиши, нотўғри овқатланиш, экологиянинг бузилиши, шунингдек, электроника маҳсулотларидан мунтазам фойдаланишимиз аллергияга сабаб бўлмоқда. Масалан, унинг турлари кўп: нафас йўллари, тери, озиқ-овқат, дори ва ҳашарот аллергияси мавжуд.

Уларнинг ичида мавсумий аллергия ҳам борки, у тиббиёт тилида поллиноз, деб аталади. Ўсимликлар чанги сабаб бўлувчи бу касалликка чалиниш асосан март, апрель ойларидан бошланиб, бошоқли, шўра ва шувоқ ўсимликлари гуллаши даври — кеч кузгача давом этади. Айниқса, мевали дарахтлар гуллаганда кучаяди. Агар вақтида эътибор қилинмаса, мана шу поллиноз ҳам кейинчалик сурункали астма касаллигига олиб келар экан.

Хўп, поллиноз жиддий касаллик экан. Унга қарши курашиш учун бизда ва хорижда қандай тажриба ва усуллар бор?

 

Ақида АБДУЛЛАЕВА, Тошкент ботаника боғи Анатомия ва цитоэмбриология лабораторияси катта илмий ходими:

— Поллиноз касаллиги ўсимлик гули чанги билан боғлиқ хасталик бўлгани учун ундан буткул қутулишнинг иложи йўқ эди. Шифокорлар унинг белгиларини камайтириш учун айни баҳор мавсумида бемор ўзини чангдан ҳимоя қилишини, бурун бўшлиғини тузли сув билан чайиб туришини, парҳез қилиши ва турли зарарли одатлар — ичиш, чекишдан воз кечишни тавсия қиларди. Шунингдек, бемор мавсум пайтида бир муддат иложи борича тоғ ва тоғолди ҳудудда истиқомат қилишини ҳам таъкидларди, чунки тоғда ўсимлик ва гуллар нисбатан кечроқ гуллайди. Тўғри, мазкур тавсиялар беморни бу касалликдан бирмунча асраши мумкин. Лекин аллергия мавсуми вақтида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга бориб яшашга ҳамманинг ҳам шароити тўғри келмаслиги мумкин.

Ўзбекистонда ўсимлик гулининг чанги яхши ўрганилмаганлиги учун шу вақтга қадар беморлар юқоридаги каби чоралар кўришига тўғри келарди. Лекин дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, мазкур ҳолатга қарши курашиш учун нисбатан қулайроқ усул мавжуд экан. 2018 йили Австриянинг Вена университети олимлари Ўзбекистонда ўсимлик чанги муаммосига қарши курашиш бўйича ташаббус билдиришди. Жорий йил январь ойида мамлакатимиздан 4 нафар мутахассис гул чанги бўйича тажриба ошириш мақсадида Австриянинг Вена университетига юборилди. Бу бизда мазкур соҳани янада кенгайтириш учун илк қадам ҳисобланади. Улар Вена университетида чанг бўйича дунёнинг етакчи олимларининг маҳорат дарсида, тажриба синовларида қатнашди ва Ўзбекистонда уни йўлга қўйиш бўйича тавсия олиб қайтиб келишди.

Бу иш 3 босқичдан иборат ва уч йилда амалга ошади. Биринчи босқичда чанг аллергиясига хос бўлган ўсимликлар ҳудуд миқёсида ўрганилади. Чунки, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос ўсимликлари, аллергия берувчи чанглари бор. Ушбу ўсимлик чанглари ҳам ҳар хил хусусиятга эга. Ҳатто Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам 10 та чанг қопқони қўйилмоқчи. Масалан, чўл ўсимликларининг чанги майда бўлиб, учувчан бўлади. Йирикроқ маданий ўсимликларнинг чанги ёпишқоқроқ бўлиб, кўпроқ ўз атрофига тарқалади. Чангларнинг шаклига қараб уларнинг тарқалиши ҳам турлича бўлади. Кузда яна ҳам бошқача. Чангларнинг спарапалинин, деган ёпишқоқ моддаси бор. Масалан, чанглар бир-бирига ёпишиб, бир вазн сифатида ёки жуда ҳам майда уннинг кукунига ўхшаб тарқалиши мумкин. Айниқса, чўлда тарқалган ўсимликлар, шўрадошларнинг чанглари нафас йўлига кўпроқ ёпишиб, йўтал ва акса уриш ҳолатларини чақиради.

Бир ҳудудда кўп бўлган ўсимлик чанглари қайсидир ҳудудда камроқ учраши мумкин. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуд учун алоҳида рўйхат тузилади. Чанг қопқон лентасидан кесиб олинади, препаратлар ўрганилади ва шу ҳудудга 25-30 турга мансуб чанг учрайди, дейиладида, шуни рўйхати берилади.

Иккинчи босқичда мазкур рўйхатга асосан тиббиёт ходимлари кўмагида чангга қарши аллерген ишлаб чиқарилади. Учинчи босқичда ҳар бир ҳудудда яшовчи аҳоли учун зардоблар тарқатилади. Бу зардобларни ишлаб чиқишнинг жуда катта фойдаси бор. Яъни, бемор чанг аллергияси мавсуми бошланишидан олдин зардоб ичишни бошлайди. Зардоб чанг аллергиясининг олдини олишга, ёрдам беради. Оз миқдорда ичиб борилади ва йилдан-йилга беморнинг чангга нисбатан аллергияси камаяди, яшаши ҳам осон бўлади.

Тадқиқотлардан маълумки, шаҳар аҳолисининг 75 фоизи, қишлоқ аҳолисининг 25 фоизи поллиноз касаллигидан азият чекади. Атмосферадаги чиқинди газлари, чанглар одамнинг нафас йўлига зарарли бўлган оксидант моддаларини ўзида кўпроқ тутиб қолади. Шунинг ҳисобига шаҳар ҳудудидаги чанг тозароқ муҳитдаги чангга нисбатан аллергия чақиришга мойил бўлади. Шунинг учун шаҳарга тарқатиладиган зардоблар вилоятлардагига нисбатан фарқ қилади.

Масалан, терак чанг доначалари ўта хавфли аллерген ҳисобланмаса-да, инсон танасига тушгандан сўнг унинг шиллиқ қаватини тирнар экан. Бошқа кучли аллерген чанг доначаларининг ўша тирналган шиллиқ тери қаватига тушиши ҳисобига кучли бир реакцияни келтириб чиқаради.

Чанг қопқони қандай вазифаларни бажаради? Бу ускуна қанақа қисмлардан иборат ва уни йўлга қўйиш бизга қандай енгиллик келтиради, каби саволларга Австриянинг Вена университетида малакасини ошириб келган мутахассислар жавоб беради.

 

Хонсулув СОҲИБНАЗАРОВА, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази кичик илмий ходими:

— Сўнгги маълумотлар бўйича Ўзбекистон аҳолисининг 33-35 фоизи аллергик ринит, конъюнктивит, астма, атипик дерматит билан касалланган бўлиб, шулардан ринит 73 фоизни ташкил этади. 2007-2009 йилларда ёшларда 45.5 фоиз, ёши катталарда 33 фоизни ташкил қилган. Унинг бугунги кунда кўпайишига асосий сабаб — ҳозирда оддий боғларда ҳам ландшафтлаштириш бошлангани туфайлидир. Яъни ҳар хил жойлардан турли ўсимликлар олиб келинмоқда, манзарали, гулли, оддий дарахтли, бутали ўсимликлар кўпайтирилмоқда. Булар ҳам поллиноз каллигини кўпайтиради.

2009 йили Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва яна бир туманида чинор ва тол дарахтларининг чанги аллергия келтириб чиқаради, деб уларнинг барчаси кесиб ташланганди. Аллергия тарқатмайди, балки ҳавони тозалайди, деб арча ва қарағай дарахтлари кўплаб ўтқазилди. Ҳозирга келиб ёши катта фуқароларимизда чинор ва толларга нисбатан аллергия кўп бўлса, ёшларда аксинча, бу дарахтлар чангларида аллергияга мойиллик кам, лекин арча ва қарағай ўсимликларининг чанглари уларда аллергия кўпайишига сабаб бўлган.

Ҳозир қилишимиз керак бўлган асосий иш ўсимликларнинг гуллаш календарини тузиш. Ўсимликлар ва дарахтлар кузда ёки баҳорда қачондан бошлаб гуллашини ва қачон гуллаш вақти тугашини аниқлашимиз керак. Дарахтлар гуллаши ҳозирги вақтда иқлим шароитига қараб ўзгармоқда, эрта содир бўлиши хам мумкин. Масалан, қишнинг охирида ҳаво исиб кетиши ҳисобига февралдан бошлаб дарахтлар Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эрта гуллайди.

Чанг тутадиган қопқонимиз Тошкент шаҳрининг иккита ҳудудида — биринчиси — «Доктор Мақсудова» клиникасида, иккинчиси — Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида жойлашган. Кейинчалик уларни вилоятларга ҳам қўйиш режалаштирилмоқда. Вилоятлардаги мутахассислар ва техник ходимлар чангларни йиғиб, таҳлил этиш учун бизга жўнатишади. Биз уларни идентификация қилиб, ҳар бир вилоят учун гуллаш календарини тузишимиз керак бўлади.

Австриянинг Вена университети олимларининг аэробиология соҳасида тажрибаси катта. Бизда қилинмоқчи бўлган ишлар уларда аллақачон қилинган ва ҳозир ҳам қилинаяпти, поллинозга қарши препаратлар мавжуд, календар тузиб бўлинган, аллергия билан оғриган ҳар бир беморнинг телефонида календарь бор. Ўшанга қараб, препаратлар қабул қилинади. Мазкур ишлар бизга яқин шаҳарлардан фақат Россияда қўлланилаётган экан.

Улар энди ўз тажрибасини бизга ўргатишмоқчи. Нимага айнан бизда? Ўзбекистон ўсимликларга бой, бизда бор ўсимликлар уларда йўқ. Масалан, бизда жийда ўсимлиги бор, уларда йўқ. Шунинг учун улар уни чанг тузилиши формаларини яхши билишмайди. Юртимизда жийда гулининг чангига аллергияси бор инсонлар учрайди. Умумий ҳисобда, 250 000 дан ортиқ ўсимлик бўлса, улардан 100 мингдан ортиғи аллергия келтириб чиқаради. Қисқаси ҳудудларимизда ҳар хил ўсимликлар кўп, чет мамлакатларда уларнинг турдошлари бўлиши мумкин. Лекин айнан ўша ўсимлик учрамайди. Биздаги ўсимликлар ҳақида интернетда етарли даражада маълумотлар бўлса, бизга саёҳатга келаётган инсон ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўради.

 

Наргиза РАҲИМОВА, Тошкент ботаника боғи Анатомия ва цитоэмбриология лабораторияси мудири:

— Биздаги маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда минглаб инсонлар мавсумий аллергиядан жабр кўрмоқда. Айниқса, баҳор мавсуми бошланиши билан аллергияга мойил бўлган инсонларда бу жараён жуда ҳам оғир кечади. Афсуски, аллергенларга мойил бўлган фуқароларимиз ўзларида касаллик белгилари намоён бўлгандан кейингина бу ҳақда хабар топишади. Айрим хорижий давлатларда эса чанг доначаларини йиғувчи қопқон мосламаларининг мавжудлиги поллиноз касаллигига чалинган инсонларнинг ишини бирмунча осонлаштиришга хизмат қиляпти.

Мисол учун, Австриянинг Вена тиббиёт университети ўз вақтида Европа аэроаллерген тармоғини ташкил этиб, 600 га яқин чанг йиғувчи қопқонларни турли мамлакатлар шаҳарларига тарқатган. Мисол учун, ҳозирги кунда Украинада 8 та чанг қопқони ўрнатилган ва табиийки 8 та чанг мониторинги бўйича станциялар фаолият олиб бормоқда. Ёки Польша ва Швейцарияда ҳам ўнлаб чанг қопқонлари ўрнатилган ва натижа ҳам анча яхши даражада. Санкт-Петербургда ва Москвада 1992 йилдан бошлаб чанг мониторинги устида иш бошланган ва чанг қопқонлари ўрнатилган. Бунинг натижасида соҳа мутахассисларининг ҳар кунги маълумотларига биноан шифокорлар беморларга аниқ ва ўз вақтида ташхис қўйиш имкониятига эга бўлган. Татаристоннинг Қозон шаҳрида ҳам бу нарса йўлга қўйилган бўлиб, йилдан-йилга аллергияси мавжуд бўлган инсонларнинг аҳволи тобора тикланиб борган. Ушбу Республиканинг деярли барча вилоятларида аэробилогик мониторинг кузатиш ишлари олиб борилар экан. Яъни, ҳафтасига бир марта барабан ичидаги чанг тутувчи ёпишқоқ лента янгисига алмаштирилади. Лента олинганидан сўнг 7 та бўлакка бўлинади. Ҳар бир бўлак узунлиги 48 миллиметрни ташкил этади ва бир кунлик чанг доначалари шу лентага ёпишади. Демак, бир кунлик чанг ҳаёти 48 миллиметрлик масофани ташкил этади. Лентанинг ҳар бир бўлаги буюм ойнасига фоксэль моддаси бўёғи ёрдамида ёпиштирилиб, ёруғлик микроскопи орқали кузатилади. Маълумки, бутун дунёда чанг доначалари фақатгина ёруғлик микроскопи орқали саналади, компьютерлар ҳозирча бу нарсанинг санашни уддасидан чиққани йўқ.

Ўтган йил октябрда Тошкент шаҳрида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Молекуляр аллергология марказида Вена тиббиёт университетининг аэробиология гуруҳи Уве Вергер бошчилигида турли аллергик касалликларни келтириб чиқарувчи ўсимлик ва дарахтларнинг чанг доначаларини ўзида тутиб қолувчи, аллергик касалликлар мавсумини олдиндан аниқлаб берувчи иккита чанг тутувчи мослама, чанг қопқонлари ўрнатилган эди. Ушбу мосламалар аллергик касалликлар мавсумини олдиндан аниқлаш имконини бериб, бундай касалликлар кучайиб кетишининг олдини олади ва мавсумий аллергияни назорат қилиб боришга имкон яратади.

 

Бекзод ҲОЖИМУҲАММЕДОВ, «Доктор Мақсудова» инновацион клиникаси кўз шифокори:

— Бу масала бизга нима учун муҳим? Ўзбекистонда айнан чанг аллергиясига чалиниш жуда кўп. Кўз докторларига март ойидан бошлаб, июнга қадар кўплаб беморлар мурожаат қилади. Улар кўзим қичишяпти, ёшланяпти, ёруғга чиқсам, кўзим қамашиб кетяпти, деган шикоятлар билан келади. Бу кўз аллергиясининг белгилари ҳисобланади. Биз уни махсус микроскоп орқали текширганимизда организмда аллергия белгилари мавжудлигини кўрамиз. Кейин нимага аллергиянгиз бор, деб савол берамиз. Буни беморларнинг ўзи ҳам билса, бизга осон бўлади. Бунақа ҳолатларни аллерголог ва офтальмолог бирга даволайди. Чунки аллергиянинг белгилари кўпинча кўзга берса, беморнинг бошқа аъзоларига ҳам акс таъсирини бериш эҳтимоли кўп.

Чанг организмга қандай ўтиради? Кўзда, бурунда, организмнинг шиллиқ қавати бор. Жуда майда бўлгани учун чанглар кўз устига, бурунга ёпишиб, аксирганда организмда кучли реакция пайдо бўлади. Кимгадур бир-икки соатда реакция бериши мумкин. Кимгадир эса 24 соат ичида реакция бериш эҳтимоли бор. Шу вақт ўтгандан сўнг унинг белгилари пайдо бўла бошлайди.

Чанглар кўзга кўринмас бўлади. У кўзнинг шиллиқ қаватига ёпишгандан сўнг организм реакция беришни бошлайди. Бу ҳолат кимларда кўпроқ учрайди? Ёшлигида ким кўпроқ нотоза жойларда дарахтларнинг олдида юрган бўлса, уларда аллергия бўлиш фактори кўпроқ кузатилиши мумкин. Кўз қичийди, ёшланади, ёруғга чиқиб бўлмайди, кўзга қум киргандек бўлиб, тураверади. Биз аллерголог билан бирга уларни камида ўн кундан икки ҳафтагача даволаймиз.

Ҳозирда поллинозни даволаш вакцинасини тайёрлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Кейинчалик махсус дори воситалари Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилади.

Австрияда бўлганимизда, улар телефонга шу бўйича дастур киритишган экан.

Мазкур дастур бугунги кунда катта натижа беряпти ва Европанинг кўп давлатларида бундай қопқонлар мавжуд.

Ҳозир биз ўзимиздаги маълумотларни тўплаб, Австрияга юборяпмиз. 2019 йил давомида улар бизга ёрдам беришади. 2020 йилдан бошлаб ўзимиз мустақил ишлашни бошлаймиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.