26.03.2019

ҲАЙРАТЛАРИМ СУРАТИ

Ақл ақлдан куч олсин

Эҳ, нодон одам, сен рақибим деб ўйлаган одамгагина эмас, Оллоҳнинг уйига ҳам ҳужум қилаётганингни наҳотки тушунмаяпсан?! Ахир, ўз уйингга ўзинг ўт қўйяпсан-ку! Темир сағаналар ҳар тортилганда маййитлар озор чекмаяптимикан?! Қабристонга озор бериш, тош отиш жиноят, имонсизлик эканлигини наҳотки тушунмаяпсан?! Ахир, бир кун ўзинг ҳам шу маконда қўним топасан-ку... Сен хўрлаётган, топтаётган тупроқлар сени бағрига олармикан?! Наҳотки, кечагина аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликда қабристон деворларини тиклаган сахий қалблар орасида сендек ғаламис, ичи қоралар ҳам бўлган бўлса?! Ақлингни ишлат, ақлингни яхшиликка сарфла, инсон! Инсон ақл-ҳушини ўз қавмдошлари хотирасига қарши ишлатгани тирикларни оёқ ости қилиши билан баробар.

Бундайларни ким деб атамоқ жоиз? Айғир отдек куч-қувватингизни яхшилик учун сарфласангиз, инсон мижозсиз, акс ҳолда жоҳилсиз, аламзадасиз, бахилсиз, бахил... Одамга ақл нима учун берилади?! У одамлар ўртасидаги адоватларга нуқта қўя олсин. Ақл низолар, келишмовчиликлардан устун келиши керак. Шунда ақлга раҳмат, дейсан. Шунда ақлини бошқара олган инсонга тасаннолар айтасан!..

Тўфанинг акаси Карим Боймуродов тирикчилик ғамида бирдан четга ишлашга жўнаб кетди. Тутинган иниси ҳам худди шу мақсадда Музработни тарк этди. Шундай қилиб, икки оға-ини «ўйин»дан чиқишди. Қабристон «ташвиши» Тўфага қолди.

... Аҳвол негадир ўзгармади... Икки уруғ-аймоқ, тарафкашлар орасида борди-келди гаплар ҳамон давом этарди. Оқ фотиҳа берган қишлоқ улуслари, оқсоқоллари ҳам негадир бу мантиқсиз келишмовчиликларга лоқайд қараётгандай, ўзаро низоларга чек қўйиш учун астойдил киришмаётгандай...

Тўфанинг боши қотиб қолди. Юраги қонга тўлди... Шундай кезларда у кундузими ёки кечасими қараб ўтирмас, онаизори бошига етиб келарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Қабристон узра аллақачон қоронғулик кўрпаси тўшалган, унда-бунда милтиллаб кўринаётган ёғдуларни ҳисобга олмаса, ҳаммаёқ зимистон эди. У бир қўлида фонар, иккинчи қўлида челак тўла сув гулларини суғориб борар, онаси бошига келганда ерга ўзини таппа ташлаб, айюҳаннос солиб юборди...

Бу изтиробларда, кўз ёшларида армон ҳам, алам ҳам, нажотсизлик, муштипарлик ҳам акс-садо берарди... Бирдан осмон узра момақалдироқ гулдираб, гулдираклар ичра онасининг мушфиқ овози келгандай бўлди:

– Қаддингни кўтар қизим, кўз ёшларингни арт қизим! .. Ҳазрати Мусо алайҳуссалом ҳам фиръавн қавмидан сенга ўхшаб ёлғиз, бечора, оч ва даҳшатга тушган ҳолатда қочиб чиққанларида айтдиларки: «Парвардигор, ёлғизман, хастаман, бечораман!» Шунда у кишига шундай жавоб бўлибди: «Эй, Мусо, мендек дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, мендек табиби бўлмаган одам хастадир, мен билан алоқани узган кимса бечорадир».

Султон суягини хорламас, қизим! Сен кимларнинг зурриёти эканингни унутма! Сен елкаси ерга тегмаган Боймурод полвоннинг, машҳур Рамазон чавандознинг, кайвони бувижонларингнинг набирасисан! Сен 42 йил кўз нурини, қалб қўрини тўкиб, ўқувчиларга математика фанидан дарс берган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган муаллим Жума Боймуродовнинг фарзандисан. Жисму жонингда, танангдаги қирқ бир томирингда ана шу аждодларинг қони оқаётгани билан фахрлан! Бу қутлуғ қонлар сени хўрлатиб қўймайди, аксинча улар сенга куч-қувват, ҳаёт бағишлайди. Ахир ҳазрат Навоий: «Сабр билан кўп боғлиқ иш очилур, ишда ошиққан кўп тойилур, кўп тойилған кўп йиқилур», деганлар.

Азиз фарзандим, сен Оллоҳим назари тушган инсонсан! Руҳларимиз мададкор бўлсин...

Бирдан қабристон узра ёпирилган қора кўрпа чирпирак бўлиб кўтарилиб кетгандек бўлиб, осмон узра чарақлаган юлдузлар, жилмайиб турган оймома кўринибди... Бирдан ҳаво очилиб кетибди. Бирдан осмон ёришиб кетибди. Бирдан кўнглига янгидан-янги фикр, туйғулар қуйилиб кела бошлабди...

– Ғанимлар нафақат оиламиз шаънига, балки халқ овозига ҳам қарши чиқишяпти, онажон, кўпчиликни менсишмаяпти... Халқ, эл-юрт қарори шунчаки «ўйин» эмас, балки ижро этилиши шарт бўлган қонун эканини наҳотки тушуниб етишмаётган бўлишса?! Одамлар, наҳотки, дуога қўл очиб, берган ваъдаларини ўзлари ҳимоя қилиша олмаса?! Улар карахт, улар ухлоқ... Уларни мен уйғотмасам, ким уйғотади, она, ким?!

Тўфага онаизор нидолари куч берганди. Қолаверса, инсонга дард, алам ҳам куч берар экан! Дард кучсизни кучли, кучлини янада кучли қиларкан. Тўфа тутинган отаси бўлмиш Дарбандий ҳузурига ошиқди.

– Давлат ҳокимияти томонидан қабристонга онамнинг номи берилиши ҳақида қарор чиқарилиб, бу қарор амалга ошмас экан, ғанимларим қабристон гўё менинг шахсий мулкимдек тошбўрон қилишаверади, – деди Тўфа...

Улар эртасигаёқ бошлашиб Музработ ҳокими қабулига етиб келишди. Бу пайт туман ҳокими алмашган эди. Аксини олиб ўша куни ҳам, эртаси ва индинига ҳам, бир-икки ҳафталаб қатновлар ҳам самара бермади, улар учраша олмадилар. Бир кун мажлисга кетган дейишса, эртаси қайсидир хўжаликни текширишда дейишди...

Ҳоким ўринбосарларига айтиб, тайинлаб, илтимос қилиб кетишган маълумотлари, шикоятлари раҳбарга етказилмаганми, уларни ҳокимият бирор марта ҳам йўқламади. Балки, қабристонга оид масала жўшқин қишлоқ хўжалигига доир пахта, ғалла, боғдорчилик каби ёниб турган кундалик муаммолар олдида жуда майда гап бўлиб туюлдими, хулласи калом, мурожаатлар эътиборсиз қолаверди...

Мурожаатларига эътиборсизлик, беписандлик билан қаралган сайин Боймуродовада бу масалани ҳал қилишга эътибор, қатъийлик кучаяверди. Одатда инсон ўз ниятларини амалга ошириш учун курашаётганда бунга қаршилик пайдо бўлса, мудофаа ҳам кучаяркан. Тўфа энди мудофаа қўрғонлари эшикларини бир-бир тақиллата бошлади. Улардан нажот, ёрдам кутди. Сурхондарё вилояти ҳокими билан учрашиш у ёқда турсин, қабулхонасига йўлатишмади. Энди у қўлига қалам олиб, ёзма равишда вилоят мутасадди ташкилотларига мурожаат қила бошлади. Мутасадди ташкилотлар эса унинг шикоятларини кўриб чиқиш учун яна Музработ тумани ҳокимиятига жўнатавердилар...

Сурхондарё вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасига қилган мурожаатлари омадли келдими, ҳар қалай шундан сўнг ниҳоят, туман ҳокимияти бу масалага аралашди. Қўлимда 2014 йил 6 январда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги 295-сонли Қарори ва вилоят ҳокимининг 2012 йил 20 октябрдаги 232-сонли ҳамда Музработ туман ҳокимининг 2012 йил 25 октябрдаги 327-сонли қарорларининг бажарилиши юзасидан «Юртим жамоли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудий комиссиясининг мажлис баёни:

Кун тартибида битта масала: «Юртим жамоли» маҳалла фуқаролар йиғини Жартепа қишлоғидаги янги ташкил этилган қабристонга ном бериш тўғрисида.

Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари, маҳалла фаоллари, маҳалла посбонлари, диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилардан иборат юздан ортиқ вакил қатнашган. Шунингдек, ҳудудий комиссия аъзолари, туман имом хатиби Б.Қосимов, ҳудуддаги 21, 51, 46-мактаблар директорлари, туман корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари, Ю.Гагарин ҚВП ходимлари, Халқобод ҚФЙ оқсоқоллари ҳам иштирок этганлар.

А. Одинаев – Халқобод ҚФЙ фаоли, оқсоқол.

– Мен Робия момонинг дафн маросимида қатнашганман. Маййитни янги қабристонга қўйиш тарафдори бўлганман. Бугун дарбандлик 141 фуқаро янги қабристонга «Биби Робия» номини беришни сўраб, мени вакил қилиб жўнатишди.

С. Нурмаҳматов – Ат-Термизий маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

– Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Биз Ўзбекистон фуқароларимиз. Маҳалладошларимдан 23 киши мени бу йиғилишга кузатаётиб, қабристонга момо номини бериш ҳам қарз, ҳам фарз, наинки, Робия момо янги қабристонга қўйилган биринчи маййит, ўн фарзандни дунёга келтириб, вояга етказган Қаҳрамон она. Йиғилиш қатнашчиларига илтимосимизни етказинг, дейишди.

Ж. Ёвқошдиев – «Юртим жамоли» маҳалласи оқсоқоли.

– Янги қабристонга жой ажратилганига қарамасдан шу пайтгача дарбандликлар илгаригидек ҳаётдан кўз юмган яқинларини Бойсунга олиб кетаверишди. Робия момо вафоти бу азоб-уқубатларга чек қўйди. Юқоридаги таклифларга қўшиламан.

 

Дилбар Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.