26.03.2019

ДЕПУТАТЛАР РАД ЭТИШ ҲУҚУҚИГА ЭГАМИ?..

Жорий йил 6 мартда матбуотда «Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун расман эълон қилинди. Шунга биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, 2 та конституциявий қонунга ва 4 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонун жорий йил 1 апрелдан кучга киради.

Қонунда иккита демократик тартиб-тамойил белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси аъзолари эндиликда Бош вазир тақдимига биноан Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Президент томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод қилинади. Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга ҳар чорак якунида Олий Мажлис палаталарига Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Ҳозиргача Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Бундан буён эса Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилади. Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини баён этади ва унга эришиш йўлларини асослайди. Шундан кейин муайян хулосага келинади.

Ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиши ва маъқулланиши халқ ҳокимиятчилигининг яққол ифодаси бўлиб, фуқаролар ижро ҳокимияти масъул лавозимларига номзодларнинг нечоғлиқ лойиқлиги, малакаси, шахсий ва касбий фазилатлари, истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар режасига баҳо бериш имкониятига эга бўлади.

Ҳукумат аъзосини маъқуллаши тимсолида депутатлар унинг келгусидаги фаолияти самарали кечиши учун масъулиятни тенг бўлишишларига тўғри келади. Шунинг учун ҳам депутатлар фақатгина маъқуллашгина эмас, номзодни рад қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, агар аввал парламент Бош вазир лавозимига номзодни тасдиқлаш ваколатини амалга ошириб, Ҳукумат фаолиятига умумий, яхлит баҳо берган бўлса, эндиликда Ҳукумат аъзолигига номзодни кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёнида ижро ҳокимиятининг ҳар бир тармоғи, соҳасига алоҳида-алоҳида тўхталиб, камчиликларни аниқлаш, танқидий таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади.

Янги демократик тартиб-таомил сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва аҳамияти ошишига ҳам хизмат қилади. Ҳар бир партия ўз сайловолди дастури ва платформасидан келиб чиқиб, номзодни қўмиталарда, фракция мажлисларида, палата ялпи мажлисида муҳокама қилиб, Ҳукуматнинг асосий йўналишларига таъсир қилиш имкониятига эга бўлади. Бу конституциявий ҳуқуқ назариясида дастлабки назорат, деб номланади. Яъни, шахс ҳали лавозимга киришидан аввал, ҳали у ёки бу ҳаракатни амалга оширмасдан олдин, унинг кўрсатилаётган лавозимга лойиқлиги, малакаси, тажрибаси, ишончлилиги, шахсий ва касбий фазилатлари баҳоланади

Бу жараёнда парламент қўмитасининг ўрни ҳам беқиёс. Чунки парламент қўмиталари тизими барча вазирликларни қамраб олади. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, вазирлик бор экан, унинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширадиган парламентнинг тармоқ қўмитаси ҳам мавжуд бўлади. Ялпи мажлисдан аввал асосий муҳокамалар, қаттиқ танқидлар, баҳс-мунозаралар одатда қўмиталарда кечади.

Эслатиб ўтиш жоизки, бундай тартиб ўтган асрнинг 90-йиллар бошларида ҳам мамлакатимизда бўлган, ўша вақтда айрим вазирлар ҳукумат аъзолигига тасдиқланолмагани, ўзининг келгусидаги режалари билан депутатларни ишонтира олмаганлигини мутахассислар яхши билишади.

Бундай тартиб дунёнинг кўпгина демократик давлатларида қўлланилади. Масалан, АҚШда Президент вазирларни Сенат маъқуллаганидан сўнг тайинласа, Францияда эса палаталарнинг ваколатли қўмиталарининг хулосаларидан сўнггина Президент лавозимга тайинлайди. Барча демократик давлатларда давлат бошлиғининг парламентга мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш Ҳукумат зиммасига юкланади. Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламентга тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши ҳам муҳим демократик таомил ҳисобланади.

Бош вазир томонидан ҳукумат аъзолари билан биргаликда парламентга ҳисобот тақдим этилиши белгилаб олинган режалар бажарилишини халқ вакиллари иштирокида танқидий таҳлил қилишга, қатъий тартиб-интизомни ўрнатишга, Ҳукумат аъзоларида шахсий жавобгарликни янада ошишига хизмат қилади. Албатта бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади.

 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти бошлиқ ўринбосари, юридик фанлар доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: