Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
26.03.2019

«МЕҲРИБОНЛИК» УЙЛАРИ КАМАЙИШИ КЕРАК»

Ҳар бир болага ота-она меҳри зарур

Фотомухбиримиз билан пойтахтимиздаги 22-сонли «Меҳрибонлик» уйи олдида кўришишга келишгандик. Белгиланган вақтда манзилга етиб бориш учун эртароқ йўлга отландим. Кўп қаватли ғиштли бинонинг олдига етганимда, бу ерда қайси ташкилот жойлашганига қизиқдим. Кўчадаги ободонлаштириш ходимидан сўраганимда, бу айнан мен қидираётган муассаса эканини айтди. Олдинлари ҳам мазкур бинонинг олдидан кўп ўтганман. Аммо жуда нуфузли, халқаро даражадаги ташкилотлардан бири жойлашган бўлса керак, деб ўйлардим.

Ҳамкасбим билан ичкарига йўл олганимизда қоровул бизни тўхтатиб, расм-русумга мос тарзда маъмуриятдан бир ходим келгач, ичкарига таклиф этди. «Меҳрибонлик» уйи директори, Ўзбекистон ХДП фаоли Шаҳрия Бердиевани эса янги қабул қилинган бола билан суҳбатлашаётганда учратдик.

— Ҳар сафар янги бола келганда, биринчи навбатда у билан яқин дўст бўлишга ҳаракат қиламан. Бола ҳар бир вазиятни ўзича таҳлил қилади. Янги жойга мослашиш жараёни қандай кутиб олинганига боғлиқ. Одатда тарбияланувчиларга муассасага кўникиб, ўртоқлар орттириши учун бир ҳафта етарли. Негаки, уларнинг аксарияти қийинчилик таъмини эрта тотган, ҳаётнинг оқу қорасини кўрган, тез улғайган бўлади. Атрофдагиларнинг унга қарашидан нима демоқчилигини билиб олади.

Ўрни келганда айтишим керак. Кўпчилик «Меҳрибонлик» уйи деганда кўз ўнгига чин етим, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни бир хонага қамаб, фақат мактабга боришига кўз-қулоқ бўладиган ташкилот келади. Истардимки, газетангизда чоп этиладиган мақоладан кейин юртдошларимизда янгича қараш шаклланса.

«Меҳрибонлик» уйи биноси 110 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2013 йилда қайта таъмирланган. Айни пайтда кеча келган бола билан ҳисоблаганимизда 107 нафар бола тарбияланмоқда. Шундан 24 нафари ихтисослаштирилган ҳарбий лицейларда ўқияпти. 26 нафар битирувчиларимиз нуфузли олий таълим даргоҳларида, 2 нафари эса магистратура босқичида таҳсил олмоқда.

Муассасамизни катта оилага ўхшатаман. Ҳар бир оила вакилининг ўз вазифаси бор. Қабулхона учун тозалик ходими штат бирлиги бор, холос. Қолган юмушларни болаларнинг ўзлари эплашади. Барча тарбияланувчиларга вояга етгунига қадар ҳаётда керак бўладиган ҳунарларни ўргатамиз.

«Меҳрибонлик» уйига директор бўлишдан олдин Халқ таълими вазирлиги таркибидаги шўъбада ишлаганман. Республика миқёсидаги кўплаб шундай муассасаларда бўлганман. Тажрибам менга иш жараёнида ҳам асқотди. Бу масканга биринчи келган вақтларимни эслайман. Нималардир қилишга, асосийси, болаларга катта ҳаётда қоқилмасликни, қоқилса-да, қайта туришни ўргатишга уриндик.

Тан олиш керак, олдинлари битирувчилар улғайгунига қадар масъулмиз, деган тушунча устун бўлган. Унинг кейинги тақдири иккинчи даражадаги масала ҳисобланган. Бугун эса бундай камчиликка йўл қўйиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши англаяпмиз. Шунинг учун муассасамизда пазандалик, тикувчилик, сартарошлик, спорт, мусиқа тўгараклари фаолият олиб боради. Болалар 128- ва 79- мактабларда ўқишади. Уларга ишонч билдирганмиз, ўзлари мактабга бориб-келади. «Эрудит» гуруҳимизга бориб кўринг, ўғил-қизларимиз исталган овқатни ошпазлардан кўра мазалироқ тайёрлайди.

Бир-икки йил олдин бир қизимиз ҳуқуқшунослик коллежига ўқишга кирди. Вазият тўғри келиб, ётоқхонада гуруҳдошлари билан ош қилишибди. Ҳеч ким бу вақтга қадар таомни мустақил тайёрламаган экан. Шунда бизнинг қизимиз дугоналарини меҳмон қилибди. Ўшанда ҳамма «Меҳрибонлик» уйларида овқат пиширишни ҳам ўргатадими, деб ҳайрон қолган экан.

Биласизми, орамизда ҳам ҳар хил инсонлар учрайди. Куни кеча бир отахон қабулимга келди. Мазкур Меҳрибонлик уйида тарбияланганини айтди. «Етим болаларга уй берилиши керак экан. Менга берилмаган-ку», дейди. Рости, кулишингни ҳам, куюнишингни ҳам билмайсан.

Ўтган йили Фарғонадаги «Меҳрибонлик» уйида содир бўлган, бутун мамлакатни ларзага келтирган нохуш воқеадан кейин менга қўнғироқ бўлди. Номини айтмайман, бир газетадан мухбир келиши ҳақида хабар қилишди. Бизнинг болалар шунақаки, кунига неча марта юзлашсангиз, шунча кучоқлаб кўришади. Бола-да, бағрингиздан итара олмайсиз. Бир марта қайтардингизми, тамом, кейин сиз билан масофа сақлаб муомалада бўлади. Буни келган мухбир нотўғри тушунибди. Келинг, шундай, дея қолайлик. «Бу театрни кимга кераги бор», дебди ходимамизга. Битта муассасада нохуш ҳолат юз берса, ҳамма жойда ҳам шундай бўлади, дегани эмаску?..

Айрим таклифларим ҳам бор. Васийлик ва ҳомийлик кенгашларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш керак. Уларнинг ишига натижага қараб баҳо бериш лозим. Шу вақтга қадар оилаларга олинган болалар сони жуда кам. Биласизми, «Меҳрибонлик» уйларидаги аксарият болаларнинг отаси ёки онаси тирик. Баъзилар шароитим етмаяпти, дея бир-икки йилга, деб боласини ташлаб кетади. Айтилган вақт ўтади. Афсуски, бола улғайгунча муассасада қолиб кетаётани ҳам бор гап.

Оилага тарбияга олинган бола учун тўланадиган нафақа миқдори 820 минг сўмни ташкил қиляпти. Бу кам сумма эмас. Буни одамларга тушунтирадиган фидойи ходим керак. Очиқ айтишга тўғри келади, иш юкламаси кўплиги, нотўғри тақсимлангани ҳисобига тизимда кадрлар қўнимсизлиги кўп учрамоқда. Ҳар бир боланинг ижтимоий келиб чиқишини ўрганиш зарур. Кеча келган бола ўнга киряпти. Ҳали ўқишни билмайди. Бошида жароҳат излари бор. Шундай бола битта, деб ўйлайсизми?..

«Меҳрибонлик» уйлари сонини камайтириш чоралари кўрилиши керак. Халқимиз азалдан меҳрибон халқ. Уруш йилларида миллионлаб бола «Меҳрибонлик» уйларида қолмаган. Бола асраб олиш учун ота-оналар навбатда турган.

Яқинда «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди. Унда «Меҳрибонлик» уйида тарбияланган болаларга имтиёзли кредит асосида уй берилиши ҳақида ҳам айтилган. Бошланғич тўлови тўлаб берилиши ҳам қарорда белгилангани жуда кўнгилдагидек иш бўлди. Етим болаларга тайёр уй беришга давлатнинг кучи ҳам, имконияти ҳам етади. Аммо ҳар бир инсон дунёга келдими, олдига мақсад қўйиб, унга эришиш учун ҳаракатда бўлиши шарт. Оила қураман, уйли-жойли бўламан, машина сотиб оламан, дея интилиши зарур. Шундай оилалар борки, уларда беш фарзанд вояга етяпти. Ота-онанинг ҳар бир боласига уй қуриб, тўй қилиб беришга шароити йўқ. Улар ҳам ўз кунини кўришяпти. Шартнома асосида ўқишга кириб, ҳам ишлаб, ҳам таълим оляпти. Ҳар бир инсон ёшлигидан ўзининг ҳаётини ўзи қуришни ўрганиши зарур.

«Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчисига муассасани тарк этаётганда белгиланган миқдорда пул маблағи берилади. Аммо кўп болалар уни тўғри сарфламайди. Мазкур масалада ҳам янгича ёндашув керак бўлади.

— Қарорга мувофиқ «Меҳрибонлик уйлари»да «ишонч телефонлари» ўрнатилиши бошланди. Кўп юртдошларимизда телефонлар ўрнатилгани билан болаларда ундан фойдаланиш имкони берилмайди, деган ўй ҳам бўлаётгани рост. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларида зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилиши, «Ишонч телефонлари» узлуксиз ишлаши, улардан тарбияланувчилар эркин фойдаланишини таъминлаши кераклиги ҳам қарорда келтирилган. Бу, албатта, бекорга бўлгани йўқ. Бутун республикадаги «Меҳрибонлик» уйларида ҳам ҳолат бир хил, деб айта олмаймиз. Аммо барчасига бюджетдан тенг миқдорда маблағ ажратилади. Эътибор ҳам бир хил. Айни вақтда бундай муассасалар ҳудудлари ва хоналари тўлиқ видеокузатув камералари билан жиҳозланиши бошланди. Бизнинг муассасамиз эса 2013 йилда таъмирланган вақтда бу йўлга қўйилганди. Кузатувларнинг бир ойлик архивларини сақлаб борамиз. «Ишонч телефонлари»ни «қулфлаб» қўйишга имкон ҳам, зарурат ҳам йўқ, деб ўйлайман. Бу тизим жуда самарали ишлайди, деган умиддаман.

...Суҳбат қизиган вақтда йўлакда болалар овози эшитилди. Безовталиги ошган Шаҳрия опа мактаб вақти бўлганини билдирди. «Сиз Севинч қизим билан суҳбатлашиб туринг», дея болалар ётоқхонаси томон йўл олди.

 

Севинч ХОДИЕВА, Хлебушкина номидаги 22-сонли «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчиси, Россияда ўтказилган «Ты супер» лойиҳасининг II босқичи ғолиби:

— «Меҳрибонлик» уйимиздаги мусиқа тўгарагига қатнашаман. Устозим Юрий Сергевич бизга ноталарни ўқишни, овоз созлашни ўргатган. Келажакда маҳоратли хонанда бўлишни орзу қиламан. Ҳозир рус, инглиз тилларини, дутор чалишни ўрганяпман.

Бир куни уйимизга оператор келиб, болаларни суратга ола бошлади. Мендан хиргойи қилиб беришимни сўради. Ижройим ёқди шекилли, танловда иштирок этишга таклиф қилишди. Россия Федерациясига бордик. Бизни илиқ кутиб олишди. Дўстларимни соғинганимни ҳисобга олмаганда ҳаммаси яхши бўлди.

 

Жаҳонгир ОЧИЛОВ, Хлебушкина номидаги 22-сонли «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчиси, футболчи «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби:

— Футболга қизиқаман. Аввалига машҳур футбол юлдузларининг ўйин услубини диққат билан ўргандим. Улар учун тўпни олиб қўйиш, чиройли ўйин кўрсатиш жуда мароқли эканини англадим. Футбол инсонда тез қарор чиқариш хислатини шакллантиради.

Ўтган йили биринчи маротаба «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Биз ҳам унда қатнашишга қарор қилдик, аммо ғолиб бўлиш имкони кам эди. Қисқа муддатда кучли тайёргарлик кўрдик. Ўйинчиларни саралаш жараёни ҳаққоний ўтгани, юрагини бериб ўйнайдиган болалар танлаб олингани ғалабанинг гарови бўлди, деб ўйлайман. Биз бу мусобақада ғалаба қозондик.

Орзуйим келажакда дунё тан оладиган футболчи бўлиш ва шунга астойдил ҳаракат қиламан. Жаҳоннинг энг машҳур футбол клубларида тўп суришни, истайман.

«Меҳрибонлик» уйини айланиб, болалар ётоқхонаси, ошхона, машғулотлар хонасини кўздан кечирдик. Муассасада яратилган шароитни кўриб, ҳайратландик. У ерда меҳрни ҳис этдик. Айни чоғда ҳар бир ўғил-қиз ўз оиласида вояга етишини ният қилдик.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.