19.03.2019

АХСИКЕНТ ТАРИХИ ТИЛГА КИРМОҚДА

Жорий йилнинг 28 февраль - 1 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ахсикент ёдгорлигига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида Ахсикентнинг ҳаққоний тарихини ўрганиш, мазкур ҳудудни туризм маконига айлантириш юзасидан ишлар кўлами кенгайди. Олимларимиз олдида ҳали ўрганилиши лозим бўлган қанчадан-қанча илмий манбалар, улкан ҳудудни эгаллаган археологик ёдгорлик турибди. Ахсикент тарихини ёзиш айни долзарб вазифадир. Бу вазифа ижросини таъминлаш учун илмий асосли манбалар етарлича бор.

Қадимшунос олимлар томонидан «Фарғона Афросиёби», дея таъриф берилиб, Ахси ёки Ахсикент номи билан аталувчи кўҳна шаҳар харобалари бугунги кунда Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд ва Гулқишлоқ қишлоқлари орасида, Сирдарёнинг шимолида дўнгтепаликлар кўринишида ястаниб ётибди. Мазкур Эски Ахси манзилгоҳи Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади.

Ўрта Осиё тарихига бағишланган қатор илмий манбаларда мозий Ахсикент нафақат Фарғона водийси, балки бутун Туркистон, жаҳон тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган шаҳарлардан экани хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилган.

Шаҳар тарихимизнинг кўп даврларида Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. Жумладан, милоддан аввалги, араблар кириб келаётган ва сомонийлар даврида ҳам водийнинг пойтахти бўлган. Темурийлардан эса Умаршайх мирзо (1456-1494 йй), шайбонийлардан Жонибек султонлар Ахсикентни пойтахт қилган.

Ахсикент юртимиздан етишиб чиққан, диний ва дунёвий илмлар соҳасида шуҳрат қозонган кўплаб алломаларнинг киндик қони тўкилган, муқаддас заминдир.

Тарихий манбаларда Ахсикентнинг 5 дарвозаси бўлгани қайд этилган. Булар: «Поп», «Косон», «Мардикуш», «Жомъе», «Роҳоба» дарвозалари.

Шаҳарда маъмурий бинолар, Арк, мудофаа миноралари, зарбхона, Жомъе масжиди, чиллахона, мадраса, ҳаммом, ерости сув иншооти, ҳовузлар, бозор, ҳунармандлар мавзеси (дурадгорлик-ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, шишасозлик, темирчилик, қандолатчилик, тўқимачилик ва ҳ.з.), аҳоли турар жойлари мавжуд бўлган. Шунингдек, шаҳар атрофи боғлардан иборат бўлган. Подшоҳлар, улуғ кишилар учун шаҳардан ташқарида Тошқўрғон мавзеида қабристон ҳам бўлган. Бу ерда XII асрга оид «Лангарбиби» зиёратгоҳи мавжуд.

«Ахси» топонимининг маъносини олимлар турлича талқин қилишади. Улардан энг ҳақиқатга яқини «Оқ сув» сўзи билан боғлиқлигидир. Яъни, Ўрта Осиёда оқ, қора, қизил, сариқ ранглар орқали ифодаланган жой ва дарё номлари кўплаб учрайди. Дарё ёки шаҳарга ном беришда аввало сўзнинг маъносини маҳаллий аҳоли тилидан қидириш лозим. Шу боис «Ахси» сўзининг соф туркий тилдан олинганлигига шубҳа йўқ. Ахсикент Норин ва Қорадарёнинг қўшилишидан ҳосил бўлган Сирдарё қирғоғида жойлашган бўлиб, Норин дарёсининг қадимги номи «Оқсув дарё» бўлган. Ўлкамизда булоқлардан бошланган дарёлар «Қорасув», тоғлардан бошланганлари эса «Оқсув» номи билан аталган. Шу боис шаҳарни «Оқсув бўйидаги шаҳар-Оқсувкент», деб аталиши гидронимик жиҳатдан тўғри бўлади. Кейинчалик халқ тилида «Оқсувкат», «Ахсикат» бўлиб кетган бўлиши мумкин. «Кат» сўзи қадимги туркий тилда қалъа, шаҳар маъноларини англатган. Шаҳар дастлаб Ахсикат, Ахси, деб аталган. XVI асрнинг иккинчи ярми XVII аср бошларидан бошлаб эса Ахсикент, деб атала бошланган. Чунки, йирик шаҳарларга «кент» ибораси қўшиб ишлатилган.

Тарихимизнинг турли даврларида пойтахт вазифасини ўтаган Ахсикентнинг энг кўҳна даврига доир маълумотларни асосан бизгача сақланиб қолган Хитой манбаларидан, шунингдек, бу ерда ўтказилган археологик қазишмалар натижалари асосидаги хулосалардан оламиз.

Шаҳарнинг Ислом дини кириб келганидан кейинги, яъни, ўрта асрлар даври тарихини ёритишда эса асосан араб, форс ҳамда туркий тилли манбалардан фойдаланамиз. Балазурий, Табарий, ал-Муқаддасий, Ёқут ал-Ҳамавий ибн Ҳавқал, ибн Ҳўрдодбеҳ, Истаҳрий, Сайид Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқосим Косоний, Абул Фазл Алломий, Хондамир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Муҳаммад Ҳайдар, Маҳмуд ибн Вали асарларида Ахсикентнинг географик жойлашув ўрни, ўлка ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги маълумотлар келтирилган.

Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар моддий – ашёвий далиллар ва энг кўҳна ёзма хитой манбаларига таянган ҳолда шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрларга тўғри келиши маълумотини берганлар. «Ажойиб ат-табоқот» асарида кўрсатилишича, шунингдек, Исҳоқхон Ибрат берган маълумотларга кўра, шаҳар 1030 ҳижрий, яъни 1621 милодий санадаги зилзила натижасида бутунлай вайронага айланган.

Ахсикентнинг археологик жиҳатдан ўрганилиши 1885 йилдан бошланган. Дастлаб, Петербург университетининг профессори, таниқли археолог ва шарқшунос Н.И.Веселовский иш олиб борди. 1913 йилда И.А.Кастанье томонидан навбатдаги қазишма ва тадқиқ ишлари ўтказилди. Айнан шу йили таниқли олим Исҳоқхон Ибрат ҳам Ахсикентда тадқиқот ишларини олиб борди. У ўзининг ушбу кузатувларини «Туркистон вилояти газити»нинг 1913 йилги сонларида эълон қилди. Мазкур газетадаги мақолаларида Ибрат Эски Ахси ёдгорлигининг харитасини ҳам берган эди. 1960 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Яҳё Ғуломов бошчилигида мутахассислар Ахсикентда археологик қазишма ишларини амалга оширдилар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари доктори А.Анорбоев Ахсикентда узоқ йиллар давомида илмий тадқиқот ва қазишма ишларини олиб бориши натижасида кўплаб илмий мақола ва рисолалар чоп этди. Олим Эски Ахси манзилгоҳи қадимги Хитой тарихий манбаларида кўрсатиб ўтилган Даван (Фарғона) давлатининг пойтахти бўлганлигини илмий жиҳатдан исботлаб берди.

Темурийлардан Умаршайх мирзо Ахсикентни ўз давлатининг пойтахтига айлантирган эди. Умаршайх мирзонинг уч нафар ўғли бўлиб, катта ўғил Бобурга Андижон ҳокимлигини, ўртанча ўғил Жаҳонгирга Ахси ҳокимлигини, кенжа ўғил Носир мирзога эса Косон ҳокимлигини берган эди.

Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Ахси ҳақида жуда кўп ўринларда тўхталиб ўтган. Умаршайх мирзо Ахсини пойтахт қилганлигини ёзади: «Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди. Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, «Мир Темурий» дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай, Бухоро қовуни машҳурдур. Самарқандни олғон маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтуруб бир мажлисда кестурдум, Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эрди».

Шунингдек, «Ахси қўрғони баланд, жар устида воқе бўлубтур, иморатлар жар ёқасида эрди. Ушбу тарихда душанба куни рамазон ойининг тўртида Умаршайх мирзо жардин кабутар ва кабутархона била учуб, шунқор бўлди. Ўттуз тўққуз ёшар эрди (1494 йил)», «Умаршайх мирзоға бу воқеа даст берганда мен Андижонда чаҳорбоғда эдим. Сешанба куни рамазон ойининг бешида бу хабар Андижонға келди. Изтироб била отланиб, қошимдағи навкар ва савдар била қўрғон азимати қилдим» каби фикрларни бериб ўтган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида Умаршайх мирзо пойтахт қилган Ахсини қуйидагича тасвирлайди: «...Сайҳун суйининг шимоли тарафидағи қасабалар: бир Axсидур. Китобларда Ахсикат битирлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққуз йиғоч йўлдур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайхун дарёси кўрғонининг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур. Хандақининг ўрнига амийқ жарлардур. Умаршайх мирзоким, муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур...».

Эътибор берилса, Бобур Ахси ва Ахсикатни бир қалъа сифатида эътироф этмоқда. Асириддиннинг Ахсикатда туғилганини, шу боис ҳам у Ахсикатий нисбасини олганлигини, отаси Умаршайх мирзо ҳам айнан шу ерни пойтахт қилганлигини ёзади. Маълумки, Асириддин Ахсикатий Абдулфазл Муҳаммад Тоҳир (1108/10, Ахсикат-1196/98, Озарбайжон, Ҳалхол шаҳри.) XII асрда яшаб ўтган машҳур шоирдир. Бобур бу ўринда Умаршайх мирзо, айнан Асириддин туғилган шаҳарни пойтахт қилганлигини айтмоқда. Бундан XII асрдаги мавжуд бўлган Ахсикат шаҳри билан XV асрдаги Ахси шаҳри битта шаҳар эканлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга Бобур тасвирлаган қалъанинг ўрни ҳам Эски Ахси манзилгоҳининг географик тузилишига жуда мос тушади. Айнан «Бобурнома»даги фикрларни тарихчи олим Маҳмуд ибн Вали ҳам ўз асарида тасдиқлаб, Асириддин шоир Ахсикатда туғилиб ўсганлигини ёзган эди.

Бобур 1502-1503 йиллар воқеаларини ёритар экан, Ахсида кўприк борлигини, кечаси унга қўриқчи қўйилмаганлиги туфайли, Аҳмад Танбал кўприкдан ўтиб Ахсига кириб келганлигини ёзган эди: «...Кўпрукка киши қўймоқ керак эди, кўпрукка ҳам киши қўймадук. Бетажрибаликдин мундоқ ўсаллар бўлди. Тонг бошида Танбал етти. Уч минг яроғлиқ киши била келиб кўпрукдин ўтуб аркка кирди. Менинг аслда кишим озроқ эди. Ахсиға киргач, яна баъзини қўрғонларга ва баъзини доруғалиқ ва тахсилға ҳар тараф-ҳар тараф йиборилиб эди. Менинг била Ахсида юздин кўпрак киши бўлғай эди». Шу куни Бобур мирзо ва унинг укаси Жаҳонгир мирзолар Ахсида Аҳмад Танбалнинг уч минг кишилик қўшини билан жанг қиладилар. Кучлар тенг бўлмагач, шаҳарни ташлаб чиқиб, Ахсикентнинг «Поп» дарвозасидан чиқиб, ғарбга Санг қишлоғига қараб чекинади.

Бобур Тошкентдан қайтаётганида Ахсига кириб отасининг мозорини тавоф қилганлигини, Ахсидин жума намози вақтида чиқиб, Банд Солур йўли орқали Андижонга шом ва хуфтон намозлари оралиғида етиб келганлигини, бу йўл тўққиз йиғочлик масофа эканлигини ёзган.

«Бобурнома»да 1499-1500 йиллар воқеалари ёритилар экан, яна бир карра Банд Солур йўли масаласига тўхтанилган. Шу даврда Аҳмад Танбал Тошкент хони Султон Маҳмудхондан мадад сўраб кишилар юборган эди. Хон ўғли Султон Муҳаммад Хоникани (Султоним номи билан машҳур бўлган-Т.Қ.) бек аткаси Аҳмадбек билан биргаликда 5-6 минг кишилик қўшин билан Косонни қамал қилиш учун Аҳмад Танбалга ёрдамга юборди. Улар Косонни қамал қилганлигининг хабари келган пайтда, Бобур Андижонда эди.

«...Андижондин Банд Солур йўли била Султоним била Аҳмадбекнинг устига отландук. Кечаси ҳеч ерда турмай, тун қотиб сабоҳи Ахсига туштук...». Шундан кейинги воқеалар ривожида Бобур Косон ҳимояси учун зудлик билан отланиб, йўлга тушганлигини, Навкандга етиб келгач, бу ерда Танбал ҳақидаги маълумотларга эга бўлганлигини ёзган.

Лекин Танбал бу фурсатда Архиён қалъасига кириб жойлашади. «...Тонглағача фурсатни ғанимат тутуб, кечасига ҳеч ерда тушмай бориб, Архиён қўрғониға кирдилар. Эртасига ғанимнинг устига юруб, топмай, сўнгича келиб, Архиён қўрғонини ёвуқ қабамоқнинг салоҳин топмай, бир шаръисида ғазнаи Намангонга тушулди. Ўттуз-қирқ кун биз бу юртта эдук. Танбал Архиён қўрғонида эди...». Архиён қалъаси ёнида Бобур ва Аҳмад танбал қўшинлари ўртасида қисқа муддатли жанг бўлади. Аҳмад Танбал Пешхорон (Чортоқ туманидаги Пешқўрғон қишлоғи-Т.Қ.) қўрғонига чекинади ва шу ерда сулҳга келишилади.

Бобурнинг Ахсикентга қарашли Архиён атрофида Шайбонийхон билан сўнгги жанги 1504 йил содир бўлган. Кучлар тенг бўлмаган ушбу жангда Бобур ва унинг иттифоқчилари енгилади. Шундан сўнг у Фарғонани бутунлай тарк қилиб, Кобул томон кетади.

Ахсикентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг махсус археологлар отряди 1960 йилнинг 14 майидан 20 июнигача тадқиқот ишларини олиб борадилар. Отряднинг илмий раҳбари профессор Я.Ғуломов бўлиб, аъзолари И.Ахроров, С.Раҳимовлар эди.

Ушбу экспедиция фаолиятининг натижалари тўғрисидаги хулосаларини И.Ахроров «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» журналидаги мақоласида баён этди. Унга кўра, Эски Ахси ёдгорлиги XVII асрдаги зилзила оқибатида вайронага айланган. Шунингдек, муаллиф Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида кўрсатиб ўтган Ахси қалъаси айнан бугунги кундаги Эски Ахси археологик ёдгорлиги эканлигини ҳам ёзган эди. Ахсикент шаҳрининг ўрта аср работ қисми эса XV асрдан эътиборан ундан 2 километр шарқда жойлашган Шаҳанд қишлоғига кўчганлигини, бу ерда XVI аср ва XVII асрнинг биринчи чорагига оид сопол буюмлари топилганлиги ҳақидаги маълумотларни берган эди. Айни бу фикрни Бобурнинг «Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур» ибораси тасдиқлашини ҳам келтириб ўтган эди.

ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, Ахсикент тарихида «Янги Ахси» ёки «темурийлар даври Ахсикенти» масаласи пайдо бўлди. Бу ғоянинг ижодкори ўша даврдаги Наманган ўлкашунослик музейи ходими Ю.Г.Чуланов эди. У ўзининг ушбу «илмий кашфиёти»ни «Советская археология» журналидаги «Городище Ахсыкет» мақоласи орқали эълон қилди. Ю.Г.Чуланов мақоласида Эски Ахси қўрғонидан 5-6 километр ғарброқда ҳозирги Ахси қишлоғи ўрнида Умаршайх мирзо даврида пойтахт бўлган Ахси қўрғони жойлашган эди, деган хулосага келган. Эски Ахсини у Ахсикент I, «Янги Ахси»ни эса Ахсикент II, деб номлайди.

Шу даврдан кейинги деярли барча тарихий асарларда Ю.Г.Чулановнинг фикрига таянган ҳолда, Ахсикентни мўғуллар томонидан вайрон этилганлиги-ю оқибатда темурийлар «Янги Ахси» шаҳрига асос солишга мажбур бўлганлиги ҳақидаги фикрлар такрорланаверган.

Ахсикентни бирламчи манбаларга асосланган ҳолда ўрганилиши, историографик таҳлил қилиниши натижасида мазкур масалага ҳам аниқлик киритилишига эҳтиёж сезилди.

Бирламчи манбаларнинг таҳлили шу нарсаларни кўрсатдики, бирон бир тарихий-илмий манбада Ахсикентни мўғуллар вайрон қилганлиги ҳақида маълумотлар берилмаган. Барча манбаларда шаҳар 1621 йилги зилзилада вайрон бўлганлиги ёзиб қолдирилган.

ХХ асрнинг 60 йилларигача бўлган тарихий тадқиқотлар таҳлилига назар солинганда, Ахси қишлоғи ўрнида темурийлар шаҳар барпо этганлиги масаласи ўртага ташланган бирон бир асар учрамади.

Ахсикентни XIX аср охири XX аср бошларида рус шарқшунос ва археолог олимларидан, академиклар А.Миддендорф ва В.В.Бартольд, профессорлардан Н.И.Веселовский ҳамда А.Н.Бернштам, тадқиқотчи-шарқшунослар И.А.Кастанье, В.Наливкин, Н.П.Остроумов, Н.Павлов ва бошқалар Ахси, Ахсикат ёки Ахсикент, деганда фақатгина битта макон – Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги жойлашган Эски Ахси ёдгорлигини назарда тутганлар.

Ёдгорлик ҳақидаги дастлабки маълумот «Туркестанские ведомости» газетасининг 1884 йил 12-сонида берилган. Шундан кейин 1885 йилнинг февраль ойида Россия императори ҳузуридаги Археология Комиссияси томонидан С.-Петербург университети профессори Н.И.Веселовский Ахсикентга келади ва қазишма ишларини олиб боради. Унинг тадқиқот хулосалари Императорлик Археология Комиссиясининг 1882-1888 йиллардаги фаолияти юзасидан берган ҳисоботида чоп этилди.

Археология ва география соҳасининг таниқли вакили И.А.Кастанье 1913 йилнинг апрель ҳамда июнь - июль ойларида Россия императори ҳузуридаги География жамиятининг Туркистон бўлими топшириғига кўра, Тошкент ва Наманган уъездларида тарихий-этнографик тадқиқотлар ўтказишга икки марта юборилган эди. У ўз тадқиқотлари натижаларини 1914 йил нашр эттирди. Тадқиқотчи қолдирган хабарлардан яна аҳамиятлиси, қазиш чоғида Ахсикентдан ҳаммом, мадраса, карвонсарой қолдиқлари топилганини ҳам таъкидлаб ўтганлигидир.

Исҳоқхон Ибрат Ахсикентни ўрганган, тадқиқ этган илк олимлардан. «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1913 йил 23 июнь № 48 сони, 7 июль № 52 сони, 11 июль № 53 сони, 18 июль № 55 сонларида Ахсикент ҳақидаги туркум мақолаларини эълон қилган. «Фарғона ўбластида қадимги замонларда пойтахт бўлиб турган Ахси ёки Ахсикат деган катта шаҳар бўлган.... Умар Шайх Мирзонинг қабри алҳол Ахсидадур... Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидан Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлиб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган экан...». Унинг ёзган мақолаларидан кўриниб турибдики, машҳур ахсикатийлар етишиб чиққан Ахси, темурийлар даври Ахсикенти, зилзилада вайрон бўлган Ахси – бу битта макон ҳозирги Эски Ахси ёдгорлигидир.

Ибрат домла Эски Ахсининг бузилган санаси 1030 ҳижрийда рўй берганлигини, яъни милодий ҳисоб билан 1621 йилда содир бўлганлигини ёзган. Бу айнан «Ажойиб ат-табоқот» асарида тасвирланган Ахси зилзиласи санасидир. Агар шаҳар мўғуллар томонидан вайрон этилган бўлганида араб ва форс тилларининг чуқур билимдони, мутафаккир олим буни ёзиб, эслатиб ўтган бўлар эди.

Ахсикентни мўғуллар томонидан босиб олинганлиги масаласига келсак, яна бир талай саволларга жавоб беришга тўғри келади. Мўғул қўшини Фарғона водийсини ёки Ахсикентни қачон босиб олган? Мўғул қўшинининг лашкарбошилари кимлар эди? Жанглар қаерда ва қачон бўлган? Шу даврда уларга қарши курашган Ахсикент, умуман Фарғона ҳукмдорлари ёки қўшин бошлиғи-лашкарбошилари кимлар эди? Энг асосийси, бу ҳақда қайси асарда ёзилган? Бу маълумот қайси ишончли манбадан олинмоқда? Ахсикент ва Фарғонанинг бошқа шаҳарлари мўғуллар босқини даврида вайрон этилган, дейишдан аввал юқоридаги саволларга жавоб беришга тўғри келади.

Табиийки, бу саволларнинг барчаси жавобсиз қолади. Умуман, мўғуллар босқини Фарғона водийсида қай даражада кечганлиги, улар Фарғонани қай тариқа босиб олганликлари масаласи алоҳида мавзу бўлганлиги боис, ушбу масалани кейинги тадқиқотларимизда бирламчи манбаларга таянган ҳолда баён этамиз.

Сўнгги пайтларда бир гуруҳ олимларимиз томонидан Ахсикент ҳамда Умаршайх мирзо ҳукмронлиги даври тарихини ўрганиш бўйича бир қатор мақола, рисолалар чоп этилди, анжуманлар ўтказилди, телекўрсатувлар тайёрланди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида» 831-ҳамда Наманган вилояти ҳокимининг 2017 йил 31 октябрдаги 761-қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарорлар асосида мажмуани сақлаш, унинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ташкил этилиб, унинг олдига Ахсикент тарихини ёритиш, мазкур ҳудудни халқаро туризм маконига айлантириш, Ахсикентдан етишиб чиққан олимлар ҳаёт-фаолиятини ўрганиш ва илмий-бадиий меросларини халққа етказиш, дунё музейлари, кутубхоналарида сақланаётган Ахсикентга оид осори-атиқаларни аниқлаш каби кенг кўламли вазифалар қўйилди.

Ҳозирда дирекция илмий ходимлари олдида масъулиятли масалалар турибди. Энг асосий саволлардан бири, Ахсикентнинг қачон ва қай тарзда вайронага айланганлиги масаласидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 28 февраль куни Ахсикент ёдгорлигига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида Ахсикентнинг ҳаққоний тарихини ўрганиш, мазкур ҳудудни туризм маконига айлантириш юзасидан ишлар кўлами кенгайди. Олимларимиз олдида ҳали ўрганилиши лозим бўлган қанчадан-қанча илмий манбалар, улкан ҳудудни эгаллаган археологик ёдгорлик турибди. Ахсикент тарихини етарли илмий манбалар асосида ёзиш айни долзарб вазифадир.

 

Тоҳиржон ҚОЗОҚОВ,

«Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори, тарих фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: