Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
19.03.2019

ТАЛАБАЛАР МЎЙНОҚНИ ЎРГАНАДИ

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани Бўзатов овул фуқаролар йиғини Шағрли овули ҳудудида Нукус давлат педагогика институти ва Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув-илмий полигони ташкил этилмоқда.

 

Университетимизнинг экология, биология ва тупроқшунослик йўналишидан 70-80 нафардан ортиқ талаба Орол муаммосини ўрганиш, денгизнинг қуриган ҳудудида дарахтзор барпо этиш ишларига ўз ҳиссамизни қўшайлик, деган ташаббус билан чиқишган эди, — дейди ЎзМУ биология факультети декани Тўхтасин Абдураҳмонов. Бугун Ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Мўйноқ тумани ҳокимияти билан келишган ҳолда экспедиция ишини бошлаб юбордик. У бир ҳафта давом этади. Экспедициямизнинг 36 нафар аъзосидан 6 нафари профессор-ўқитувчилардир.

Бу ерга келишдан аввал Мўйноқ тумани иқлим шароитини ўргандик ва ҳозирда кучсиз ўртача шўрланган тупроқларда ўса оладиган 8 турдаги манзарали, мевали дарахтларни ўтқазяпмиз. Насиб бўлса, улар икки-уч йилда ҳосил беришни бошлайди ва маҳаллий аҳолининг ушбу меваларга бўлган эҳтиёжини қондиради, деб ўйлаймиз. Шунингдек, бир гектар майдондан иборат ўқув илмий полигонида илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб борамиз. 2 нафар магистрга ҳамда 4 нафар бакалавр босқичида таълим олаётган талабамизга шу ернинг ўзида диплом иши юзасидан мавзулар берилади.

Бизга Оролнинг қуриган ҳудудидан ҳам бир гектар ўқув илмий полигони ажратилади ва унинг тупроғи, ўсимлиги, сувидан намуналар оламиз. Сўнгра лабораториямизда тупроқнинг физик, биологик, кимёвий хусусиятлари ўрганилади. Масалан, бир грамм тупроқда бир миллиондан кўп бактерия, бир неча миллиард актинамецитлар, яъни микроорганизмлар бўлади. Уларни тупроқнинг қуввати, унумдорлигини оширишдаги мотори, десак ҳам бўлади. Тупроққа тушаётган органик моддаларни мана шу микроорганизмлар парчалаб озуқа берувчи моддаларга айлантириб, тупроқнинг унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Таҳлилларга қараб мазкур ҳудудга қандай ўсимликлар экса бўлади, қанақа агротехнологик усулларни қўллаш керак, каби тавсиялар берамиз.

Бундан ташқари, Орол ҳудудида охирги йилларда тузли тўфонлар кўтариляпти. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, 70-75 миллион тонна чанг туз кўтарилиб, қўшни вилоятлар ва давлатлардаги суғориладиган унумдор ерларнинг ҳам ҳосилдорлигини пасайишига олиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур ҳудуддаги чангнинг, тузнинг таркиби ҳам лаборатория шароитида тўлиқ ўрганилиб, ўша ҳудудга мос бўлган ўсимлик турларини тавсия қиламиз.

Айни дамда бир талабамга тупроқ таркиби ўзгариши билан боғлиқ мавзуни беришни мўлжаллаб турибман. Албатта, буни Мўйноқдаги тупроқ иқлим шароитини тўлиқ ўрганганимиздан сўнг профессор-ўқитувчиларимиз билан муҳокама қилиб, тавсия қиламиз. Шу ернинг ўзида микробиология йўналишидаги талабаларимизга ҳам мавзу ажратиб берамиз. Яъни тупроқ иқлим шароитига қараб, тупроқдаги микроорганизмларнинг турлари ўзгариб боради. Мўйноқ туманининг деярли барча ҳудуди у ёки бу даражада шўрланган. Шўрланиш даражасига қараб, микроорганизларнинг турлари, сонлари ҳам ўзгариб боради. Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, калит нуқталарни танлаймизда, талабаларга мавзулар берилади. Улар шу ернинг ўзида илмий тадқиқот ишларини олиб боришади.

Бир ҳафталик дастуримизда Мўйноқ туманидаги мактабларга бориб, экологик таълим бўйича ҳам суҳбатлар ўтказиш назарда тутилган. Шунингдек, 500 гектардан ортиқ майдонга экилаётган саксовулзорларга бориб, ўша ердаги жараён билан талабаларни таништирамиз.

— Дастлабки кунда ҳудуд тўлиқ кўчатлар экиш учун тайёрланди, — дейди экспедиция ахборот хизмати раҳбари Равшан Омонов. — Жумладан, ҳудудни симметрик ўлчаш, жўяк олиш, чуқурчалар қазиш, тупроқ геоморфологиясини тадқиқ қилиш каби ишлар бажарилди.

Куннинг иккинчи ярмида эса арча ва узум кўчатлари экилди. Ёрдамга Нукус давлат педагогика институти талабалари келишди. Икки олий таълим муассасалари талабалари ҳашар баҳона дўстлашиб кетишди ва у дўстлик тадбирига айланди.

Жараёнга ёрдамлашиш ва ҳол-аҳвол сўраш учун Маҳмуд Мирзаев номидаги Мевачилик институти директори Йўлдош Саидназаров ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Аграр сектори раҳбари Зоҳид Зиёдуллаев келиб, ташаббус учун экспедиция иштирокчиларига ўз миннатдорлигини билдиришди.

Мевачилик институти директори Йўлдош Саидназаровнинг айтишича, эндиликда бу ишлар мунтазам давом эттирилиб, Миллий университет тажрибаси Мўйноқ туманида илғор технология сифатида жорий этишга киришилади.

Талабалар режалаштирилган ишларнинг асосий қисмини кун давомида бажариб якунига етказишди.

Жараён давом этмоқда.

 

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.