19.03.2019

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ

Президентимизнинг янги қарорида ўз ифодасини топган

«Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор билан танишар эканман, мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга ниҳоятда чуқур ёндашилаётганлигини яна бир бор ҳис қилдим. Чунки, қарорда аёлларнинг меҳнат ва пенсия соҳасидаги ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутлақо янги кафолатлар белгилаб берилган.

Ҳаммамиз биламиз, бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамасдан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиши учун тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Шу боисдан, мазкур қарор бугунги кун учун ниҳоятда долзарбдир.

Маълумотлардан маълумки, дунё аҳолисининг ярмини, ҳаттоки ундан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади. Аммо жамиятнинг билим, ихтисос, малака, талаб қиладиган соҳаларида уларнинг иштироки ниҳоятда кам. Шунингдек, ҳозирги кунда саводсиз аҳолининг учдан икки қисмини аёллар ташкил қилар экан. Мактабга жалб қилинмаган болаларнинг ҳам учдан икки қисми қизлардир. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан.

Бу мисолларни нимага келтираяпман? Чунки, қиёсий таҳлилгина бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Президентимиз томонидан имзоланган қарорга ана шундай таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак, унда хотин-қизлар ҳаёти билан боғлиқ, ҳали дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳал этилмаган бир қатор жиддий муаммоларнинг аниқ ечими ўз аксини топганини англаймиз.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади, аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади.

Шунингдек, бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили, икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Яна бир муҳим янгилик, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиш учун уларга кўмаклашиш мақсадида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилишидир.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳар йили аёлларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бу маблағ уларга имтиёзли кредит сифатида берилади. Мазкур маблағларнинг камида 50 фоизи қишлоқ жойларда яшаётган хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилади. Ўз навбатида, булар партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга оид вазифаларга ҳамоҳангдир.

Бундай имконият албатта ҳар бир аёлда меҳнатга, ўз тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ уйғотади. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди.

Мазкур қарор мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва тадбиркорлик қобилиятини рўёбга чиқариш борасидаги муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари.



DB query error.
Please try later.