19.03.2019

«ДЕПУТАТЛИК СЎРОВЛАРИГА МУНОСАБАТ ЎЗГАРГАНИ ЙЎҚ!»

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари вазирликлар мутасаддиларига шу масалада қаттиқ эътироз билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг сайлов округларида ўтказган учрашувларида кўтарилган масалалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вазирлик ва идоралар мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

 

Депутатлар жорий йил 26 февраль – 2 март кунлари сайлов округларида ўтказган учрашувлари эркин мулоқот, амалий натижаларга бой бўлди. Учрашувларда 550 га яқин масала кўтарилган бўлса, шуларнинг 180 тасини жойида ҳал этишга эришилди. Фуқароларни иш билан таъминлаш, банк кредитларини олиш, пенсия ва нафақалар тўлови, паспорт олиш каби масалалар шулар жумласидандир. 192 та масала туман-шаҳар миқёсида ҳал этилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, тегишли масъулларга кўрсатмалар берилди. Вилоят даражасидаги 70 дан зиёд масалани эса вилоят ҳокимликлари ва бошқа мутасаддилар билан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Кенгайтирилган йиғилишда республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган 80 масала вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа марказий ташкилотлар мутасаддилари билан атрофлича муҳокама этилди. Айниқса, депутатлар томонидан фуқаролар бандлигини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий нафақалар тайинлаш, ички йўлларни таъмирлаш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уй-жой, аҳоли турмуш тарзи билан боғлиқ бошқа қатор долзарб масалалар кўтарилаётгани қайд этилди. Умумий мазмундаги маълумотлар берилганидан кейин йиғилиш анча қизиб кетди.

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Тўғри, жойларда амалий ишлар қилинаётгани жуда яхши. Аммо ҳануз кўзбўямачилик, белгиланган вазифани муддатидан кечиктириш ҳолатларига, ёлғон ваъдаларга барҳам берилгани йўқ. Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Дашт қишлоғидаги ҚВП оптималлаштириш ҳисобига тугатилган. Бу эса аҳолига турли қийинчиликлар туғдирмоқда. Уларнинг мурожаатига кўра, вазирликка сўров юборгандик. Парламент сўровига патронаж ва тез тиббий ёрдам хизматлари кўрсатилаётгани ҳақида жавоб келди. Аммо жойига бориб ўрганилганда буларнинг ҳеч бири йўлга қўйилмаганини кўрдик. Парламент сўровига нотўғри ахборот берилган. 2018 йилда матбуотда эълон қилинган танқидий мақолалар, фикр-мулоҳазаларга нисбатан тушунтириш сўраб ёзилган хатимиз ҳам эътиборсиз қолдирилган.

Шунингдек, Қўқон шаҳридаги оилавий поликлиникаларда электрон рўйхат шакллантирилган бўлишига қарамай, улар тизимга уланмаган. Натижада оворагарчиликлар ҳамон давом этмоқда. Ёки жорий йил январь ойида Қўқон шаҳридаги «Мурувват» уйига борганимизда сув қувурлари, иншоотлари ишламаётганини кўрдик. Бу масалада Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ҳудуддаги раҳбарлар муаммони ҳал қилолмагани сабаб хат юбораётганимни тушунтириб, сўров юбордим. 12 февралдаги ушбу сўровга ҳали жавоб ололганим йўқ.

Таълим тизимида ҳамон қоғозбозлик, бюрократия давом этяпти. 8-сон мактабгача таълим муассасасига кирдик. Болаларнинг кийиниш хонасида йиллар давомида чироқ йўқ. Ёки 25-боғчада иссиқлик суви йўқ. «Аристон» бузилиб қолгани сабабли болалар қиш мавсумида совуқ сувдан фойдаланяпти. Аммо бу муаммолар ҳеч кимни қизиқтирмайди.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Вазирлик ва мутасадди идоралар раҳбарларининг кўзига қараб айтиш керакки, ҳали-ҳануз депутатларнинг сўровларига, мурожаатларига эътиборсизлик, беписандлик ва лоқайдлик давом этмоқда. Масалан, Жарқўрғон туманидаги тиббиёт бирлашмаси ҳудудий бўлими 2015 йилда капитал реконструкция бўлди. Маблағ етишмагани сабабли поликлиника, ошхона, кир ювиш хонаси чала қолиб кетди. Шундан бери вазирликка мурожаат қиламан, жавоб эса доим бир хил «белгиланган инвестиция дастури асосида амалга оширилади». Ўтган йилги сўровга Юсуф Алиев имзоси билан 2018-2019 йилларда инвестиция дастурига кўра амалга оширилади, деган жавоб келди.

Яна бир сўровга «Автойўл» қўмитасидан ҳам 5 йилдан буён бир хил мазмундаги жавоб келади. Сурхон-Шеробод, Жарқўрғон-Қизил йўлларини таъмирлаш билан боғлиқ сўров киритаман. Унга вилоят автомобиль йўллари бошқармаси раҳбарининг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсдан «белгиланган тартибда муаммо ҳал этилади», деган мазмунда жавоб келади.

Жойларга борганимизда фуқароларга ордер олишда ёрдам берамиз. Биргина мисол, кам таъминланган оила аъзоси амал-тақал қилиб, йўлкира топиб, пойтахтдаги республика онкология марказига даволанишга келади. Марказдагилар бир-икки ойдан кейин келишини айтади. Ахир бунга ўша шахснинг имкони йўқ-ку. Агар касаллиги хуруж қилган бўлса, у бир неча ой кута оладими?..

Бу каби муаммолар ҳар бир соҳада топилади. Гап унинг қанчалигида эмас, асосийси, муаммога мутасаддиларнинг муносабатида. Бизга сайловчилар дардини айтиб келса, вазирликларга сўров юборамиз. Илтимосимиз ҳам, талабимиз ҳам шуки, уларга эътиборлироқ бўлиш керак. Ҳеч бўлмаса, бир муаммо юзасидан аввалги берган жавобларингизни эслаб, қараб қўйинглар. Бир-бирига зид бўлган жавоблар билан халқимиз олдида бизнинг ҳам, сизнинг ҳам юзингиз шувут бўлиб қолмасин. Улар сизу бизга ишонмаса, суянмаса, кимга борсин, додини кимга айтсин?..

 

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бувайда туманидаги 5-сонли ўрта мактаб 1977 йилда қурилган. Охирги марта 2006 йилда таъмирланган. Мактаб ҳовлисида спорт зал учун майдон ковланган, бетон қуйилган, арматуралар чиқиб турибди. Бироқ 3 йилдан бери ҳолат шу бўйича ўзгармасдан қолмоқда. Болаларнинг тўплари чуқурга тушиб кетса, улар тушиб олиб чиқишга мажбур бўлмоқда.

3-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлганимизда бир ҳамшира аёл мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳамширалар ойлиги бир неча йиллардан буён оширилмай келмоқда. Боғчадаги ҳамширалар соғлиқни сақлаш тизимига кирмаслиги сабабли уларнинг ойлиги оширилмас экан. Таълим соҳасидаги ойлик иш ҳақининг оширилиши ҳам уларни четлаб ўтаркан. Ушбу масалада ҳам чора кўрилиши керак, деб ўйлайман.

Йиғилишда, шунингдек, бошқа турли масалаларда сўз юритилди. Жойларда тадбиркорларга бўлаётган сунъий тўсиқлар, соҳалар бўйича учраётган камчиликлар муҳокама қилинди. Парламент назоратининг барча шаклларидан самарали фойдаланиш муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга, мавжуд камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Якунда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.