19.03.2019

«ҲУМО АРЕНА» – ҲУРЛИК ВА БАХТ ТИМСОЛИ

ёки асрларга татигулик ноёб кошона

Ҳар бир мамлакатда катта-кичик бинолар, йўллар, кўприклар, шаҳарлар қурилади. Тўғри, бирида кўпроқ, бирида камроқ бўлиши мумкин. Аммо авлодлардан авлодларга буюк ёдгорлик бўлиб қоладиган, асрлардан-асрларга ўзини кўз-кўз қилиб ўтиб борадиган биноларни барпо этиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Унга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Бунинг учун куч-қудрат керак, журъат керак, хоҳиш-ирода керак. Ўз тарихимиз мисолида ўйлаб кўрайлик, не-не замонлардан, давронлардан кимлардан бизга ёдгорлик бўлиб умрбоқий бинолар қолди. Бу ҳақда ўйласак, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиздаги кўҳна кошоналар, дурдоналар ёдга тушади. Уларни кимлар бунёд этганини яхши биламиз, аммо ўзидан из қолдирмай ўтганлар ҳам йўқ эмас. Қуриш ўрнига борини ҳам асрай олмай вайрон қилганлар бўлгани ҳам аччиқ ҳақиқат.

Агар тарихга қараб хулоса чиқарадиган бўлсак, ўтган ҳукмдорларни уч тоифага бўлиш мумкин: бири қурган, бири бузган, яна бири эса қурмаган ҳам, бузмаган ҳам. Бизнинг халқимиз табиатида қуриш, яратиш устуворлиги боис, ўтган замонларда бунёдкорликлар нисбатан кўп бўлган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти бўй-басти билан намоён бўлди. Пойтахтимиз Тошкентдан Нукусгача, барча вилоятларда тарихий бунёдкорликлар амалга оширилганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бироқ кейинги икки йилда қандай хайрли, улуғ ва буюк бунёдкорликларга дадиллик, аниқроғи, жасорат билан киришилганига ҳам гувоҳмиз. Катта ишларни бошлаш учун аввало юрак керак бўлади, юртни обод қилишга катта иштиёқ керак бўлади. Қатъийлик, хоҳиш-ирода бўлмаса, киши тарихий ишларга ботина олмайди.

Пойтахтимиз Тошкентнинг қоқ марказида — Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишган чорраҳа ёнида бунёд этилган, барчамизга чексиз қувонч, фахр-ифтихор бағишлаган «Ҳумо арена» замонавий муз саройи ҳам халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, жасорати, маданиятга, спортга юксак муносабати тимсолидир. «Ҳумо арена» бизким, ХХI аср авлоди салоҳияти, маданияти, имкониятлари ҳақида келгуси авлодларга ҳикоя қилувчи кошоналардан бири бўлиб қолади. Шу пайтгача бу каби мураккаб ва мукаммал лойиҳали иншоот қурилмаган, десак, муболаға бўлмайди. ЎзА тарқатган ахборотда шундай маълумотлар келтирилган:

«Ҳумо арена» муз саройи дунёга машҳур ўндан ортиқ хорижий фирма ва компания билан ҳамкорликда барпо этилди.

Мажмуанинг концептуал лойиҳаси Жанубий Кореянинг «Heerim Architects & Planners» компанияси, том қисмининг лойиҳаси Австриянинг «Oberhofer Stahlbau» компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Умуман, иншоотни қуриш ва жиҳозлашда эса Германия, Буюк Британия, АҚШ, Испания, Италия, Бельгия, Франция, Финляндия, Россия каби мамлакатларда ишлаб чиқарилган техника ва технологиялардан фойдаланилган.

Иншоот икки қисмдан иборат бўлиб, унда асосий ва машқ муз ареналари жой олган. Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрдан иборат 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метр.

Мобиль ўриндиқлар билан жиҳозланган саройда хоккей ўйинларини 12 минг 500, бошқа спорт мусобақаларини 14 минг, турли концерт ва дам олиш дастурларини 10 минг томошабин кузатади. Дам олиш маскани ва ижтимоий марказ сифатида барпо этилган муз саройида турли тадбирлар ўтказиш мумкин. Хусусан, аренада халқаро хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо баҳсларини ўтказиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун барча шароит муҳайё».

Кўриниб турибдики, бундай иншоотни барпо этиш осон иш эмас. Катта маблағ, бунёдкорлик салоҳияти, иқтисодий қудрат, фидокорона меҳнатдан ташқари, юксак маданият керак, дунёқараш керак, бундай иншоот миллатга нима учун зарурлигини чуқур англаш керак. Буни англаган киши ушбу иншоотнинг аҳамияти, қадр-қиммати, нуфузи қанчалик баландлигини тушунади.

Бу кошонанинг «Ҳумо арена» деб номланишида ҳам катта маъно мазмун бор. Ҳумо — ҳурлик, ҳурлик — бахт-саодат. Демак, «Ҳумо арена» — хосиятли ном, эзгу ниятли ном, бу кошонага муносиб, ярашадиган ном.

Спорт ва маданият кошонаси бўлмиш «Ҳумо арена» Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, энг муҳими, соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади, серқуёш мамлакатимизда қишки спортнинг энг оммавий турлари — муз устида хоккей ва фигурали учишни оммалаштириш ҳамда ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Халқимизга кўпдан-кўп қувончли, бахтли воқеаларни, ғалабаларни ҳадя этади.

 

 Сафар ОСТОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: