12.03.2019

«АҚЛЛИ» ҲИСОБЛАГИЧЛАР

электр энергиясини тежашга ундайди. Пулини вақтида тўламасангиз, сиздан сўрамай чироқ ўчирилади

Миллий матбуот марказида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

— Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, — деди «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов. — Хусусан, мазкур ҳужжатга асосан 2021 йил якунигача 7 миллиондан ортиқ истеъмолчининг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгилаб берилган. «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Қўқон, Ангрен шаҳарлари «Toshelectroapparat» МЧЖ ХКнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, бугунгача Бухоро шаҳрида 42 минг, Жиззах шаҳрида 22 минг ҳамда Самарқанд шаҳрида 45 мингдан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Жорий йилда Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1 миллион дона ва 2020 йилнинг биринчи ярмида 400 минг дона замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган.

– Замонавий ҳисоблагичларнинг асосий қисмини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бермоқда, – деди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ҳузуридаги Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва мувофиқлаштириш (АСКУЭ) дирекцияси директори Ботир Алимов. – Ушбу «Toshelectroapparat» МЧЖ ХК томонидан етказиб берилган ҳисоблагичларнинг 53 097 донаси Қўқон шаҳрида ва 42 711 донаси эса Ангрен шаҳрида ўрнатилди. 2019-2020 йилларда Фарғона ва Тошкент вилоятларининг барча истеъмолчилари замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланиши кўзда тутилмоқда.

— Бугунги кунда мамлакатимизда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, уни тежаб ишлатиш, тармоққа янгиликларни жорий этиш муҳим вазифага айланди, — дейди жамиятнинг электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Даврон Тажиходжаев. — Жамият бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, юртимизда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этмоқда. Унга кўра, ҳар бир хонадонга акциядорлик жамияти ҳисобидан электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Авваллари ҳудудлар учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, «лимит» ажратилар эди. Янги тизимда эса барча маълумотлар аниқ кўриниб туради. Мазкур «ақлли» ҳисоблагичларнинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, у дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Энергия тўлови тўланмаган ҳолатда эса масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Яъни ҳозирги кунда барчамизга маълумки, мобиль телефонимизни пули тугаган заҳоти қўнғироқ қилиш имконияти бўлмай қолади. Худди шунингдек, эндиликда ушбу «ақлли» ҳисоблагичларнинг ҳам пули тугаган вақтда автоматик тарзда уйингизнинг чироғи учади. Яна бир эътиборли жиҳат – бу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади. Мазкур тизим мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган. Бу йил Тошкент шаҳрининг барча туманларида шундай замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилади. Ҳозирги кунда шаҳарнинг Юнусобод туманида ушбу тизим амалиётга татбиқ этилди.

Тадбир сўнгида «Ўзбекэнерго» АЖ «Обод қишлоқ» дастури ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани, жумладан, 2018 йили Жиззах вилоятининг Манас қўрғонида 1144 истеъмолчига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилгани тўғрисида ҳам ахборотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: