Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
12.03.2019

ИШЛАМАСДАН ҲАМ МАОШ ОЛСА БЎЛАДИ

ёки Самарқанддаги «129-автокорхона» МЧЖ таъсисчиси нимадан норози?

Самарқанд шаҳридаги «129-автокорхона» МЧЖ таъсисчиси Рустам Яҳияевдан таҳририятимизга келган шикоят хатида шундай дейилган:

«Кейинги йилларда корхонамиз атрофида ғалати воқеалар рўй бераяпти. Ғалати дейишимнинг сабаби, бир пайтлар корхонамизда ишлаб кетган, айрим кишилар ишламасдан туриб маош олгиси келиб қолди. Ажабланарлиси, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари ҳам бу иш ҳолати билан чуқур танишмасдан текин луқмани хоҳлаб қолганлар фойдасига қарор чиқаришган. Яна бир қизиқ томони, бу воқеалар қайта-қайта такрорланаяпти...».

Шикоят хатидаги эътирозларни ўрганиш мақсадида мазкур автокорхонада бўлдик. Аён бўлишича, иқтисодий қийинчилик туфайли автокорхона фаолияти тўхтатилган экан. Аммо айрим раҳбарлар унинг оёққа туришига ҳалига қадар умид боғлаб юришибди. Улардан бири корхона таъсисчиси Рустам Яҳияев бизни бу ердаги бугунги ҳолат билан таништирди.

Унинг айтишича, бугун «адолат» талаб қилаётган ҳайдовчилар йиллар давомида ўз вазифаларига масъулиятсизларча ёндошиб келишган. Улар жамият мулки бўлган автомашиналарни гаражда эмас, кўпинча ўз уйларида сақлашган. Автомашиналар мутахассислар томонидан текширилганда, улар яхшигина «операция» қилингани маълум бўлган, яъни қай бирининг эҳтиёт қисмлар эскисига алмаштирилган, қай бир эҳтиёт қисм ечиб олинган.

— 2013 йилда ишдан бўшатилган ана шу ҳайдовчилар бугунга келиб оппоғу, улардан меҳнат интизомига бўйсинишни талаб қилган биз жамиятимиз қоп-қора бўлиб қолди. Улар биздан «ҳақи»ни талаб қилишдан уялишмаяпти. Қонун ҳимоячилари эса ишни даъвогарлар фойдасига ҳал қилишяпти, — дейди таъсисчи.

Шу ўринда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг бу ишни қайта-қайта кўриб чиққанига эътибор қаратайлик: 2013 йилнинг 11 сентябрида Ўткир Асламов, 2015 йилнинг 25 мартида Шарафиддин Болиев, 2016 йилнинг 25 июлида Шерзод Тошпўлатов, 2016 йилнинг 24 октябрида Наврўз Баратов, 2019 йилнинг 29 январида Юлдуз Муҳаммадиева сингари судьялар ушбу иш бўйича ҳал қилув қарорлари чиқаришган. Даъвогарлар, яъни собиқ ҳайдовчилар эса шу йиллар мобайнида турли юқори маъмурий идораларга гуруҳ бўлиб шикоятлар йўллашган, даъво аризалар билан мурожаатлар қилишган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 29 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар Даврон Нурилоев, Изатилло Маҳмудов, Содиқ Қобилов, Аслам Солиев, Ғайрат Исоқов, Камол Акбаров, Ортиқ Исмоилов фойдасига 2016 йил август ойидан 2017 йил июль ойигача, Лутфилло Жунайдов фойдасига эса 2014 йилнинг январь ойидан 2018 йилнинг декабрь ойигача тўланадиган иш ҳақи ундирилиши кўрсатилган. Даъвонинг моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қисми рад этилган.

Автокорхона томонидан даъвогарлар Даврон Нурилоев, Изатилло Маҳмудов, Содиқ Қобилов ва бошқалар 2012 йилдан бери сабабсиз ишга чиқмай юрганлиги, ўзларига бириктирилган автомашиналарни шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб, уйларида бир йилдан ортиқ вақт мобайнида сақлаб келганликлари ҳақида огоҳлантирилади. Аммо бунинг фойдаси бўлмайди. Фақат ишга ички ишлар ходимлари аралашгач, улар автомашиналарни гаражга келтиришган.

Яна бир масалага эътиборни қаратайлик: Автокорхона фаолияти 2013 йилдан тўхтатилган. Корхона ҳисоб рақами ёпилган. Бундай ҳолатда табиийки, даъвогарлар даъвосига эътироз билдирувчи раҳбар бўлмаган. Суд томонидан эса даъволарни қаноатлантирувчи қарорлар қабул қилинган. Оқибатда суднинг ҳал қилув қарори асосида ижрочилар томонидан корхонага тегишли бир қатор техник жиҳатдан соз бўлган юк машиналари савдо биржаларида сотилиб, даъвогарларга иш ҳақлари ундирилиб берилган.

Суд ижрочилари томонидан корхонага тегишли автомашиналар, корхона тасарруфидаги ер майдони қанчага сотилгани ва унинг қанча қисми даъвогарларга иш ҳақи учун берилгани номаълум. Рустам Яҳиёев бу масалада мажбурий ижро бўлимига қайта-қайта мурожаат қилса-да, саволига жавоб ололмай сарсон бўлмоқда.

Аслида корхона солиқдан 2011 йилдан 2018 йилгача бўлган давр учун 205 миллион, иш ҳақидан 2013 йилгача 55 миллион сўм қарздор. Таъсисчининг фикрича, даъвогарларга эса суд томонидан кунбай шаклида иш ҳақи ундириб берилаётган экан. Аслида эса Низомга кўра, бу корхонада иш ҳақи ишбай шаклида тўланиши йўлга қўйилган.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан корхонага тегишли автомашиналар, бино-иншоотлар қиймати қайси масъул идоралар томонидан баҳолангани ҳам номаълум. Бу борада корхона таъсисчиси ёки масъул вакил иштироки таъминланмаган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан корхонага тегишли бўлган бино-иншоотлар 1 миллиард 200 миллион сўмга аукционда сотилган. Бу пулларнинг даъвогарларга берилганидан қолган қисми қаерга сарфланаётгани ҳам таъсисчини қизиқтиради. Аммо бунга жўяли жавоб йўқ.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2016 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар ишга тикланиб, иш ҳақлари ундирилиши кўрсатилган. Аслида Меҳнат кодексининг 270-моддасида ишга тиклаш учун бир ой муддат ичида мурожаат қилиш лозимлиги белгилаб қўйилган. 129-автокорхонанинг 2013 йилда ишдан бўшатилган ҳайдовчилари эса 4 йилдан кейин судга мурожаат қилишаяпти. Аммо фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ( судья Ш.Тошпўлатов) уларни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқараяпти. Яна ажабланарлиси, «129-автокорхона» МЧЖ томонидан 2013 йилдан буён судга мурожаат қилаётганларнинг асосли равишда ишдан бўшатилгани тўғрисидаги буйруқ нусхаларини ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилган бўлса-да, уларга аҳамият берилмаган. Биринчи босқич суди даъвогарларни орадан 4 йил ўтгач, ишга тикламоқда. Бу Меҳнат кодекси талабларининг қўпол равишда бузилиши эмасми? Мазкур кодекснинг 154-моддасида «Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт» деб кўрсатилган.

Аслида даъвогарлар 2012 йилдан буён сабабсиз равишда ишга чиқишмагани учун 2013 йилда ишдан бўшатилган. Корхона ўша йилдан бошлаб иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб, фаолиятини тўхтатган. Ана шундай шароитда даъвогарларни ёқлаб такрор-такрор ҳал қилув қарорлари чиқарилишини қандай тушуниш мумкин?

Меҳнат кодексининг 275-моддаси 3-қисмида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги, бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганлиги ёки ишдан ғайриқонуний равишда четлатилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимга ҳақ тўлаш тўғрисидаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш чоғида меҳнат низоларини кўрувчи орган томонидан ходимнинг пул ундиришга доир талаблари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади, деб кўрсатилган. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ушбу муҳим ҳужжат талабларини нега четлаб ўтаяпти?

Энг қизиғи, судлар томонидан 129-автокорхонадан прогул қилганликлари учун корхона собиқ ҳайдовчилари Д.Нурилоев, К.Акбаров, Ғ.Исоқов, О.Исмоилов, С.Қобилов, И.Маҳмудов ва А.Солиев 2013 йил 11 июнь кунидаги № 1-сонли буйруғи билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси талабларига (Ички меҳнат қоидалари тартибини бузганлиги, яъни, ишга сабабсиз чиқмаганликлари учун) асосан ишдан бўшатилган бўлса-да, бу ҳақдаги буйруқнинг қонунийлиги муҳокама қилинмасдан, уларга иш ҳақларини ундириш ҳақида қарорлар қабул қилган.

Корхонада ўтказилган 2015 йил 15 майдаги аудит хулосасида кўрсатилишича, даъвогарлардан К.Акбаров 2011 йилда бор-йўғи 73 кун, 2012 йилда 43 кун ишда бўлган. Даъвогарлардан яна бири А.Солиевнинг 2011 йилда иш кунлари 65 кунни, 2012 йилда эса 33 кунни ташкил қилар экан. Даъвогар Д.Нурилоев эса 2011 йилда 74 кун, 2012 йилда 44 кун ишлаган. Уларнинг барчаси корхонадан анча миқдорда қарздор.

Қолган йиллар давомида уларнинг бирортаси бир кун ҳам ишга чиқмаган. Даъвогарлар –Ғ.Исоқов, И.Маҳмудов, С.Қобилов, О.Исмоилов, Л.Жунайдовлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Бугун ишламаган кунлари учун ҳақ ундирилишига даъвогарлик қилаётганлардан бири – Л.Жунайдов 2012 йилнинг 2 июлидан меҳнат таътилига чиққандан сўнг корхонага қайтиб келмаган.

Автокорхона директори Э.Галустян 2015 йил 25 августда ўз хохиши билан ишдан бўшаган. Аммо суд қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида суд ижрочилари талаби бўйича у 2017 йилнинг 5 июлида даъвогарларни ишга тиклаб, кейин эса уларни ўз аризаларига кўра, ишдан бўшаши тўғрисидаги буйруққа имзо чекиб, муҳр босиб беришга мажбур қилинган. Ҳужжатлар саналарини текшириб бунга иқрор бўлиш мумкин.

Энди ўйлаб кўрайлик. Икки йил аввал ишдан бўшаб кетган корхона раҳбарининг буйруғини қонуний деб бўладими? Бундай қонун бузилишларига йўл қўйиш кимга керак бўлиб қолди? Аслида бу каби номақбул ишлардан кимлар манфаатдор?

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 375-моддасида «Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланмаган деб, суд аниқланган деб ҳисобланган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг иш ҳолатига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ нормаларининг ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги суд ҳужжатини апелляция, кассация ва назорат тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлади» деб кўрсатилган.

МЧЖ таъсисчиси Рустам Яҳияев ваколатли идоралар томонидан ФПКнинг ушбу моддасига асосан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 29 январдаги ҳал қилув қарорини бутунлай бекор қилиш лозим деб ҳисоблайди.

— Катта умидлар билан адвокат ёллагандим. Лекин судда унинг асосли фикрларига, эътирозларига қулоқ солинмади, дейди Рустам Яҳияев. Ҳаттоки, суд мажлиси процессида суд мажлисини олиб борувчи судья, судья ёрдамчиси ва томонлар таништирилмади. Ишда иштирок этувчилардан саволлар бор-йўқлиги сўралмади. Суд мажлисида фақатгина Даврон Нурилоев даъво мазмуни бўйича қисқагина сўроқ қилинди, холос. Раислик қилувчи томонлардан исботловчи ҳужжатлар бор-йўқлигини сўрамади. Яна бир ажабланарли ҳолат: раислик этувчи судья кейинги суд мажлисида прокурор қатнашади, деб танаффус эълон қилди. Аммо прокурор келмади. Суд томонидан даъвогарларнинг манфаатини кўзлаб ҳал қилув қарори ўқилди. Бизнинг эътирозимизга эътибор ҳам берилмади.

Самарқанд шаҳар судининг 2016 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво аризасини рад этиш тўғрисида Самарқанд шаҳар прокурори протести ҳам инобатга олинмади. Самарқандда шундай гаплар. Яқин йилларда аҳил бўлган, ишчи-хизматчилари элу юртга наф келтирган, қанчадан-қанча одамларни иш билан таъминлаган меҳнат жамоаси бугун таназзул сари юз тутди. Лекин уни қайта тиклашга уринаётганлар бор. Афсуски, йўқ жойдан нимадир ундириш пайида бўлганлар, уларни қўллаб-қувватловчилар корхона қаддини тиклаб олишига йўл қўймаяпти. Рустам Яҳияев шундан норози. Эҳтимол, унинг дардини тинглаб, муаммони адолатли ҳал этадиган идора топилар, эҳтимол ёпиғлик қозон қопқоғини кўтариб кўришни истамаётганлар бўлар. Ёки «ҳаммаси тўғри ҳал этилган, эътирозга ўрин йўқ», деб жавоб ёзадиганлар чиқар. Бу ўринда фақат виждон, инсоф ва албатта қонун ҳакамлик қила олади.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: