Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
12.03.2019

ҒАЛАБА ОВОЗИ ЁКИ ЎҒЛИ ДУНЁНИ АНГЛАШИ УЧУН ҲАЁТИНИ БАҒИШЛАГАН ОНА ҲИКОЯСИ

Қийналиб қолганини айтиб, ҳар хил идоралар эшиги олдида дод-вой қилиб, кўз ёш тўкишни, бўлди-бўлмадига ёрдам сўрайверишни одатга айлантираётган кишилар ҳам йўқ эмас. Лекин турмуш қийинчиликларини сабр ва сабот билан енгиб ўтаётган юртдошларимиз кўп. Яна шундай болалар борки, уларнинг қаноати, иродаси одамларни қойил қолдиради.

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Хонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яхши инсонлар, истеъдодли болалар кўп экан.

Марсель Шоюсупов 12 ёшда. У болалигидан эшитмайди. 102-сонли заиф эшитувчилар махсус мактаб-интернатининг 6-«б» синфида ўқийди (унинг онаси албатта «б» синфида эканини ёзишим кераклигини таъкидлади). Мана, 3 йилдан ошибдики, профессионал шахмат билан шуғулланади.

— Тўғриси, ҳаётда бахтли тасодифлар бўлади, дейишса, заррача ишонмасдим. Бироқ ана шундай унутилмас воқеа ўғлимнинг, бизнинг тақдиримизни ўзгартириб юборди, — дейди Марселнинг онаси Нейля Шоюсупова. — У 2016 йили Исроилда бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди. Табиийки, эшита олмайдиган спортчилар орасида қатнашди. Бизни хурсанд қилгани энг ёш иштирокчи сифатида эътироф этилди, кўпчилик шахмат усталарининг назарига тушди ва махсус кубок билан тақдирланди. Ўша пайтдаги ички ҳаяжон ва хурсандчилигимни сўз билан ифодалаб ҳам, асло унутиб ҳам бўлмайди. Умид қиламизки, 2020 йилда бўлиб ўтадиган чемпионатда иштирок этамиз ва ғолибликни қўлга киритамиз. Бунинг учун тинимсиз шуғулланиш, меҳнат қилиш талаб этилади. Айни пайтда фарзандим биринчи тоифадаги шахматчи саналади ва барча турнирларда қатнашиб келади.

2018 йилда яна бир бурилиш рўй берди. Ёз ойлари жуда қийин, тинимсиз меҳнатда ўтди. Яъни, республика бўйлаб гран-при турнирига саралаш мусобақаси ташкил этилди. Унда Марсель иштирок этди ва ғолиб бўлди. Эътибор қилинг, бу натижа ўғлимга соғлом болалар ўртасида ўйнаш имконини берди. Бугунги кунда у юртимизда соғлом болалар ўртасидаги ягона эшитмайдиган шахматчи саналади. Турли мусобақа ва турнирларда иштирок этади. Аксарият ҳолларда соғлом болалар билан беллашганда рақиби унинг эшита олмаслигини билмайди ҳам.

Фарзандимни ёлғиз ўзим катта қиляпман. Унинг акаси бор, 22 ёшда, талаба — ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Ўзини-ўзи таъминлаяпти. Аммо баъзида жуда қийналиб, дардимни айтишга одам тополмай қоламан. Умуман, ногиронлик нафақасига яшаймиз. Ишлаш учун имконим йўқ. Сабаби, Марсель каби болаларга алоҳида эътибор, ғамхўрлик ва албатта, меҳнат, назорат зарур. Нафақа пулини озиқ-овқатга, йўлкирага, коммунал тўловларга учма-уч етказиш, ҳамиша иқтисод қилишга, тежашга тўғри келади.

Ўғлим билан имо-ишора орқали гаплашамиз, аммо сўзларни ҳам ўргатяпман. Ногиронлиги бўлган, айниқса, эшита олмайдиган боланинг дунёқараши у қадар кенг бўлмайди. Ўрганиш, тушуниш учун имкони йўқ. Мен эса боламнинг бошқалардан ортда қолишини истамайман. Дунёни танитишга, уни англатишга бор вақтимни, умримни бағишлашга тайёрман.

Компьютерда акаси билан шахмат ўйнаб кўришидан кейин Марсель ушбу спорт турига қизиқиб қолганини сездим. Аммо мен ўғлим шахматчи бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасдим. Кўп ўйладим. Уни бирор-бир машғулот билан банд қилиш, бошқалардан кам бўлмаслиги, бошқалардан ажралиб қолмаслиги ҳақида бош қотирдим. Жисмоний имконияти чекланган футболчилар борлиги ҳақида хабар топдим. Сузиш спорт турига бериш ҳақида ўйладим. Аммо моддий жиҳатдан буларга имконим йўқ эди. Шунда ҳам умид қилишдан, изланишдан тўхтамадим...

2015 йил кузининг дастлабки кунлари эди. Ўғлим билан ҳар куни 131-автобусда Олимпия захиралари спорт мактаби ёнидан ўтардик. Марсель автобус ойналаридан ташқарига қараб, хаёл суриб кетарди. Бир куни имо-ишоралар орқали «мен ҳам ана шундай медаль хоҳлайман», деб суратдаги чемпионларни кўрсатди. «Албатта, ўғлим, сенда ҳам медаллар бўлади, бир эмас, бир нечтаси бўлади», дедиму кўз ёшларимни кўриб қолмаслиги учун тескари қараб олдим. У эса: «Қанақасига? Ахир мен эшитмайман-ку!», деди. Бу саволларга жавоб беролмадим... Онанинг оҳларини Яратган албатта ижобат этар экан. Орадан қанчадир вақт ўтиб, яқин бир танишимнинг тавсиясига кўра, шахмат бўйича мураббийга бордик. Тақдирни қарангки, у ҳам ўғлим каби эшитмас экан. Бир йил шуғуллангач, халқаро шаҳмат академиясига умумий тартибда соғлом болалар билан бир қаторда кириш имтиҳонларини топширди ва у ерда ўқиш бахтига муяссар бўлди. Марсель жуда тиришқоқ. Олдига қўйган мақсадига эришиш учун астойдил интилади. Буни ўғлим бўлгани учун айтмаяпман. Ундаги ирода, тиришқоқлик мени ҳам руҳлантиради. Фарзандимга ўргатиб, фарзандимдан ўрганиб яшаб келяпман.

Ҳаётимдан нолимайман, ўғлимнинг келажаги, тўла-тўкис ҳаёти учун қўлимдан келганини қиламан. Фақат, биласизми, спортда ҳомийлар масаласи муҳим экан. Агар тиргак бўлмаса, халқаро мусобақаларда иштирок этишнинг имкони йўқ. Марселни Магнус Карлсон каби шахматчилар қаторида дунё таниса, дейман...

Қаҳрамонимизнинг онаси билан яна узоқ гаплашдик. Кўриниши ҳам табиатига уйғун аёлнинг кўзлари ёшга тўлса-да, ҳаяжонини яшира олмас, бир деразадан ташқарига, бир фарзандига қараб гапирарди. Унинг ўз қисматидан нолимаслиги, ёрдамга муҳтожлигидан ийманиши сўзларидан сезилиб турди. Авваллари ҳеч кимга қалбини очмагани, дардини бўлишишдан истиҳола қилаётганини билдирди. Суҳбатимизни томоша қилиб ўтирган ўғлига унинг мазмунини тушунтириб боришга ҳам улгурарди. Онаси ёрдамида Марселга саволлар билан мурожаат қилдик...

— Шахмат ўйнаганимда ўзимни ҳамма болалар қатори ҳис қиламан, — деди Марсель. — Агар рақибим ютқазиб қўйса, унга ачинаман. Мағлубият эса юрагимни эзади. Ўйинда ҳам, ҳаётда ҳам ютқазувчилар бўлмаслигини истардим. Лекин бунинг имкони йўқ, биламан... Кимдир ёрдам сўраса, қўлимдан келганча ёрдам бераман. Бошқаларнинг ташвиши мени ҳам ташвишга солади. Устозим берган вазифаларни бажаришга доим қаттиқ ҳаракат қиламан. Чунки бу менинг бурчим, деб биламан.

Шахматдан ташқари, футбол ва сузишга қизиқаман. Ёзда футбол ўйнаб тураман. Мураббийнинг ёрдамисиз сузишни ҳам ўрганиб олганман. Буларнинг ҳаммасида онамнинг меҳнати катта. Яна математика, география фанлари ёқади. Турли мусобақларга борганда хориж мамлакатларини яхши билишим учун уларни ўрганиб бораман. Орзуим Англияга бориш. Чунки у ерда карлар ўртасида шахмат бўйича халқаро федерация президенти Филип Гарднер яшайди. Албатта, бир эмас, бир неча марта Олимпияда ва жаҳон чемпиони бўлишни истайман. Чиройли, шинам, қулай уйим бўлса... Муҳими, онам ҳамиша ёнимда бўлсин, асло йиғламасин...

Мақоламиз қаҳрамони билан узоқ ва мароқли суҳбатдан сўнг бизни кутиб турган бошқа болалар билан танишдик. Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Моҳира Абдуваҳобова билан телефон орқали гаплашганимизда бошқача келишган бўлишимизга қарамай, тиниб-тинчимас депутат ўз округидаги бир неча иқтидорли болаларни чақирган экан. Улардан бири Нозима Валиева эди.

— Ёшим 9 да. 3-синфда ўқийман, — деди у. — Оилада кенжа фарзандман. Опам ва акам бор. 4 ёшимдан бериш шахмат билан шуғулланиб келаман. Халқаро ва республика чемпионатларида қатнашганман, совринли ўринларни олганман. Доим ғолиблик сари интиламан. Бир хатойим — ютқизиб қўйганимда, тушкунликка тушиб қоламан, бунақа пайтларда менга фақат онам ёрдам бера олади.

Ўзини Зарина Ўтаева, деб таништирган қизча ҳам оиланинг кенжаси экан. Фақат у спортга эмас, санъатга, мусиқага ошуфта экан. Кичкина бармоқчалари билан пианино клавишларини биринчи бор чалиб кўрганида атиги 6 ёшда бўлган қизалоқ ҳозирга қадар бир неча хориж мамлакатларида бўлишга ҳам улгурибди.

Сергелига уюштирилган сафаримиз ташкилотчиси депутат Моҳира Абдуваҳобова ўз фаолияти ҳақида гапиришни истамади. «Яхшиси, маҳалламиз раиси билан гаплашинг. У киши катта ҳаётий тажрибага эга», деди.

— Маҳалламизда 6100 нафар аҳоли яшайди, — деди «Хонобод» МФЙ раиси Достон Соуров. — Уларнинг орасида мана шу болалар каби иқтидорлилари кўп. Бизнинг вазифамиз уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, қўлимиздан келганча кўмаклашишдан иборат, деб биламан...

Маҳалла раиси яна бошқа кўплаб мавзуларда гапирди. Бироқ улар бошқа мақолаларга асос бўлиши мумкин.

Мақолага охирги нуқтани қандай қўйиш ҳақида ўйланиб қолдим. Ҳар куни онаси билан махсус мактабга қатнайдиган Марсель 131-автобус деразасидан қараб, нималар ҳақида хаёл суриши, овозсиз дунёни қандай тушунишини билиш жуда қийин. Лекин унинг ишлари, ютуқлари ҳавасимизни уйғотди. Бир мурғак қалбнинг эришганлари жасорат, ҳаётга бўлган муҳаббати чинакам ғалабадир. Сергели тумани қурувчилар даҳаси 3-уй 64-хонадонда ана ўша ғалабанинг овозини ҳамиша эшитиш, ҳис қилиш мумкин.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: