12.03.2019

ЙИҒИЛИШДАН СЎНГ МУАММОЛАР ҲАЛ БЎЛАДИМИ?..

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси парламентда суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш масаласини кўтарди

Сув, электр энергияси ва суюлтирилган газ каби муҳим воситаларсиз бир кунни ўтказиш жуда қийин. Уларнинг ҳаётдаги, жамият равнақидаги аҳамияти ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Сувсиз ҳаёт бўлмаганидек, электр энергияси ва суюлтирилган газсиз тараққиёт ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳудудларида муаммолар камайиши, иқтисодиёти юксалишини истаган мамлакат ҳеч нарсага қарамай ана шу воситалар таъминотини кафолатлашга уринади.

Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши, электр энергияси билан боғлиқ узилишлар бора-бора барҳам топиши ҳақидаги хушхабар юртдошларимизни хурсанд эта бошлади. Гарчи табиий шароит мураккаб бўлса-да, республикамизда сув таъминотини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу икки тармоқдаги лойиҳалар катта маблағ ва ресурс талаб қилади. Аммо аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳал этиб бўлмайдиган муаммолар яратадиган тармоқ ҳисобланмайди. Шундай экан, мамлакатда бу йўналишда ишлар қандай кетяпти? Аввалги йилларга нисбатан ўзгариш, ўсиш борми?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси шу каби муҳим ва ўткир саволларга жавоб олиш ташаббуси билан чиқди.

Қуйи палатадаги «Ҳукумат соати»га «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги масала киритилди.

Шу ҳақда ахборот бериш ҳамда депутатлар саволларига атрофлича жавоб олиш учун қуйи палатага Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев таклиф этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги «Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори жойларда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бирини ҳал этишга қаратилган.

Вазир ўз ахборотида таъкидлаганидек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби ҳамда аҳоли учун белгиланган нархлар бўйича истеъмол қилувчи ижтимоий соҳа объектлари рўйхати тасдиқланган. Бу борада ҳозирги кунга қадар қатор ишлар амалга оширилган.

Айни пайтда республика бўйича жами 3,3 миллионта суюлтирилган газ абоненти бўлиб, газ таъминоти корхоналари томонидан жами 3,4 миллион дона маиший газ баллонлари етказиб берилган.

Бундан ташқари, аҳолининг шахсий 1,1 миллион дона газ баллони бор. Яъни, абонентлар сонига нисбатан таъминланганлик даражаси 137 фоизни ташкил этади.

Қолаверса, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 2,1 миллионта ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

2019 йилда суюлтирилган газ манбалари ва тақсимоти балансига кўра, жорий йилда 806,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, шундан 474,7 тоннаси ёки ўтган йилга нисбатан 60,7 минг тонна кўпроғи аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун етказиб берилиши белгиланган.

 Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорида суюлтирилган газ асосан аҳолининг ўсиб бораётган маиший эҳтиёжларини қоплаш учун йўналтирилиши белгиланганини инобатга олиб, суюлтирилган газни биржада сотиш миқдори йилдан йилга камайтирилиб борилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, соҳада амалга оширилаётган ибратли ишлар талайгина.

Аммо айни йўналишда Ҳукумат даражасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, ҳудудларда аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ етказиб беришда кўплаб камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда.

Депутатлар вазирга бу борадаги масалалар, аҳолини қийнаб келаётган аниқ муаммолар хусусида саволлар билан мурожаат этди. Айниқса, парламент вакилларининг эътирозига сабаб бўлган масала – табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, газ баллонлари стандартлари ва уларнинг тўлови билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўралди.

Ушбу масаланинг парламентда ўтказиладиган «Ҳукумат соати»да эшитилиши бежиз эмас. Олий Мажлис қуйи палатаси вакилларининг сайловчилар билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари давомида келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида муаммолар юзага келаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йил январь ва февраль ойининг охирги ҳафтасида сайлов округларида ўтказилган учрашувлар давомида депутатлар томонидан ушбу масала ўрганилганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қанча камчиликлар аниқланди.

Масалан, аҳоли кўтараётган муаммоларга кўра, 20 килограммли маиший газ баллонларига кўп ҳолларда меъёрдагидан кам қуйилаётгани истеъмолчиларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ёки газ олиш учун келган аҳоли вакилларининг банк пластик картаси орқали тўловни амалга ошира олмаслиги ноқулайлик келтириб чиқараётганига доир фактлар ҳам бор.

Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарар экан, бундай салбий ҳолатлар учраб турганини, бу масалада вазирлик томонидан жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди.

Ўз навбатида, вазир бу борада бажарилиши керак бўлган ишлар, назорат қилувчи ва бошқа мутасаддилар масъулиятини янада ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

«Ҳукумат соати» доирасида берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан парламент қуйи палатасига қўшимча равишда маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Йиғилиш якунида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ишлари юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди...

Парламентда ўтказилган, муҳим масалага бағишланган «Ҳукумат соати» ҳақидаги маълумотларнинг қисқача тафсилоти мана шу. Ахборот қабул қилинди, савол-жавоблар бўлди, муайян қарор ҳам чиқарилди, йиғилиш ниҳоясига етди.

Энди натижа қандай бўлади? Мамлакатнинг олис ва турмуш шароити осон бўлмаган ҳудудида қора ўчоқ ёқаётган аёллар, оналарнинг оғири эртага енгиллашадими, йўқми, буни албатта вақт кўрсатади. Эҳтимол буни аниқ билиш учун яна бир йиғилиш ўтказишга тўғри келар...

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахбороти асосида

Тўлқин Тўрахонов тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: