12.03.2019

«ФАН ОЛАМИДА ЯККАЮ ЯГОНА ХАЗИНА БУ БЕРУНИЙДИР»

ДИҚҚАТ, ЯНГИ РУКН: «БИЗНИНГ БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗ»

Жаҳон фани тамаддунида шарафли ўринга эга буюк ватандошимиз Абу Райҳон Беруний билан беллаша оладиган алломалар бармоқ билан санарли. Улуғ олим беҳудага жаҳон фани ривожига ҳисса қўшган «кучли юзлик»да биринчи ўнликка киритилмаган.

Абу Райҳон Беруний мероси ҳақида дунёнинг машҳур олимлари кўплаб эътирофлар битишган.

Қуръони Каримни рус тилига таржима қилган рус академиги Ю.Ю.Крачковский (1883-1951) «Абу Райҳон» («Райҳоннинг отаси» ёки «райҳонли киши») ҳақида аниқ бир фикр тўхтамга келиш қийин. Бу атоқли от маъносини англатиши эҳтимолдан узоқ, аммо «райҳонли киши» маъносида лақаб бўлиб келган бўлса керак. Беруний болалик чоғидаёқ ботаникага қизиққани учун шундай лақаб берилган бўлиши ҳам мумкин», дея буюк мутафаккирнинг исми, шарифи тўғрисидаги тахминини ҳали ўтган аср ўрталарида илгари сурганди.

Тан олиш керак, буюк аллома Берунийнинг кўпгина илмий мероси, дунё фанига, тамаддунига қўшган ҳиссаси эътироф этилган бўлса-да, исмининг маъноси бўйича аниқ бир тўхтам йўқ... Абдулкарим ас-Самъоний «Китоб ал-ансоб» асарида: «Беруний деган нисба Хоразмнинг ташқари қисмига оиддир. Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни «фалончи беруний» дейдилар. Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир» дея ёзиб ўтганди.

Бу фикрга мантиқли эътироз шуки, ўша вақтда шаҳардан ташқарида туғилган борки, шундай номланган бўлса, Берунийлар қанча бўларди?!

Бундан ташқари, «райҳон» сўзи арабчада «раҳмат», «ризқ» маъноларини англатади, шу нуқтаи назардан Абу Райҳон «марҳаматли», «раҳмдил» деган мазмунни ҳам англатади, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Тарихчи Ал-Балозурий (вафоти милодий 892 йил) ўзининг «Китоб ул-фуруф» («Фатҳлар китоби») асарида қадимги Хоразм уч қисмдан таркиб топиб, эски шаҳар (Хоразм), Қаъла (Фил) ва Катдан иборат бўлганини ёзган. Шаҳарнинг сўнгги қисми Катни Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарлари сингари работ деб атаймиз; яъни шаҳар чеккаси, шаҳарнинг девордан ташқари ва Балозурий эслатганидек, сувли ҳандақ ичкарисидаги қисми. Ана шу қаъла девори билан сувли ҳандақ оралиғидаги шаҳар қисмини маҳаллий халқ «берун» дея атаган. Яъни, ташқи шаҳар. Берунийдек буюк аллома мана шундай шаҳарда дунёга келган. Аниқроғи, у Хоразмнинг эски шаҳар қисмида туғилган. Шаҳарнинг қолган икки қисми Аму-Оксга яқинроқ жойлашгани учун уларни сув ювиб кетган.

Ўз нисбасини тўлиқ ҳолда Муҳаммад ибн Аҳмад Абу-ар-Райҳон ал-Беруний ал-Хоразмий дея номлаган зот Хоразмнинг ўша вақтдаги қадимий пойтахти Кат шаҳрида ҳижрий 362 йил, милодий 973 йилда туғилади. Маълумки, Кат Х асрда Хоразмшоҳлар-африғийлар сулоласининг пойтахти, шарқнинг савдо, маданий марказларидан бири бўлиб, Шарқий Европа, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Хитой давлатларидан келиб кетадиган савдогарлар учун чорраҳа вазифасини ўтар, бу азим шаҳарда астрономия, геодезия, математика, география билан шуғулланувчи маҳаллий олимлар, суриялик, румлик фан вакиллари ҳам яшаб, фаолият юритар эдилар.

Яъни, Берунийнинг болалик ва ёшлиги айнан ана шундай фан сирларини эгаллаш учун имкон бор даврга тўғри келди.Аммо ўша вақтда туғилган банда борки,Беруний даражасига етолмадики, бу ҳам яратганнинг Абу Райҳонга қилган иноятидандир.

У болалигидан, айниқса, тилларни ўрганишга интилиб, араб, форс, сўғдий, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини ўзлаштирди. «Мен болалик чоғимданоқ ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга чанқоқ эдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган жойга ўшанда бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб олиб, номини ёзиб қўяр эдим», дея ёзганди аллома.

Араб тилини ўрганиш нисбатан машаққатроқ эди. Аммо Беруний буни ўзидек илмга тиришқоқ инсонлар учун эмас, авомлар учун қийин кечганини таъкидлайди: «Араб ёзувининг катта нуқсони — унда шаклан бир-бирига ўхшаш ҳарфларнинг мавжудлигидир. Бу ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун зеру забарлар ва флексия (сўз ўзагидаги товушларнинг алмашинуви орқали янги сўз ва грамматик формаларнинг ясалиши) белгилари қўйилади. Агар булар олиб ташланса, сўз маъноси бузилиб қолади». Вақт ўтиб, Беруний Ҳиндистонда яшаб санскрит тилиниям ўрганиш имконига эга бўлди.

Алломанинг ёшлигидан илм билан машғул бўлгани тўғрисида устози Ибн Ироқ ўз асарида ёзиб, Беруний 994-995 йиллари Кат шаҳрида муҳим астрономик тажрибалар ўтказиб борганини таъкидлаган. Бунинг учун Беруний астрономик асбоблар ихтиро қилган.

«Дарёларнинг доим денгизга қуйилиши унинг сувига таъсир кўрсатмаганидек, амал ва лаззат ҳақиқий илм олувчига таъсир кўрсата олмаслиги керак». Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ҳазратлари бу сўзлари билан илм дарёсида эркин суза оладиган киши кучли тўлқинларга дуч келишига қарамай, ўз мақсадига барибир етажагига ишора қилган эди...

Табиийки, Берунийдек даҳо яшаган давр (973-1048 йиллар) кескин ижтимоий тўқнашувлар, қонли урушлар замони эди. Болалиги ва камолот даври Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, яъни икки империя — қорахонийлар ва ғазнавийларнинг кучайиш ҳамда йиқилиш даврларига тўғри келганди. Шунингдек, Хоразмда Африғ хонадонининг ҳалокати ва қисқа вақт ичида гуллаган, лекин Маҳмуд Ғазнавий ҳужуми билан яксон қилинган давлатни кўрди. Кексайган пайтларида эса ўғуз салжуқийларининг янги кучли салтанат ташкил этишига гувоҳ бўлди.

Ана шундай долғали, шариат пешволарининг ҳар томонлама тазйиқи палак отган бир даврда ҳам улуғ олим илму фан билан шуғулланишни канда қилмади. Гоҳида золимлар зулмидан қочса, баъзида Маъмундек саховатли ҳукмдор, ибн Ироқдек устозлар, ан-Найсобурийдек маслакдош олимлар ардоғида бўлди.

Маълумки, 994-995 йиллари Ўрта Осиёда муҳим сиёсий ўзгаришлар бўлиб, Қорахонийлар Сомонийлар давлатига қарши ҳужумга ўтади. Натижада Хоразмдаям давлат тўнтариши бўлиб, Кат Урганч амири Маъмун I томонидан забт қилинади. Шу билан шаҳарда ҳукмдорлик этаётган африғийлар сулоласи тугатилади. Вазиятнинг ўзгариши амир хизматида бўлган Берунийнинг ҳаётини таҳликага қолдиради ва у 22 ёшида ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Бир муддат Каспий денгизининг жануби шарқидаги Журжонда, кейин Теҳрон ёнидаги Рай шаҳрида мусофирликда азият чекиб яшашга мажбур бўлади.

Аммо аллома қийинчиликларга қарамай, асарлар ёзишда давом этаверди. У «Осор ал-боқия» асарида Рай шаҳрилик бир киши астрономияга доир масалада баҳслашгани ҳақида сўзлаб, у киши илмда Берунийдан анча паст турса ҳам, ўзини олимдан юқори тутиб, ҳатто унга оғир гапларни айтганидан азият чекиб ёзганди: Ваҳоланки, орамизда фақат бойлик ортиқчалиги ва мақтовларни ёмонликларга, фахрларни айбларга айлантирувчи камбағаллик бор эди, холос. Чунки, мен у вақтда ҳамма томондан қийинчиликларга учраб, паришонҳол эдим».

Шундан кейин у Журжонга қайтиб, машҳур табиб, астроном ва файласуф ал-Масиҳий билан танишиб, ундан сабоқ олади. Ўша вақтда Берунийнинг бахтига Хоразм ва Каспийолди вилоятларида зиёрийлар сулоласи (928-1042) га мансуб Қобус ибн Вашмгир олимни ўз ҳимоясига олади ва унга шароитлар яратиб беради.Ҳаттоки, Берунийга вазирлик лавозимини таклиф этади, аммо аллома амалдорликдан илм билан шуғулланишни афзал кўради.

1010 йилга келиб Хоразмда осойишталик ўрнатилади ва Беруний Маъмун соний томонидан Урганчга таклиф этилиб, унга катта ҳурмат кўрсатилади. Натижада Беруний бошқа олимлар билан айнан шу даврда тарихда кейинчалик Маъмун академияси дея ном олган, ўз вақтида эса «Дорул ҳикма» деб аталган фан масканига раҳбарлик қилади. Кўплаб фан вакилларини бу даргоҳга жалб этиш орқали инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшилган асарлар, ихтиролар юзага келишига сабаб бўлади.

Афсуски, бундай оламшумул фаолиятига 1017 йилдаги нотинчликлар чек қўяди.Чунки, Моваруннаҳрда қорахонийлар давлати барпо қилинади. Хуросон ва Афғонистонда эса Маҳмуд Ғазнавий (998-1030) ўз ҳукмдорлигини ўрнатади. Қорахонийлар ва Ғазнавийлар ўртасидаги сулҳга кўра, Амударё улар давлатининг чегараси қилиб олинади. Натижада Хоразм Ғазнавийларга қарам бўлиб қолади. Маҳмуд Ғазнавий Хоразм саройидаги олимларни Ғазнага олиб кетмоқчи бўлади, аммо Беруний ва унинг шогирди Абдусамад Аввал бунга қаршилик билдиришади. Гап-сўзи рад этилмай келинган Ғазнавий бундан қаҳрланиб, аллома ва шогирдини қатл этишга фармон беради. Шукрки, Ғазнавийнинг фан ва илмли инсон қадрига етадиган вазири Хўжа Ҳасан ўртага тушиб, олимлар ҳаётини сақлаб қолади. Аммо ноиложликдан олимлар Ғазнага боришга мажбур бўлишади.

Шу тахлит Берунийнинг кейинги 31 йиллик ҳаёти ватанидан узоқда — Ғазнада кечди. Тўғри, у ўша ерда туриб ҳам ноёб асарлар ярата олди. Ҳаттоки, ҳукмдор билан Ҳиндистонга қилинган юришда ҳамроҳлик қилди. Ўша давлатнинг шимолидаги Нандиа қалъасида яшаб, у ерда ер шари айланасини ҳисоблаш мақсадида ўлчаш ишлари ўтказди. Ҳинд олимлари билан мубоҳасалар олиб борди. Натижада тажрибалари, кузатувлари асосида «Ҳиндистон» каби дунёга машҳур асар яратди. Ушбу асар ёзиб тугатилаётган йили Маҳмуд Ғазнавий вафот этиб, тахтга ўғли Масъуд чиқди. Шукрки, янги ҳукмдор астрономия ва бошқа фанларга қизиқарди. Шу боис, у Берунийга инъом, ҳадялар туфҳа қилиб, ижоди учун имкониятлар яратиб берди. Алломадан араб тилини чуқур ўрганиб олди.

Беруний ҳазратлари эзгу мақсад сари интилган киши бир куни орзусига етади, чунки тинмай тақиллатавериладиган эшик бир пайт келиб очилади, деган амалга риоя қилганди.

Берунийнинг 70 та астрономия, 20 та математика, 4 та картография, 3 та метерология, 3 та минералогия, 1 та физика, 1 та фармокология, 15 та тарих ва этнография, 4 та фалсафа, 18 та адабиётга доир асарларидан бугунги кунда ҳам бутун дунё олимлари фойдаланишмоқда. X-XI асрларда ақидапарастлар, золимлар зулми, турли тўқнашув ва зиддиятлар авж олган пайтда бундай кенг қамровли, қомусий илмлар билан шуғулланишнинг ўзи Берунийнинг даҳолигидан нишонадир.

...Ривоят қилишларича, бир куни Хоразм шоҳи Маъмун отда олимнинг ҳужраси остонасига келиб, уни йўқлайди. Аммо Беруний ҳадеганда ташқарига чиқавермайди. Шунда сабри чидамаган шоҳ от жиловини тўғри ҳужра томонга буриб, уловдан энди тушмоқчи бўлиб турганида, олим ҳужрадан чиқади ва узр сўрайди. Шунда ҳукмдор:

— Эга бўлинадиган нарсаларнинг энг шарафлиси илмдир, барча илмга интиладир. Лекин илм унга келмайди. Дунёвий расмиятчилик бўлмаганида эди, мен сени йўқламас эдим. Илм ҳар нарсадан юқори. Илмни чақирган билан, буюрган билан келмайди. Илмга ўзинг талпинишинг, илм олдида ҳар қандай жилвакор оту эгардан пастга тушишинг керак, — дейди.

Бундан хулоса шуки, Беруний бобомизнинг илму салоҳияти олдида ҳукмдорлар ҳам «отдан тушган эди». Зеро, аллома ўз давригача биринчи бўлиб ҳамма жисмлар ерга тортилишини, ер айлана эканини ҳамда табиат холис бўлиб, ўз қонуни бўйича ўзгариб туришини айтганди.

Шунингдек, аждодимиз география фанини ривожлантириб, ўзининг «денгизлар назарияси»ни яратди. У Птолемей қоидасини инкор қилиб, Африка жануб томондан океан билан ўралган, деб қаттиқ ишонади. Бундан ташқари, у зот дунёда биринчи бўлиб сферик география тасвирини — Ер глобусини яратди. Ўрта Осиё халқларининг географик жойлашуви, Болтиқбўйи ва Шимолий Муз океанига яқин мамлакатлар ва халқлар ҳақида ишончли маълумотлар тўплади. Биринчи бўлиб Ер шарининг тузилмавий харитасини яратди.

У шоҳ Маъмун саройидаги «Дорул Ҳикма» да ҳам, кейинчалик Ғазнавий ёнида сафардош бўлиб, Ҳиндистонга борганидаям илм сари талпинди. Ҳиндистон ҳақида илмий маълумотларга эга бўлиш мақсадида қадимги ҳиндларнинг адабий тили бўлган санскрит тилини ўрганишга, умуман, Ҳиндистон мавзуси билан машғул бўлишга умрининг 20 йилини сарфлади.

Берунийнинг илм ила ёритган ақл машъали инсоният ҳаётини абадул-абад ёритиб туради. Жамият тараққиёти нуқул илм билан боғлиқ экан, немис олими Э.Захау таърифлаганидек, «фан оламида яккаю ягона хазина бу Берунийдир».

Ан-Наҳавийнинг «Ас-Сутур» асарида фақиҳ ал-Валволийжийнинг шундай ҳикоясини келтириб ўтган: Унга кўра бир куни у Берунийнинг Ғазнадаги уйига кириб қарасаки, у жон бераётган, ғарғара билан нафас олиб, кўкраги сиқилаётган эди. Ўшандай ҳолатда туриб ҳам аллома Валволижийга қараб:

— Сен менга «ал-жаддот ал-фосида» ҳисоби-меросларни нотўғри бўлиши ҳақида айтганларингни такрорлаб бер, — дея сўрайди.

Валволижий унинг қийналаётган ҳолига раҳми келиб:

— Шундай ҳолатда-я? — дея жавоб беради ўзини ноқулай ҳис қилиб.

— Эй Валволижий, — дейди шунда Беруний, — мен бу дунё билан хайрлашаётибман, ўша масалани билмай кетганимдан, билиб кетганим яхшироқ эмасми? — дейди.

Валволижий ноиложликдан у масалани такрорлаб айтади. Беруний эса ундан эшитганларини ёдлаб олади ва ўзи ҳам ваъда берган нарсасини меҳмонига ўргатади. Шу билан Валволижий алломанинг ёнида ноқулай аҳволда ўтирмай дея, у билан хайрлашиб чиқиб кетади. Валволижий кўчага чиқиши билан Берунийнинг уйидан йиғи овози эшитилади — аллома вафот этганди.

Тақдири азал сабаб, шу тариқа Хоразмда туғилган аллома Ғазнада вафот этиб, ўша ерга дафн этилади. Беруний қабрининг бош қисмига яшил туғли таёқ санчилган бўлиб, туғ учига ялтироқ тунукадан ясалган балиқ овланадиган санчқини эслатувчи беш панжа маҳкамланган. Панжалар гўёки «бу дунёдан икки қўлинг бўш кетади» деган насиҳатни эслатиб туради. Ҳа, бу насиҳат ҳаммага таниш. Аммо Ғазнадаги ушбу қабрда ётган инсондан бу дунёда кўплаб инсоният тараққиётига хизмат қилган асарлар ёдгор бўлиб қолди.

Бир пайтлари Ғазнавийлар сулоласи даврида гуллаб-яшнаган шаҳар ҳозирда ғариб бир масканга айланиб қолган. Тарихдан аёнки, Ғазна тўғрисидаги дастлабки маълумотлар VII асрга оид манбалардан маълум. X-XI асрларда Ғазнавийлар давлатининг пойтахти бўлган ушбу шаҳар Шарқнинг савдо, илму фан гуллаб-яшнаган маркази даражасига етган. «Бобурнома»да муаллиф ёзганидек, «Яна бир Ғазна вилоятидир. Сабуктагин бирла Султон Маҳмуднинг ва авлодининг пойтахти Ғазна экандур. Қобул узумидан Ғазна узуми яхшироқ бўлур. Қовуни ҳам Қобул қовунидан ортуқроқдур. Олмаси ҳам яхши бўлур. Экини бисёр пурмашаққатдур. Ҳар миқдор ерким, экарлар, юзига тамом янги туфроқ ҳар йил киюурлар... Ғазнанинг оқ кийиги ва қулони бўлур. Ғазнанинг оқ кийигича семиз кийик кам ерда бўлғай...».

Айнан Ғазнага Бобур Мирзо таърифини келтирганимиздан мақсад, Беруний ҳазратларининг сўнгги 31 йиллик умри ана шу шаҳарда кечган ва юқорида келтирганимиздек, қабри ҳам ўша маскандадир..

 

Умид БЕКМУҲАММАД,

Урганч давлат университети ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: