05.03.2019

ИҚТИСОДИЁТИМИЗ ЧУҚУР ТАҲЛИЛ ВА МАРКЕТИНГГА МУҲТОЖ

Тан олиш керак, узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда инвестицион фаолиятнинг таҳлилига ва шундан келиб чиқиб, унинг самарадорлигига деярли эътибор берилмаган. Мисол учун, 2010-2016 йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида ўзлаштирилган инвестициялар кўлами жуда ҳам кенг бўлса-да, аммо улар иқтисодий ўсишда ўз аксини деярли топмаган, табиий газ, енгил автомобиллар ва автобуслар, тракторлар, нефть ва бошқа стратегик аҳамиятга эга маҳсулотларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,5-2,5 бараваргача камайган.

Сир эмас, узоқ йиллар давомида биз деҳқончасига йўл тутиб келдик – жалб этилаётган инвестициялар қанча кўп бўлса, шунча яхши, қабилида. Аммо четдан жалб этиладиган инвестицияларнинг ёқимсиз бир талаби бор – муайян вақт ўтганидан кейин уларнинг ҳисоб-китоби бўлади.

Иқтисодчиларимиз бу жараён билан боғлиқ эски дунёқарашдан воз кечишни хоҳламаётган бир шароитда холис иқтисодчилар бошқача таклифлар билан чиқишлари табиий. Бундай ёндашув вужудга келиши мумкин бўлган янги ва яна ҳам мураккаб номутаносибликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Агар иқтисодий фаолият аниқ ҳисоб-китобларга асосланган бўлса, унинг самарадорлиги шунчалик юқори даражада бўлади ва буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Мисол учун, мамлакатимиз ЯИМни қўшимча яна бир фоизга кўпайтирмоқчи бўлсак, солиштирма нархларда бу 2,2 миллиард долларни ташкил этади. Ишлаб чиқариш ресурсларининг эркин ҳаракатланишига хизмат қиладиган бозор муносабатларини шакллантириш учун узоқ йиллар керак бўлади, шунинг учун ҳозирча стратегик йўналишларни танлаш ва уларга инвестицияларни марказлашган ҳолда жалб қилишга мажбурмиз. Мисол учун, тўқимачилик маҳсулотлари ҳисобига ЯИМни 300 миллион долларга ўстирмоқчи бўлсак, 80-90 минг тонна пахта толасини қўшимча тарзда қайта ишлаб, ундан ип, полотно ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришимиз керак бўлади.

Бунинг учун қанча қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш кераклиги маълум ва бунга қанча маблағ кераклигини ҳисоблаб чиқиш ҳам қийин иш эмас.

Жаҳон иқтисодиёти амалиётидан маълумки, инвестицион фаолиятни самарали амалга ошираётган ва охирги ўн йил давомида энг юқори ўсиш суръатларига эришган мамлакатлар 4 ҳиссалик сармоя ҳисобига ЯИМни 1 ҳиссага ўстирмоқда. Демак, агар бизлар ҳам инвестицион фаолиятнинг самарадорлигига эришсак, ЯИМ 2,2 миллиард долларга кўпайишига 10 миллиард доллардан (капитал таъмирлаш харажатларини қўшган ҳолда) камроқ сармоя керак бўлади.

2018 йилда мамлакатимизда барча йўналишларда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 119 триллион сўм (14 миллиард доллар) ни ташкил этгани тўғрисида расман эълон қилинди. Бунинг эвазига мамлакат ЯИМ 2017 йилга нисбатан 5,2 фоизга ўсгани ҳам маълум бўлди. Тан олиш керак, ҳозирча бундан кўпроқ натижаларга эришишнинг иложи ҳам йўқ. Нега деганда, ички бозоримиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нотўғри жойлаштирилиши натижасида кескин даражада торайиб қолган ва, энг асосийси, марказлашган иқтисодий тизим мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини жуда паст даражага келтирган. Мисол учун, суғориладиган ерларга ғалла экиб, ҳар гектардан 500 долларлик маҳсулот оламиз. Италия ва Франция фермерлари шунча майдонда етиштирилган узумни тайёр маҳсулотга айлантириш ҳисобига 50 минг еврога тенг даромад олади. Албатта, бизлар ҳам худди шундай йўл тутсак, иқтисодиётимиздаги натижалар тубдан фарқ қиладиган бўлади, давлат бюджетининг ҳам, ишчи-ходимларнинг ҳам даромадларида катта ўзгаришлар юз бериши аниқ. Бунинг учун инсоннинг эҳтиёжлари фақат тўйиб нон ейишдан иборат эмаслигини, бу борада яна ҳам улуғвор мезонлар борлигини вазирлардан бошлаб жамиятимизнинг барча аъзолари тушуниши керак.

Самарадорлиги шубҳа остида бўлган катта ва кичик инвестицион лойиҳалар кам эмас ва улар қаторини тўқимачилик тармоғи ҳисобига кенгайтириш мумкин. 2016 йилнинг декабрь ойида бу соҳани ривожлантиришга қаратилган давлатимиз раҳбарининг фармони қабул қилинган эди. Уни қабул қилишдан асл мақсад пахта толасидан тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспортга йўналтириш эди. Аслида икки йил муайян натижаларга эришиш учун етарли муддат, лекин нима учун ўзгариш сезиларли даражада бўлмаяпти? Бу ишларда маркетингдан фойдаланиш умуман ёддан чиқарилганидан далолат берадиган мисол келтирмоқчиман.

Янги йилдан олдин ижтимоий тармоқларда Қўшма Штатлардан келган савдо кампаниясининг раҳбари Ўзбекистондан текстиль маҳсулотларини сотиб олишга қизиқаётгани тўғрисида маълумотлар берилди. Меҳмоннинг фикрича, бизнинг маҳсулотларимиз арзонлиги ва сифатлилиги билан фарқ қилар экан. Агар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси мавжуд ташиш тарифларига нисбатан чегирмалар қилса, бу жаноб маҳсулотни Штатларга экспорт қилиши мумкин экан...

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Қўшма Штатлар пахтани қайта ишлаш бўйича дунёнинг энг илғор мамлакатларидан бири. Мексика билан чегарадош, Бразилия ҳам унча узоқ эмас. Шуларни инобатга олсак, қайси хаёлпараст бундай таклифни жиддий қабул қилиши мумкин? Ахир бундан кўра, Европа бозорларига кириб бориш анча осонроқ иш эмасми? Аслида текстиль соҳасида яхши натижаларга эришмаётганимизнинг асосий сабаби бошқа нарсада – экспортнинг кўпайиши учун рақобатбардошликни белгилайдиган тадбирларда тизимли ёндашувнинг йўқлигида.

Ип-йигирув фабрикаларининг катта қисми 15-20 йил олдин ишга туширилган, улардаги асбоб-ускуналар маънан ва жисмонан эскирган. Тадбиркорлар шунақа корхоналарни тиклашга киришганига бир йил ўтмасдан, уларга етказиб бериладиган 1 килограмм пахта толасининг нархи 1,5 доллардан 2 долларгача кўтарилди, янги йилдан бошлаб эса уларга нисбатан қўшимча тарзда ер ва мулк солиғи жорий этилмоқда.

Хўш, бундай шароитларда текстиль корхоналарининг рақобатбардошлиги қайси томонга қараб ўзгаради? Ваҳоланки, айнан шу соҳа мамлакатимиз меҳнат бозорида вужудга келган кескинликни бартараф этишга хизмат қиладиган асосий йўналишдир.

 2018 йилда 55 мингдан кўпроқ янги корхона рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида статистик маълумотлар берилди ва уларнинг муайян қисми саноат корхоналаридан иборат. Банклар ва маҳаллий бошқарув органлари томонидан маркетингга таяниб ишлаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли ҳар йили қанча янги корхона ташкил этилса, шунга яқин корхоналар ёпилади. Ҳаттоки, битта туманнинг ўзида бир қатор тикувчилик цехлари тўлақонли ишламай турган бир пайтда янгиларини очиш учун кредитлар ажратиш амалиёти ҳар қадамда учрайди.

Миқдорий кўрсаткичларнинг орқасидан қувиш натижасида минглаб корхоналар бир-бирининг фаолиятини такрорлайди, фойда олиш даражаси пасайиб, ички инвестицион имкониятлар чекланади, тайёр маҳсулот захиралари ортиб бораверади. Афсуски, Ўзбекистон корхоналаридаги тайёр маҳсулот захиралари, уларнинг таъсирида вужудга келадиган дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисида анча йиллардан бери маълумот берилмайди. Йиллар давомида ўзгаришларсиз қоғоздан қоғозга кўчириладиган ҳужжатларнинг ичига кириб кетган, вақт-вақти билан кабинетлардан чиқиб, корхоналардаги аҳволни ўрганиш кераклигини унутган вазирликлар ходимларида таҳлилий ёндашув фикри қаердан вужудга келиши мумкин? Хонада ўтириб, қоғозлардаги рақамларни ҳисоб-китоб қилиш бошқа, жойларга чиқиб, корхоналар фаолиятини ўрганиш бошқа.

Алоҳида шахсларга тикувчилик машиналари сотиб олишга кредит бериб, янги иш ўрни яратдик, дейиш, фикримча, бандликни бартараф этишга қаратилган вақтинчалик тадбир. Лекин бу борада самарали йўл ҳам борку ахир. Фарғона водийсида юқори натижаларга эришиб ишлаётган енгил саноат корхоналари жуда кўп. Агар уларнинг филиаллари бошқа шаҳар ва туманларда ташкил этилса, натижалар умуман бошқача тус олиши мумкин.

Агар ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар якка тадбиркорлик асосида эмас, балки асосан очиқ турдаги акционерлик жамиятлари шаклида амалга оширилса, корхоналар фаолияти, бир томондан, аҳолининг назорати остида бўлади ва иккинчи томондан, маҳсулотни (эгалик ҳуқуқи таъсирида) ички бозорда сотиш енгиллашади. Шу билан бирга, валюта сиёсатининг либераллашуви ва янги солиқ Концепциясининг жорий этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мисол учун, ён атрофимиздаги айрим давлатларда ҚҚСнинг ставкаси 12 фоизни ташкил этади ва бу ерда ишлаб чиқариладиган юқори сифатли маҳсулотлар, айниқса, тикувчилик маҳсулотлари шунинг ҳисобига арзонроқ.

Демак, қўшни мамлакатлардан халқ истеъмоли товарларининг кириб келиши ва бу маҳаллий маҳсулотларни сотишга салбий таъсир кўрсатишига тайёр бўлишимиз керак. Қолаверса, жалб қилинган кредит фоизлари, ер ва мулк солиқлари тўлови кутиб ўтирмаслиги ҳам аниқ. Бу мисоллардан иқтисодий фаолиятда иқтисодий таҳлил ва маркетинг фани нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин.

Аслини олганда, иқтисодий фаолиятни амалга оширишдан мақсад – бу ўсиш суръатлари бўйича бошқа мамлакатлар билан мусобақа уюштириш эмас, балки мамлакат аҳолисининг доимий ўсиб борувчи эҳтиёжларини имкон қадар юқори даражада қондиришдир. Ташқи савдони амалга оширишдан ҳам мақсад шу, яъни рақобатбардошлик хусусиятига эга бўлган маҳсулотларни экспорт қилиб, унинг фойдаси ҳисобига мамлакатда етиштирилиши ноқулай бўлган, ишлаб чиқариши қимматга тушадиган маҳсулотларни импорт қилишдир.

Бир нарсага эътибор қаратайлик. Узоқ йиллар давомида ва кучли рақобат таъсирида жаҳон бозори муайян трансмиллий компаниялар томонидан тақсимланиб олинган ва унга қўшимча маҳсулот билан кириш — ўта мураккаб масала. Мураккаб, аммо иложи бор масала. Буни Бангладешнинг текстиль маҳсулотлари, Вьетнамнинг қаҳва, Ҳиндистоннинг ИКТнинг дастурлаш таъминоти билан халқаро бозорларга кириб бориши мисолида кўриш мумкин.

Яна ҳам юқори ўсиш суръатларига эришиш учун корхоналарнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлари тўлалигича қондирилиши керак. Бунинг учун олий ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан амалга ошириладиган қабул жараёни корхоналар буюртмаларига асосланиши керак. Шундай йўл тутсак ва фақат илмий асосланган маркетинг тадқиқотларига таяниб ишласак, халқаро бозорларни эгаллашимиз мумкин.

Ташқи савдо ҳам, инвестицион фаолият ҳам чуқур ҳисоб-китобларга асосланиб амалга оширилса, натижалар умуман бошқача бўлиши мумкин.

Валюта сиёсатининг либераллашуви ташқи савдо айланмасининг салбий натижалар билан якунланишига сабаб бўлаётгандай туюлмоқда. Аслида сабаб статистик фаолият янги шароитларга мос тарзда амалга оширилмаслигида, деб ҳисоблайман. Ўтган йилларда нималарни ва қайси миқдорларда экспорт қилган бўлсак, худди ўша даражада экспорт қиляпмиз, саноат корхоналари бир маромда ўз фаолиятини давом эттирмоқда, маҳаллий товарларни сиқиб чиқариб савдо пештахталарини хориждан келтирадиган товарлар босиб кетгани ҳам йўқ. Фақат давлатимиз томонидан инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган қарорларга асосан машина ва асбоб-ускуналар хариди кўпайди, холос. Уларнинг тўлов манбаи бўлиб асосан тўғридан-тўғри жалб этилаётган чет эл инвестициялари ва кредитлари хизмат қилмоқда.

Яна бир масалага эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман. Янги солиқ концепцияси доирасида кичик саноат корхоналарининг катта қисми умумбелгиланган солиқ тўлаш тизимига ўтиши уларнинг йириклашишига, ихтисосининг ўзгаришига, нарх-навонинг кескин ўзгариши ва рақобат курашининг кучайишига олиб келиши мумкин. Бу жараёнлар билан боғлиқ бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш борасида маркетинг фани муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун вазирликлар, хўжалик уюшмалари ва маҳаллий ҳукумат органлари маслаҳат марказлари тузиб, уларнинг таркибига олий ўқув юртларининг маркетолог-олимларини жалб этиб жараённи бошқаришга киришсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, инвестицион ва ташқи савдо фаолиятлари чуқур таҳлил, аниқ ҳисоб-китоблар ва маркетинг фанига таяниб амалга оширилса, уларнинг самарадорлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлиги яна ҳам юқори даражага кўтарилиши мумкин.

 

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: