Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
05.03.2019

МУРАККАБ ДАВРЛАР ВА СИНОВЛАР

ичида юрган, кескин воқеа-ҳодисаларни бошидан ўтказган инсоннинг ҳикояси ёшларда катта таассурот қолдирди

Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон АЛМАТОВ билан маънавий-маърифий мавзуда учрашув бўлиб ўтди.

 

ТошДАУ ректори Ботиржон Сулаймонов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, университетда депутатлар, сенаторлар, таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар билан ўтказиб келинаётган учрашувлар талабалар учун ўзига хос ҳаёт сабоқлари бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёш авлод қалбига ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдиришда жонли мулоқотлар, ижодий учрашувлар муҳим аҳамиятга эгалигига алоҳида эътибор қаратди.

— Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришиш остонасида ва Истиқлолнинг дастлабки йилларида заҳматкаш халқимиз қанчалик мураккаб даврларни бошидан кечиргани ҳақида сизлар газета-журнал ва китоблардан ўқиб тасаввурга эга бўлишингиз мумкин, — деди у. — Аммо, айнан ана шу шиддатли, тарихий воқеа-ҳодисалар ичида юрган инсоннинг ўзидан бу ҳақда эшитиш, унинг ҳикояларидан баҳраманд бўлиш, ўйлайманки, ҳар бирингизда катта таассурот қолдиради.

— Мустақилликка эришиш осон бўлмаган, уни сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш учун ҳам оғир синовлардан ўтилди, — деди Зокиржон Алматов. — Бу мақсад йўлида жонини фидо қилганлар бўлди. Юртимиз тинчлиги, тараққиёти, халқ осойишталиги учун кураш бугун ҳам жадаллик билан, шиддат билан давом этмоқда. Буни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар мисолида яққол кўриш мумкин. Бу борада олиб борилаётган тезкор ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқмоқда. Иқтисодиётимиз мустаҳкамланмоқда, халқимиз ҳаёти янада фаровонлашмоқда. Аммо бугун жамоатчиликни ташвишга солаётган қатор муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Масалан, кенг кўламда олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим жиноят турлари, хусусан, ўз жонига қасд қилиш, безорилик, ўғрилик, ҳатто аёллар томонидан жиноятлар содир этилаётгани кишини ташвишга солади. Бу каби салбий ҳолатлар, иллатларнинг олдини олиш эса фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларигагина эмас, балки кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларимизга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Президентимизнинг бир гапларини сизларга эслатмоқчиман: «Мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, бу йўлда бор билим ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлган азму шижоатли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш биз учун энг муҳим масаладир». Бу эзгу фикрлардан ҳар биримиз хулоса чиқариб олишимиз керак. Айниқса, талаба-ёшларни она-Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш, тинчлик-осойишталикни қадрлашга, юртимизни ҳимоя қилишга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ўргатиш бугуннинг энг асосий талабидир. Келажагимиз бўлмиш сиз, ёшлар қалбида Ватанимиз тақдири, келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни муттасил кучайтириб бориш қанчалик муҳимлигини ҳаёт кўрсатмоқда.

Ўзим гувоҳи бўлган кўплаб воқеалардан бирини айтиб бермоқчиман. Биласизлар, қора кучларнинг мустақиллигимизга хуружи оз бўлмади. Водийлик бир яхши оиланинг фарзанди динни ниқоб қилиб олган экстремистик оқимнинг ёлғон ваъдалари ва даъватига учиб, чегарани қўриқлаётган ўзбек аскарини ўлдириб, қўшни давлатга қочиб кетади. У ерда террорчиларга қўшилиб, қуролли ҳужумларда иштирок этади, бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлади. Яъни, қонхўр жаллодга айланади. Охир-оқибат ўзи туғилиб ўсган, унга нон-туз, таълим-тарбия берган юртини вайрон қилиш мақсадида террорчиларга қўшилиб, қўлида қурол билан Ўзбекистонга келади. Террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган вақтда қўлга олинади. Ўшанда ўзим бориб, у билан суҳбатлашиб, билдимки, унинг онги, дунёқараши бузғунчи ғоялар билан шу даражада заҳарланганки, ҳаётни фақат қон тўкишдан иборат, деб ўйлашдан нарига ўтмасди. Уни бу жаҳолатдан қайтариш учун қанча уринмайлик, ўзининг фикри тўғрилигини ва бу йўлдан асло чекинмаслигини айтди. Шунда унинг олдига ота-онасининг суратини ҳамда васият ёзиб қолдирилган бир парча қоғозни қўйдим.

Хатда шундай сўзлар ёзилган эди.

«Жондан азиз ўғлим. Биз сени дунёга келтирдик. Оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдик. Ўқитдик, таълим-тарбия бердик. Бировдан кам бўлмасин, элимизга, юртимизга фойдаси тегадиган инсон бўлсин, деб олий маълумотли қилдик. Шунча қилган меҳнатимиз эвазига бир кун келиб, фарзандимиз ютуқларидан фахрланиб, маҳалла-кўй олдида бошимизни баланд кўтариб, ғурур билан юришни орзу қилгандик...

Биласан, шум хабар яшиндек тез тарқалади. Фалончининг ўғли чегарада ўз Ватанини қўриқлаётган аскарни ўлдириб, қўшни республикага ўтиб, террорчиларга қўшилиб кетибди, деган хабар бизга ҳам етиб келди. Ўғлим, биз, ота-онанг бир умр мактабда ўқитувчилик қилиб, обрў-эътибор топдик, сени бировдан кам қилмай вояга етказдик. Эндигина оғзимиз ошга етай деганда, бирон касбнинг бошини тутишингни интизорлик билан кутиб юрганимизда, бунчалик қабиҳликка боришингни хаёлимизга ҳам келтирмабмиз. Бизни қариндош-уруғ, таниш-билиш ва маҳалла-кўй олдида бош кўтариб юролмайдиган қилиб қўйганингни бир кун келиб тушунарсан. Уларнинг тўй-томошалари, байрамлари ҳамда яхши кунида бизни қатнаша олмайдиган қилиб, қочиб кетганингни биласанми? Фалончи эр-хотин ўқитувчилар кўплаб ёшларга таълим-тарбия берибди-ку, ўз фарзандига тарбия бера олмабди, деб қўлларини бигиз қилиб кўрсатишларини кўрмаслик учун ўз жонимизга қасд қилдик. Давлатимиз, халқимиздан тиз чўкиб кечирим сўра, бу йўлдан қайт...»

Унинг хатни ўқиб бўлганидан сўнгги ҳолатини ҳамда дод-фарёдини сўз билан ифода қилиб бўлмайди, азиз талаба-ёшлар. Бунақанги ҳолатга тушишдан Аллоҳимнинг ўзи асрасин. Шундан сўнг, унинг фикри ўзгариб, нима мақсадда кириб келганликлари, тўдасидагилар кимлигини айтди ва ниҳоят уларнинг тутаётган йўли нотўғри эканлигини англаб етиб, давлатимиз, халқимиздан кечирим сўради.

Мен нима демоқчиман, бундай ёт ғоялардан огоҳ бўлишингиз керак, ўзингизни ҳам, тенгдошларингизни ҳам асрашингиз керак. Мен истиқлол фарзандлари бўлган сиз, ёшларга ҳавас қиламан. Мустақил юртда, барча орзу-умидларга эришиш учун беқиёс имкониятлар яратилган Ватанда яшаяпсиз. Яхши билим олиб, малакали мутахассис бўлиб, юртга садоқат билан хизмат қилиш фарзандлик бурчингиз ҳисобланади...

Учрашувда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ватанпарварлик, юртга садоқатли бўлиш – олий шараф экани ҳақида ўз фикрларини билдирди ҳамда унинг ижросида қалбни тўлқинлантирадиган, инсоний туйғуларни жунбушга келтирадиган, миллий ғурурни оширадиган қўшиқлар тингланди.

Учрашувдан сўнг талабаларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

— Тўғриси, мен бу учрашувдан бир китобни ўқиб чиққандек таассурот олдим, — деди улардан бири.

Дарҳақиқат, бундай учрашувлар ёшлар учун катта сабоқ, тарбия, ҳаёт китобидир.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: