05.03.2019

«НАВОИЙХОНЛИК ВА СУЙИМАХОНЛИК»

Касб танлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, лекин касбида ўзига ҳайкал қўйиб кетиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Навоийхонлик ва суйимахонлик» номли бадиий кеча ўтказилди. Тадбирда жамоат ва давлат арбоблари, шоир-ёзувчилар иштирок этди.

 

Суйима Ғаниева нафосат шайдоси эди. Ҳамиша нафис мажлисларга интиларди, балки шунинг учундир илмий тадқиқотларининг марказида Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»и, («Нафис мажлислар») тургандир. Ана ўша нафосат мажлислари мусиқасиз, куйсиз ўтмаган. Суйима Ғаниева узоқ йиллар Ўзбекистон давлат консерваториясида муаллимлик қилди, кўплаб шогирдлар тайёрлади.

 

Маҳмуджон ТОЖИБОЕВ, Ўзбекистон халқ ҳофизи, консерватория профессори:

— Бир куни Суйима Ғаниева менга Эрондан телефон қилди. «Теҳрондаги кутубхонадан бир нарсани топдим, «Шашмақом»да «Сегоҳ» деган ашулани қайси шоирнинг ғазали билан ижро этасизлар?» деб сўради. Атоий ғазали билан айтамиз, дедим. Ҳусайнийнинг ғазали билан айтмайсизларми? Тошкентга борганда гаплашамиз, дедилар. Суйима опа Ҳиндистонда шоҳ Акбар саройидаги тарихчи томонидан ёзилган бир воқеа баёнини кутубхонадан топибдилар. Унда келтирилишича, Бухоро шаҳридан қадим «Шашмақом» усталаридан бири бўлган Юсуф Бухорий Ҳиндистонга саёҳат қилганида шоҳ Акбар саройида бўлибди. Шунда шоҳ Юсуф Бухорий ижодидан намуна тинглаш истагини билдирибди. Кексайган бўлсада санъаткор қўлига доира олиб, Ҳусайн Бойқаронинг ғазали билан «Сегоҳ»ни ижро этибди. Энди бу воқеалар Ҳиндистонда бўлган, унутилиб кетилган, албатта. Шунда Суйима опа «келинг, шуни тиклайлик», дедилар. Биргаликда ҳозир биз айтиб юрган «Сегоҳ» куйига солсак, узукка кўз қўйгандек чиройли бўлди. Кейин унинг тақдимотини ўтказдик, радио ва телевидениеда ижро этдик. Бу шундан далолат берадики, устозимиз санъат аҳлига ҳам ҳеч бефарқ эмасди. Бизга ўхшаган шогирдларини доим қўллаб-қувватлаганлар. Эътиборга молик жиҳати шуки, Суйима опам Ҳусайний девонини тузган.

Суйима Ғаниева бошқа юртларда жуда ҳам кўп сафарларда бўлган, айниқса, Эрону Озарбайжонга кўп борганлар. У ерда азиз ва суюкли эдилар, дўстлари кўп эди.

 

Муҳсин ПОРМУХСИНИЙ, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Ўзбекистоннинг маданият ва адабиёт аҳлига бебаҳо хизматлар кўрсатган таниқли навоийшунос, эроншунос олима, адабиётшунос, устозимиз Суйима Ғаниеванинг руҳи поклари шод бўлсин. Устоз биз эронликлар учун қадрли ва алоҳида ҳурматга лойиқ инсон эдилар. Сабаби, улар қолдирган ёзма мерос ҳар икки мамлакатга тааллуқлидир. Устознинг Эрон ҳақида ёзган илмий-адабий мақолалари, мамлакатимизда ўтказилган қатор илмий анжуманларда қилган маърузалари сўзимизнинг тасдиғидир.

1497 йили Ҳазрат Алишер Навоий томонидан туркий-чиғатой тилида яратилган «Мажолис ун-нафоис» туркий ва форсий тазкирачиликнинг қимматли намунаси бўлиб, айни пайтда форс адабиёти тарихи бўйича муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Чунки унда XV-XVI асрда яшаган 400 дан ортиқ шоиру адиблар таништирилган.

Асар битилганидан сўнг 30 йилча ўтгач, аввалига 1521 йили олим Фахри Ҳиротий «Мажолис ун-нафоис»ни форс тилига таржима қилиб, «Латоийнома» деб атади. Кўп вақт ўтмай, 1523 йили Ҳакимшоҳ Ҳазиний номли бошқа бир олим ҳам ушбу бебаҳо асарни форс тилига ўгириб, «Саккиз жаннат» деб номлади. «Мажолис ун-нафоис»нинг қисқа муддат ичида икки марта форс тилига таржима қилинишининг ўзи ҳам рисоланинг ўша давр илмий-адабий муҳитида нечоғлик катта аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади. Ушбу асар уч сабабга кўра, тазкиранавислик тарихида кам учрайдиган асар ҳисобланади. Биринчидан, бир вақтнинг ўзида ҳам заршунос, ҳам заргар, яъни шоиру олим томонидан ёзилди. Иккинчидан, муаллифнинг ўзи кўрган ва билган замондошлари ҳақидаги илмий тадқиқотидир. Учинчидан, XVI аср иккинчи ярмида форс шеърияти савиясида ўзгаришлар юз бергани боис, тазкиранавислар шоирлар ва уларнинг шеърларини баҳолашга танқидий ёндаша бошладилар. Умумий кўтаринки, баҳолашдан воз кечилиб, холисона аниқ маълумот бериш жорий этилди. «Мажолис ун-нафоис»ни шоирлар ижодига танқидий ёндашилиб, аниқ баҳо берилган биринчи тазкира, дейиш мумкин.

Бугун бу мавзуни кўтаришдан кўзланган мақсадим қуйидагилардан иборат: Биз форсий ва туркийзабон зиёлилар XVI асрда битилган бу уч асар: асл матн ва форсийдаги икки таржимани солиштирган ҳолда синчликлаб қиёсий-илмий таҳлил қилиш асосида бадиий асарларни форс тилидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан форс тилига таржима қилишга оид яхши тажриба касб этишимиз мумкин. Шунингдек, қиёсий ўрганиш асносида Ҳазрат Алишер Навоий бу асарда яратган ва қўллаган янги адабий, шеърий атамалардан огоҳ бўлиб, фойдаланиш имкониятига эга бўламиз. Яна бир фикр шундан иборатки, асарнинг форс тилидаги икки таржимасида «Мажолис ун-нафоис»га таржимонлар томонидан киритилган ўзгартиришлар ва ўзбошимчалик билан қилинган кўп қўшимчалар бор. Булар Суйима Ғаниева томонидан тайёрланган илмий таҳлилий матн билан солиштирилиб, тузатилиши лозим.

Суйима Ғаниева шарқ мумтоз адабиётининг билимдони сифатида ҳам эътироф этилади. Олима «Калила ва Димна» асарини таржима қилган, Жомий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий ҳақида қатор мақолалар ёзган эди.

 

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ, филология фанлари доктори, профессор:

— Ҳазрат Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асари Суйима Ғаниева нашрга тайёрлаган матн асосида ҳаммага тарқатилди, ҳаммага етказилди. Олима ушбу тазкирани тўлиғича ўрганди, таҳлил қилди ва тазкирага кирган қайси шоир ёки ижодкорнинг номи бўлса, улар ҳақидаги маълумотларни ҳам тўплаб, баён қилди. Фахри Ҳиротий нафақат Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асари таржимони, балки, мустақил тазкиранавис бўлган. У бевосита «Мажолис ун-нафоис» таъсирида иккита тазкира ёзган. Биринчиси, ушбу рисолага замина тазкира тарзида ёзилган. Иккинчиси, шоиралар тазкираси. Ҳар иккаласи ҳам Суйима Ғаниева томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Бу тазкираларни биргаликда кўриб, нашр қилишга муяссар бўлганмиз.

Мен бир неча марта Суйима опа билан Озарбайжонда, Эронда, Туркияда илмий сафарларда бўлганман. Ана шундай сафарларнинг бирида улуғ Озарбайжон адиби Саҳиббей Ахшарнинг тазкирасини Суйима Ғаниева ёрдамида Озарбайжондан юртимизга келтирдик. Ушбу адиб Навоийдан ўрганиб, ўзи озарбайжон бўла туриб, тазкирасини Навоий тилида, ўзбек тилида ёзган. Кейинчалик биз уни биргаликда нашр қилдик.

«Мажолис ун-нафоис» нафақат туркий дунё тазкирачилигига, балки, ҳозир қайсидир маънода форсий тазкирага ҳам таъсир кўрсатганлиги маълум бўлмоқда. Шунингдек, 2010 йили Туркияда ўтказилган «Тазкирадан географияга» деган катта халқаро конференцияда ҳазрат Навоийнинг тазкираси таъсирида Анадўлида 38 та тазкира ёзилгани ва буларнинг ҳаммасида Навоийнинг изи, ўрни кўриниб тургани қайд этилди. Бундан ташқари, Шарқдаги тазкиранавислик ғарб автобиографик жанрининг вужудга келишига сабаб бўлгани ҳам анжуман иштирокчилари томонидан эътироф этилди. Демак, қайсидир маънода бу улуғ ишларда устозимиз Суйима Ғаниеванинг ҳам хизмати бор.

 

Иброҳим ҲАҚҚУЛ, навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор.

— XX асрда ўзбек-хотин қизлари орасида Суйима Ғаниева даражасига эришган олима, ижодкор жуда кам. Шу маънода уларни ҳеч ким такрорлай олмайди, деб ўйлайман. Олиманинг характери, муомала-муносабати ҳам ўзига хос эди. У киши билан 40 йил давомида бир бўлимда ишлаб, кўп нарсаларни ўргандим. Суйима опа ҳақиқатдан хазина эди. Боиси, баъзи олимлар бор, Навоий ҳақида гапирса, мудрай бошлайсиз. Баъзи олимлар бор, Навоий ҳақида сўз бошладими, вужудингиз, руҳингиз уйғонади, кўнглингиз ишлай бошлайди. Навоийга қарашингиз ўзгаради. Ана шу сеҳр, ана шу қараш Суйима опада бор эди. Маърифат дегани дунёни, ҳақиқатни, ҳақни кўнгил билан мушоҳада қилиш, дегани. Маърифат ҳақида кўп гапирамизу, унинг таржимаси ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Суйима опада ана шу лаёқат жуда кучли эди. Мен рубоийлар билан ишлаганман. Бу борада улар маслаҳатчим бўлган, десам ҳеч хато бўлмайди. Чунки опа озарбайжон, форс, туркий, усмоний тилларидаги барча рубоийларни биларди. Олима маърифатга жуда катта урғу берарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Суйима опа Насимийнинг бир рубоийсини жуда кўп такрорларди:

 

«Маърифат касб этмадинг, сан фонийсан,

Уч-тўрт кун дунёнинг меҳмонисан,

Ҳақни билсанг оламнинг султонисан,

Билмасанг, дев билан шайтонисан».

 

Навоийга Суйима опа доимо маърифат нигоҳи билан қарарди. Чунки, уларда орифлик жуда баланд бўлган. Навоийнинг ижодида эса орифлик туйғуси гуркираб, гуриллаб оққан. Мен илмни камситмоқчи эмасман. Лекин илмдаги мантиқ, илмдаги ҳақиқат, илмдаги ақл билан ишлаш маърифатга тенг келолмайди. Бугун дунёда энг танқис, одамларнинг ахлоқий-маънавий муаммолари нимада, деб сўрашса, маънавиятнинг танқислигида, манавиятни нотўғри тушунишда, маънавий ҳаётда яшолмаслигида, деб айтган бўлардим. Суйима опа буларни жуда яхши биларди. Маснавийдан бир сўз ўша киши орқали эсимда қолган. «Илм илло дардилдадир ёре шабаб, илмро дарддандир ёре шабаб. «Агар сен илмни, маърифатни кўнгил билан қабул қилсанг, у сени ёр билади, сени ёруғга қараб олиб чиқади. Агар сен уни манфаат билан, вужуд билан қабул қилсанг илонга айланади. Ва сени ҳам илонга айлантиради». Суйима опа буни Навоийнинг: «Кимки илмни воситаи жоҳ этар, Ўзини-ю халқини гумроҳ этар», деган байти билан боғлаган. Менинг назаримда Суйима опанинг Навоийнинг ижодига эркин кириб, кўп ишлар қилиши, халқ орасида жуда катта обрў-эътибор топганининг асосий бош сабабларидан биттаси — илмни воситаи жоҳ қилганидадир. Буни Суйима опамдан қолган жуда катта мерос, деб биламан. Айтмоқчиманки, Суйима опадек аёллар, олимлар бугун жуда керак. У киши агар минбарга чиқса, ўзбек, рус, форс, усмонли тилда ҳам гапирарди. Ва уларнинг тилларида сунъийлик сезилмасди. У киши гап бошлаганидан кейин одам албатта руҳан бир нарса оларди. Кайфиятида ўзгариш бўларди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Улар ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилганман. Ва умидим борки, бундан кейин ҳам ёзаман.

Суйима опа узоқ йиллар Тошкент давлат шарқшунослик институтида ҳам фаолият юритди. Ушбу институтдаги кафедра мудири қадрдон сингиллари филология фанлари доктори, профессор Улфатхон МУҚИМОВА.

— Суйима Ғаниеванинг Навоийни ўрганганликлари уларнинг бахти, деб биламан. Шахсан мен Навоийни ўрганганларга ҳавас қиламан. Чунки Навоий ижоди инсонни эзгулик, яхшилик, маънавият сари чорлайди. Суйима опа Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарининг 4 та нусхасини топган. Бир китобдан ушбу асарнинг яна бир нусхаси бор эканлиги ҳақида маълумот топибдилар. Шу китобнинг охирида «Мадрас 465», деб ёзилган экан. Бир куни сен тилшуноссан, бу китобнинг бешинчи нусхасини менга олиб келиб бер, дедилар. Буни қанақа қилиб олиб келишни билмадим. Мадрасга бориш осон эмас. Лекин буни мендан кўп йил сўрадилар. Бир куни Эрон элчихонасига эроншунос олим элчи бўлиб тайинланди. Суйима опани унинг олдига олиб бордим, мана шу элчи билан учраштирсам, балки у сизга ўша китобни келтириб берар, дедим. Элчининг олдига кирдик, анча суҳбатлашдик. Лекин у айтдики, сизнинг ўзингизни юборсам, чунки маълумот фақат «Мадрас 465». Бу китобни топиш жуда қийин бўлади, деди. Шунда Суйима опа «бу ёшда Мадрасда кутубхонама-кутубхона қандай қилиб юраман, қийналаман», деди. Кейинчалик ҳам изладик, лекин афсуски, уни тополмадик. Мадрасга борсам, албатта бешинчи нусхасини олиб келиб, бир навоийшунос олимга бераман, деган ниятим бор.

Касб танлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, лекин касбида ўзига ҳайкал қўйиб кетиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Суйима Ғаниева навоийшуносликда ўзига ҳайкал қўйиб кетди, десам, асло адашмаган бўламан...

Суйима Ғаниеванинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан «Йўл», деб номланган ҳужжатли фильм ишланди. Фильмнинг сценарий муаллифи шоир Эшқобил Шукур, режиссёр Адҳамжон Усмонов. Ушбу фильмда Суйима Ғаниева айтганларидан бир мисол келтирамиз:

«Халқимизда йўлда файз ва барака бор, деган гап бор. Йўл юрган одамда ҳам файз ва барака бор. Бахтим шундаки, мен йўл юришдан бир дақиқа ҳам тўхтамадим. Шу кунларда эълон қилинган илмий рисолаларимнинг сони мингтага етди. Ҳамон йўлдаман. Эзгу йўлдаман»...

 

Маржона ТОШЕВА,

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: