05.03.2019

МИЛЛАТНИНГ ҚАЛБИ

Она тилини яхши билмаслик уят, давлат тилини қадрламаслик маънавиятсизлик эмасми?..

Она тили мўъжизага ўхшайди. Қуёшнинг қуёшлигини, осмоннинг осмонлигини, одамнинг одамлигини ва оламдаги минглаб, миллионлаб бошқа нарсаларнинг номи, моҳиятини энг аввал шу тилда англаймиз, идрок этамиз.

Инсоннинг исмидан кейин қайси миллатга мансублиги айтилади. Фуқаролик ҳужжатимизда «миллати», деган банд исмимиз ортидан алоҳида кўрсатиб ёзилиши – тақдир инъоми. Ҳатто кейинчалик исмни ўзгартириш мумкин, лекин миллатга мансубликни ўзгартириб бўлмайди.

Адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофоти соҳиби Иосиф Бродский халқда бор нарсаларнинг энг яхшиси унинг тили экани ҳақида айтган. Шу фикрдан хулоса қилсак, она тилимиз миллатимизнинг энг катта бойлиги бўлиб чиқяпти.

Эҳтимол шунинг учун она тили ҳақида, уни ардоқлаш, қадрлаш ва севиш ҳақида кўп айтилган, бундан кейин ҳам айтилаверади. Бу – кенг, чуқур ва айни пайтда мураккаб мавзу. Бугун ушбу мавзунинг бир қирраси, яъни давлат идораларида она тили – давлат тилига кузатилаётган муносабат ҳақида фикрлашишни лозим топдик.

Чунки бу масала охирги пайтларда тез-тез кун тартибига чиқяпти. Оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзбек тили давлатнинг юқори идораларида кенг қўлланилмаслиги, айрим «элитный» раҳбарлар ўз она тилида иш юритиш ва мулоқот қилишни унча хушламаслиги, тўғрироғи, эплолмаслиги ҳақида фикрлар кўпайиб боряпти. Шундай мақолалардан бири яқинда analytics.cabar.asia сайтида эълон қилинди. Мазкур мақолада нима учун ўзбек тили сиёсат ва фан тилига айланмагани ҳақида айрим таҳлилий мулоҳазалар билдирилди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

«Сўнгги 28 йил ичида ўзбек тили ҳокимият тилига айланмади. Юқори лавозимдаги давлат амалдорлари давлат тилида жуда ёмон гапиришади... Амалдорларнинг ўрта ва қуйи қатламлари кўплаб диалектизм ва европизмларни қўллаган ҳолда ўзбек тилида қаноатланса бўладиган тарзда сўзлашишади»...

Албатта, мақолада келтирилган шу ва бошқа фикрларни қўллаш ёки улар билан баҳслашиш нуқтаи-назаридан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Лекин бундай мавзудаги муносабатларнинг кўпайиши ўзига хос огоҳлантириш белгисидир. Нима учун?..

Биринчидан, давлат тилида эркин мулоқот қила олмайдиган юқори давлат идоралари раҳбарлари том маънода халқдан, ҳаётдан узоқлашади. Бунинг оқибатида халқ ва ҳокимият ўртасидаги масофа ҳам узоқлашиб боради. Бундай кўнгилсиз ҳолат қабул қилинаётган қарорлар ҳаётийлиги ва сифатига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Иккинчидан, халқнинг тилини, иссиқ-совуғи, яъни турмуш тарзини чуқур билмайдиган, муаммоларни ҳис қилмайдиган раҳбарларда ички масъулият, давлатга эътиқод сустлашиб кетаверади. Мулозимлар давлат вазифасини эл-юртга хизмат деб эмас, шунчаки шахсий фаровонликни оширадиган оддий бир иш даражасида қабул қилишга ўтади.

Учинчидан, тил ва идрок этишдаги муаммоли ҳолатлар давлат хизматчилари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро тушуниб ҳаракат қилиш муҳитини бузади. Бунинг ортидан раҳбарларга ишонч сусаяди.

Олий Мажлис Сенати мажлисида давлат тили ҳақидаги қонунни ҳурмат қилиш, ўзбек тилини эъзозлаш кераклиги ҳақида аниқ ва қатъий фикрлар билдирилган эди. Сенат раисининг сўзларига кўра, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа, фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратилмаган.

Сенатнинг 2018 йил декабрь ойида ўтган йиғилишида айрим рақамлар ҳам келтирилган эди. Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган. Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 2018 йилда қабул қилинган 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас... Бу рақамлар кишини чуқур ўйга толдириб қўяди. Жавоб бериш қийин бўлган саволларни ҳосил қилади: Давлат нима учун қарор чиқаради? Ким учун ҳужжат қабул қилади?..

Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда айрим давлат ташкилотларининг раҳбар ходимлари номидан фуқароларга, турли идораларга юборилаётган хатлар анча машҳур бўлиб кетяпти, муҳокамаларга, аччиқ кулгу ва норозиликларга ҳам сабаб бўляпти. Бундай хатларни умумлаштириб турадиган «хусусият» шуки, уларнинг ҳаммаси давлат тилида ўта қўпол хатолар билан ёзилганидир.

«...Республикаси Президентининг» жумласи «Республмкаси Президетининг», «органлар» сўзи «ўрганлар», «муассаса» сўзи «муасса», «мувофиқ» сўзи эса «муофиқ» тарзида ёзилган хатларга имзо қўяётган раҳбарлар орасида фаолияти бевосита таълим билан боғлиқ бўлган вазирликларнинг мутасаддилари борлиги тил масаласига бефарқлик ортиб бораётганига яна бир далил бўла олади. Чунки бундай хатолар билмасликдан кўра, кўпроқ эътиборсизлик ва бепарволикдан келиб чиқади.

Халқимиз «раҳбар» деганда аввало ўқимишли, зиёли, қолаверса, маданиятли кишиларни тушунади, ёшларимиз эса ҳар жабҳада улардан ўрнак олишга интилади. Демак, раҳбарларнинг ибрат бўла олиш масъулияти алоҳида ажралиб туради. Бу давлат тилини рисоладагидек билиш, уни ҳурмат қилиш масаласига ҳам тааллуқли, албатта. Лекин шундай тоифа раҳбарлар борки, ота-онаси ўзбек бўла туриб, йиғилишларда, кўча-кўйда ўзбек тилида гапиришни ўзига эп кўрмайди. Шу йўл билан гўё ўзини «маданиятли» санамоқчи бўлади.

Ўзбекистон бағрини дунёга кенг очмоқда, илғор давлатлар, етук ва улкан маданият вакиллари билан фаол мулоқотга киришмоқда. Шубҳасиз, бу жуда катта ютуқ. Аммо ана шундай мулоқотларда мулозимлар ўзларини қандай намоён этаётгани долзарб аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Бундан бир ойча олдин «Facebook»да бир юртдошимизнинг куюниб ёзган фикрларини ўқиб қолдим. У Германияда Ўзбекистон маданияти тарғиботига бағишлаб ўтказилган нуфузли маросимда қатнашиб, ўзбек тилида бирон-бир сўз эшитмагани, вазирлик даражасидаги ташкилотларимиз раҳбарлари бошқа бир учинчи тилда гапиргани, тадбирни эса ўзбек маданиятидан бехабар киши олиб боргани, шунинг учун унда гўё бошқа мамлакатнинг маънавий тадбирига келиб қолгандай тасаввур уйғонгани ҳақида афсус билан ёзган эди.

Она тилимиз – давлат тилига бундай муносабат юртимизда турли мавзуларда ўтказиладиган давра суҳбати ва анжуманларда ҳам тез-тез кузатиладиган ҳолат бўлиб қолаётгани афсусланарли. Маълумки, халқаро анжуманлар таржимонларсиз ўтмайди. Шунинг учун қатнашчилар фикри, муносабатини аниқ ва равон баён эта оладиган тилда, асосан ўз тилида гапиришни маъқул кўради. Таржимонлар шуни ҳисобга олиб таклиф этилади, ким қайси тилда гапирса ҳам ҳамма бир-бирини осон тушунади.

Аммо кўп кузатганмизки, ўзбекистонлик вакиллар гарчи барча қатнашчиларга бирдек тушунарли бўлмаса ҳам бошқа тилда гапиришни ўзига ўнғайроқ, деб билади. Баъзи анжуманларда «ўзбек тилида эмас, ... бу тилда гапирасиз», деган талаб қўйилади. Яна шундай раҳбарларимиз борки, она тилида, давлат тилида сўзлашни ўзига эп кўрмайди, гўё уялади, истиҳола қилади. Мана шу нуқтада асосий камчилигимизнинг сабаби очилиб қолади.

Яъни, биз аксар ҳолларда халқаро тилларни пухта билганимиз ёки меҳмонларнинг ҳурматини жойига қўйиш учун эмас, кўпроқ ўз она тилимизда бошқа миллатлар вакиллари олдида, халқаро давраларда гапиришдан қандайдир тортинганимиздан бошқа тилда сўзлашни лозим топамиз.

Афсуски, вазият шундай: айрим раҳбарлар халқаро тилларни билиш хислати орқали ўз тилини яхши билмаслик, она тилимиз билан ўзга халқлар вакиллари олдида фахрлана олмаслик каби ўта хунук нуқсонни яширмоқчи бўлади. Бу камчилик шахсиятимиз, ички маънавиятимиз, руҳиятимизда ҳамон сақланиб қолаётган кемтиклар билан бевосита боғлиқ бўлиб қолаётгани хавотир уйғотади.

Айрим ташкилотчилар халқаро анжуманларда давлат тилида гапириб бўлмаслигини таржимонлар йўқлиги ёки етишмаслиги билан боғлашар экан. Ёшларимиз ёппасига чет тилларини ўрганаётган, олий ўқув юртларимизда қанча йиллардан бери ўнлаб хорижий тиллар бўйича кафедралар ишлаб турган замонда бундай гаплар қулоққа баҳонадай эшитилади. Ўзбек тилидан бошқа тилларга тезкор таржима қила оладиган бир-икки нафар яхши таржимон топишга қанча вақт ва маблағ кетадию, давлат тилига ҳурматнинг баҳоси қанча бўлади? Халқаро давраларда давлат тилимиз, неча минг йиллик маънавиятимиз, ота-боболаримизнинг руҳи жо бўлган хазинамиз нуфузини ошириш ҳақида ўйламасак, миллат ва мамлакатнинг обрўсини бошқа қандай йўл билан кўтарамиз?..

Раҳбар, илғор мутахассис бир неча чет тилида гапирса, бинойидек ёзсаю ўз она тилида равон гапира олмаса, хатосиз ёза олмаса, бундай «интеллигент»ни ким, қандай ҳурмат қилади? Бундай кишининг қалби қандай бўлади? Унинг муайян тилларга дастурлаштирилган робот-компьютердан нима фарқи қолади?..

Чет тилларини билиш катта имконият албатта, бу масалада баҳсга ҳожат йўқ. Лекин шундай раҳбарлару мутахассислар тоифаси ҳам борки, ўзбек тилида яхши гапира олмаслиги, ёза билмаслигидан мақтангандай, шу билан гўё ўзининг «интеллигент» эканига урғу бермоқчидай бўлади. Онанг алла айтиб ухлатган, эркалаб уйғотган тилни билмаслик, бундан уялмаслик... бу қандай фазилат бўлди? Аслида бу инсон учун мудҳиш фожиа, бахтсизлик эмасми?..

Ўзбек тилини билмаган, бобо-бувиси гапирган тилни ҳурматлаб қадрламаган олимнинг олимлигида, мутахассиснинг мутахассислигида, раҳбарларнинг раҳбарлигида қандай маъно қолади?

Оилада, кўча-кўйда, бозору гузарда ўзбекча гаплашилгани, болалигимиздан таниш сўзлар ҳамроҳимиз бўлгани учун она тилимизни яхши биламиз, деб ўйлар эканмиз. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, аслида ундай эмас. Маиший мулоқот жараёнларида тилни маиший даражада ўзлаштирамиз, холос. Луғат бойлигимиз, фикрлаш доирамиз ва даражамиз ҳам маиший поғонада қолиб кетган бўлади. Яъни, она тилини китоблардан ўқиб ўрганиш шарт эмас, деган хулоса мутлақо ноўрин экан. Маиший шароитда биз нари борса ҳудудимизга хос шевани ўзлаштирар, адабий ўзбек тили, ўзбек академик тили каби жуда кенг тушунчалар борлиги ҳақида ўйламас эканмиз.

Ўзбек адабий тили асрлар, минг йиллар мобайнида сайқалланган буюк тил. Дунёдаги исталган тушунча ёки мураккаб фикрларни бу тилда ифодалаш мумкин. Муаммо ўзбек тилида эмас, қонунлар ва турли меъёрий ҳужжатларни бошқа тилда тайёрлаётган мутахассисларнинг давлат тилини мукаммал билмаслигида, десак, тўғри хулоса бўлади.

Келгуси қабул йилидан бошлаб, Тошкент давлат юридик университетига киришни истовчи абитуриентлар учун она тили ва адабиёти асосий фан сифатида белгилангани, яъни шу йўналишдаги ҳар бир саволга тўғри жавоб учун энг юқори балл берилиши ҳақида хабар тарқалди. Бошқа олий ўқув юртларида ҳам шундай ўзгаришлар кутиляпти. Бироқ юқори давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритиш, ҳужжатларни шу тилда мукаммал тайёрлаш масаласи ҳамон долзарблигича қоляпти. Сир эмас, аксарият қонунлар, халқ ва давлат учун муҳим бўлган меъёрий ҳужжатлар аввал бошқа тилда ёзилиб, кейин давлат тилига таржима қилиниши ҳалиям сезилиб турибди.

Ўтган йили Адлия вазирлиги республиканинг барча ташкилотларини ҳужжатлар лойиҳалари давлат тилида тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кераклиги ҳақида хатлар орқали расман огоҳлантирди. Лекин узоқ йиллар давомида қотиб келган муаммога ечим топиш, давлат тилининг ҳурматини жойига қўйиш, халқимизга тушунарли тилда иш юритиш масаласи мамлакат миқёсида тизимли ва жиддий ёндашувни талаб қилиши кун сайин ойдинлашмоқда.

Ўзбекистонда «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига яқинда ўттиз йил тўлади.

Она тили миллатнинг қалбига қиёсланади. Руҳи ва қалбини асраган, ардоқлаган халқгина эртанги дунёда муносиб мартабада бўлади.

 

Тўлқин Тўрахонов


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: