26.02.2019

ҒАЛЛА ҲОСИЛДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ БЎЙИЧА ДОЛЗАРБ ЧОРА-ТАДБИРЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 25 февраль куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўтган йили об-ҳаво ўта иссиқ ва қуруқ келгани, жанубий вилоятларда сув танқис бўлганига қарамай, фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли ҳар гектардан ўртача 45 центнердан ҳосил олиниб, жами 5 миллион 200 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди.

Бу йил эса ёғингарчилик миқдори ўтган йилга нисбатан икки марта, аввалги йилларга қиёсан 1,3 баробар юқори бўлмоқда. Мисол учун, Толлимаржон сув омборида 1 миллиард куб метр, Чимқўрғон, Пачкамар ва бошқа сув омборларида ўтган йилга нисбатан 2-3 баробар кўп сув йиғилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув таъминотини яхшилаш учун Сардоба сув омбори ишга туширилди. Бу ўтган йилга нисбатан анча кўп ҳосил олиш имконини яратади.

Яна бир муҳим жиҳат — фермерларни рағбатлантириш учун 2019 йилда буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм ёки ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори харид нархи белгиланди. Юқори ҳосил олган фермерларга давлат харид нархига 25 фоизгача, яъни ҳар бир тонна дон учун 300 минг сўмгача устама қўллаш тизими жорий қилинди. Бу эса мўл ҳосил етиштиришга катта туртки бўлади.

Қолаверса, азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ўз вақтида жойларга етказиб берилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳосилдорликни ва дон етиштириш ҳажмини ўтган йилга нисбатан камида 30 фоизга ошириш учун барча имконият мавжуд.

Йиғилишда ғалла ривожи ҳолати ҳар бир ҳудуд мисолида танқидий таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Қарши, ­Ғузор, Чироқчи ва Косон туманлари, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой, Пастдарғом туманлари, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Шароф Рашидов, Зафаробод туманлари, Сирдарё вилоятининг Ховос, Оқолтин ва Гулистон туманларида ғалла ривожи ортда қолган. Тошкент, Наманган ва бошқа вилоятларда ҳам зарур агротехник тадбирлар талаб даражасида амалга оширилмаган.

Видеоселектор йиғилишида бу каби камчиликларни бартараф этиш, ҳосилдорликни ошириш, қўшимча дон ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди. Жорий йил ғаллачилик учун қулай келаётгани, бундан оқилона ва самарали фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўл ва арзон бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Юртимиз табиати — Яратганнинг инъоми. Ғалла, дон эса асосий истеъмол товарларидан бири. Ғалладан мўл ҳосил етиштирсак, дон ишлаб чиқариш кўпаяди, озиқ-овқат маҳсулотлари арзон бўлади. Бу жудаям муҳим, халқимиз фаровонлиги билан боғлиқ масала, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз пахтачиликда ўзини оқлаётган тажрибадан келиб чиқиб, ғаллачилик бўйича ҳам кластерлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарлар ва вилоятлар ҳокимларига бу борада тегишли топшириқлар берди.

Фермерлар ҳам, кластерлар ҳам иқтисодий манфаат билан ишлаши, шартнома режасидан орттириб ҳосил олиши ва даромадини кўпайтириши кераклиги қайд этилди.

Ғаллачилик қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларида озуқага доимий эҳтиёж мавжуд. Энди бундай хўжаликлар билан фермерлар ўртасида ғалла ҳосилининг муайян қисмини сотиб олиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузилиши йўлга қўйилади. Ғалла парваришланиб, ҳосилга-ҳосил қўшиладиган пайтда паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари фермер хўжаликларига маблағ йўналтириб, кейинчалик арзон озуқа олади. Пировард натижада ғалладан мўл ҳосил етиштиришга, ундан озуқа тайёрлаш орқали гўшт, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон бўлишига ҳам эришилади. Бундан икки томон ҳам манфаат кўради.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда манфаатдор хўжаликлар ўртасида ўзаро кооперацияни йўлга қўйиб, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларининг буғдойга талабини тўлиқ қоплаш бўйича топшириқлар берилди.

Ғалла парвариши бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳлари жойларга бориб, вилоят ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари билан бирга ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, ижросини ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.

Бунда, биринчи навбатда, ғаллани 10 мартга қадар азотли ўғитлар билан озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Сув хўжалиги вазирлигига сувни тежаб ишлатиш, суғориш бўйича янги технологияларни жорий этиш вазифаси қўйилди. Жойлардаги секторлар раҳбарларига ҳар бир фермер хўжалиги кесимида зарур агротехник тадбирларни белгилаш ва изчил амалга оширилишини таъминлаш топширилди.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан ахборот берди.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: