Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
12.02.2019

ҲАЙРАТЛАРИМ СУРАТИ

Ҳаётимда ижодий сафаримни биринчи бор қабрис­тон зиёратидан бошлашим. Сурхондарё вилояти, Музработ туманидаги «Юртим жамоли» маҳалласидаги «Биби Робия» номидаги қабристон пойидамиз. Бу хотирот майдони қачон ташкил топган, мўътабар инсонлар хоки тўкилган бу муқаддас қароргоҳ нега бу ном билан аталади, деган ўйлар хаёлимни чулғаркан, бу ҳақда ҳамроҳларимдан жавоб олгим келади. Бу орада янги сувоқдан чиққан қатор қабрлар оралаб ҳамроҳим Тўфа Боймуродова онаси пойига етиб келамиз. Тиловат қиламиз. Тўфа қуёш тиғида қизиб ётган онаси қабри тупроғидан бир сиқим олиб кўзларига суртади. Узоқ сукутга чўмди...

— Бу қабристоннинг пайдо бўлганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Унинг ўзига хос ажойиб ва ғаройиб тарихи бор, — гап бошлади иккинчи ҳамроҳим, Термиз давлат университетининг профессори, халқаро «Антик дунё» илмий академияси академиги, тарихчи ва шоир Юсуф Вализода Дарбандий. — Ҳаётим, ижодий ва илмий фаолиятим Дарбанддан олисда ўтган бўлмасин, ўзимни дарбандлик деб биламан. Чунки мен шу манзилда таваллуд топганман, шу гўшада киндик қоним тўкилган. Гапни узоқдан — Дарбанддан бошлаганимга ҳайрон бўлманг, — сўзида давом этди у. Яна қайтараман, Дарбанд менинг ору номусим, давлатим... Дарбанд Сурхондарёнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлиб, Дарбанд дарёси қирғоқларидаги Мачай, Қизилнавр қишлоқлари қаторида одам зотининг илк маскани бўлганлиги тарихдан аён. Яна шуни биламан ва ифтихор билан айтаманки, гўзал Дарбанд дарёси атоқли шоиримиз Абдулла ­Ориповга илҳом париси бўлган. Шоиримизнинг бу қадим дарёга бағишланган шеъри ҳам бор:

Юракда сен ижод ҳиссини чертдинг,

Тўлқинлар гулдири, гирдоб навоси.

Хотирамга ажиб ўйлар киритдинг,

Эй, Дарбанд дарёси, илҳом дарёси...

дея қаҳрамон шоиримиз сатрларидан ўқийди шоир Дарбандий.

— Узр, сизга дарбандлик эканим билан бир мақтангим келди-да, — дейди олим бироз ўйга чўмиб. — Уёғини сўрасангиз энг асосий гап шундаки, бу қабристон қавмим — дарбандликлар абадул абад макон топган мас­кан. Қабристонга номи берилган Биби Робия шу қавм оналаридан бири...

Суҳбатимиз шу жойига келганда узилиб қолди. Қуёш қиздираяпти. Жазирама иссиқдан қочиб қаб­ристон қоравулхонасига бош суқамиз. Тўрт тарафига кўрпачалар тўшалган мўъжазгина супа. Зиёратга келган икки оқсоқол уёқдан-буёқдан гаплашиб ўтиришибди. Даврага қўшиламиз. Чанқоқбосди қилиб, нафас ростлаган бўламиз. Гап айланиб яна қабристон тарихига уланади...

Яхшиси, эшитганим эшитинг, кўрганларим кўринг...

...Тақдир тақозоси билан 1950 йилларда Бойсун тумани, Дарбанд қишлоғи аҳолисининг бир қисми Музработ (илгариги ­Шер­обод) туманига кўчириб келинади. Булар асли тожик миллатига мансуб бўлиб, ўзбек тилини ўзбеклардан қолишмайдиган даражада кўркам билишар ва иккинчи она тилимиз, дея фахрланишарди. Пахта, дон етиштириш, қўриқ ерларни ўзлаштириш каби қишлоқ хўжалигининг энг оғир тар­моқларида ўзбек-тожик оға-инидек елкама-елка туриб меҳнат қилишган. Икки миллатнинг яқинлиги қуда-андачилик, қўшничилик, дўс­ту биродарлик даражасига кўтарилган. Дарбандликлар кўчманчилар эмас, балки шу манзил фуқаролари, шу туман фидойилари каби эл-юрт қалбига сингиб кетган. Байрамлар, тўй-маросимлар, Наврўзи олам каби халқ сайилларини ҳамжиҳатликда, шодиёналикда ўтказиб келишади...

— Фақат бир масалада дарбандликларнинг кекса авлоди қатъий туриб олдилар, — дейди дарбандлик суҳбатдошимиз, кекса отахон Юсуф Тоғаев. — Дарбандликлардан ким ҳаётдан ўтмасин, кексами, ёшми, ҳатто чақалоқларни ҳам Бойсундаги дарбандликлар хилхонасига олиб бориб дафн этишган. — Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, борди-келдиси билан уч юз чақиримча келадиган йўл босишнинг ўзи бўладими? — сўзида давом этди у. — Ўлим ҳақ, ўлим об-ҳаво, вақт танламайди. Қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирама чилласи дейсизми, эшак аравада, от-уловда, йиллар ўтиб енгил-елпи юк машиналарда маййит бир амаллаб манзилига етказиб борилган. Йўлда машиналар бузилиб қолган, ҳалокатга учраган воқеалар ҳам бўлган. Транспорт таъмирланибми ёки бошқа бирор от-улов топилгунча маййит йўл четига чиқариб қўйилган. Маййит совуқдан таёқдай қотиб, музлаб қолган, иссиқда пашша-чивинларга таланган ҳолатлар ҳам бўлган. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деганларидек шундай аянчли ҳолатлардан кейин ҳам дарбандликлар қайсарлик қилиб ўз сўзларидан қайтмаганлар. Эй, парвардигор ўжар бандангни ўзинг кечиргин, дейишдан бошқа на илож?!

— Бу кўргиликлар отам ҳалок бўлганларида бизнинг оила бошидан ҳам ўтган, — дейди Тўфа. — У пайтлар Бойсун — Музработ йўлларида қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куярди... Жон ғарот, мол ғарот дегани нима эканини бизлардан сўранг... Ҳамма гап шундаки, бу оғир, мусибатли ҳолат 61 йил давом этди! 61 йил-а!

 

Мулоҳаза:

Баёнлардан Музработда дарбандликлар учун қаб­ристон топилмабдими, деган ўйга борманг. Бир асрлик тарихга эга «Ҳожи оталар» қабристони дарбандликлар маҳалласининг шундоққина ёнида. Бироз нарироқдаги қабристон ҳам ободончилиги жиҳатидан Бойсундаги дарбандликлар қабристонидан қолишмайди... Ҳамма гап урф-одатларга кўр-кўрона ёпишиб олишда, тақлид қилишда, қолаверса, ақидапарастликда... Тўғри, ҳаётда анъаналар билан янгиликлар орасида ҳамиша кураш бўлган. Умрбод риоя қилиб келинган одатий нарсалардан воз кечишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Лекин ҳар бир нарса эскирганда, табиийки, янгиланиш зарурати туғилади. Урф-одатларни, турли ақидаю маросимларни яратувчилар ҳам, уни янгиловчи, ўзгартирувчи ҳам одамларнинг ўзлари-ку! Яшаш тарзини қийинлаштираётган, одамларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан мушкул аҳволга солаётган ақидалардан воз кечишни ижтимоий турмуш тарзи, давр талаб этиб турса, нега бу янгиликка амал қилмаслик керак?! Бундоқ қараганда, Музработ ҳам, Бойсун ҳам бир воҳа — она Сурхон туп­роғи-ку!

Маййит тобутга қўйилиб, одамлар уни елкаларига олишлари билан манзил-маконига тезроқ етказишларини кутармиш... Шундай экан, маййитни маҳтал қилмай, унинг ризолиги учун ҳам боқий дунёсига тезроқ етказиш ҳар қандай ақидапарастликдан устун эмасми?!

— Ҳақ гап! — дейди олим Дарбандий. — Музработ — Бойсун оралиғидаги борди-келди машаққатлари аввало дарбандликларнинг ўзларига ҳам моддий, ҳам маънавий қийинчилик келтирди, тоқатлари тоқ бўлди ҳамки, қани орқага қайтишса бу қавмим... Қарасам, иш чатоқ... Ўйлаб ўйимга етолмадим, маслаҳатга ўша пайтдаги Музработ тумани ҳокими Шамсиддин Орипов қабулига кирдим. Дарбандликлар учун Музработда алоҳида қабристон учун жой ажратиб берилса, балки бу муаммо ўз ечимини топар, деган фикрни ўртага ташладим. Ҳоким мардлик қилди. 2010 йилнинг 10 феврали Музработ ҳокими Ш.Орипов дарбандликларга қабристон учун тумандаги захира ерлардан ўн ярим гектар ажратиб бериш тўғрисидаги қарорга қўл қўйди. Шунда ҳам вазият ўзгармади. Бу орада қанчалаб дарбандликлар оламдан ўтиб кетишди. Аҳвол эса ўша- ўшалигича қолаверди...

 

Дилбар Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: