Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
12.02.2019

ҚОРАҚОШЛИ, ҚОРАСОЧЛИ... ҚИЗ

Бир куни дарсдан қайтаётганимда, рўпарамдан келаётган чамаси ўн тўққиз — йигирма ёшлардаги қиз эътиборимни тортди. Сочлари елкасига тушган, устидаги кийими ҳам антиқа. Тор футболкасининг кўксида «love me» («мени сев») деган шаполоқдай ёзув. Яқинроқ келганимда қарасам, қулоғида сирғаси ҳам бор экан... Кўринишдан ўзбекка мутлақо ўхшамайди. Аммо, афсуски ўзбек экан. Ёнимдан ўтиб кетаётганида билдим, телефонда ўзбекча гаплашиб кетаяпти. Бунинг устига қиз бола эмас, йигит экан...

Қизиқ, йигит киши сочини ўстириб, бунинг устига сирға тақиб олиши нимаси? Бу нимани билдиради, модага ўчликми, тақлидми? Тўғри, илма-тешик шимда юрадиган қизларни, соч ўстириб, сирға тақиб олган йигитларни кўрганда кўпчилигимиз ажабланмай ҳам қўйдик.

Глобаллашув яшин тезлигида дунёни ўраб, чирмаб олмоқда. Бундай жараёнда миллий қадриятларни сақлаб қолиш осон эмас, деб ўйлайман. Ота-боболаримиздан бебаҳо мерос бўлиб қолган асл қадриятларимиз учун курашмасак, ютқизамиз. Курашганда ҳам дадил, муросасиз бўлмоғимиз керак. Сусткашлик, эътиборсизлигимиз ўзимизга душман бўлади.

 

Ҳилола Абдужаббарова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети талабаси:

— Наманган вилояти муҳандислик институти қошидаги Тўрақўрғон академик лицейида бир дугонам бўлар эди, кийиниш деганда ҳаммадан ўтаман, дерди. Ростдан ҳам унинг кийинишига кўпларимиз ҳавас қилардик. Кийимлари қимматбаҳо эмасди, аммо бежирим, озода, тоза бўларди, ўзига жуда ярашарди. Соч турмаклари ҳам ўзбекона эди. Энди билсам, у дид билан кийим танларкан. Кийиниш маданияти дегани шу бўлса керак. Тиззаси йиртиқ шим, хорижий тилда нимадир ёзилган футболка ёки калта юбка кийиш маданият эмас, балки кўр-кўрона бировга тақлид, аниқроғи енгилтаклик эканини энди тушуняпман. Биз ўзбек қизлари қачон гўзал бўламиз, қачонки ўз миллий қадриятларимизга амал қилсак. Кийиниш ортида ҳам ҳаё, ибо, тарбия, маданият бор.

 

Баҳодир Зоҳидов, ҳарбий хизматчи:

— Олифта йигитми, қизми, менга умуман ёқмайди. Бўйнига занжир, қўлига иккита-учта узук таққан йигит, йиртиқ шимли қиз, айниқса, сочини сап-сариқ қилиб бўяб олган қизлар дунёқараши маълум. Маданиятли, билимли ёшлар ҳеч қачон ўзини бундай тутмайди. Кийими ўзига ярашган, камтар, муомилали бўлса, ҳурмат қиламан. Айниқса, кийиниш борасида бировдан ўтиб кетаман, деган нарса хаёлимдан ўтмаган. Чунки, қаерга қандай кийиниб боришни, қайси кийим ярашишини яхши биламан.

 

Наргиза Ваҳобхўжаева, тикувчи:

— Миллий либосларни жуда ҳам яхши кўраман, бошимдан дўппи тушмайди. Ҳар бир қиз-аёлларимизга дўппи, атлас кўйлак ярашади. Кийим ранги, фасони дид билан танланиши лозим. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда турли хил либослар расми чиқади, бизга ярашадими ё йўқми, бўлди, унинг расмини олиб тикувчига олиб борамиз. Маҳалламизда биздан икки-уч ёш катта бир қиз бор эди. Соддагина эди. Шу табиий соддалиги билан гўзал эди. Нима жин урди, билмайман. Бир минимаркетга сотувчи бўлиб ишга киргач, ўзгарди қолди. Сочлари сариққа, юзлари, лаблари ҳар хил рангга бўялди, тор шим киядиган бўлди...

Биз сочимизни сариққа бўяймизми, тиззаси йиртиқ шим ёки кўксида инглизча ёзилган футболка киямизми, барибир, ўзбеклигимизча қоламиз. Ўзбек бўлиб туғилганимизга шукр қилишимиз, фахрланишимиз керак. Негалигини қандай юртда яшаётганимиз, қандай буюк аждодларимиз борлигини ўйласак, англаб етамиз.

Энди қизлар ўйлаб кўрайлик, синглимизга қўғирчоқ совға қилиш учун дўконга кирдик. Калта кўйлакли ёки бошқа миллий кийимдаги, сариқ сочли, мовий кўзли қўғирчоқ ёнида атлас кўйлакли, қорасоч, қорақош қўғирчоқ турибди. Қайси бири кўзимизга оловдай кўринади, юрагимизни жизиллатади?... Албатта миллий либосдагиси. Чунки, биз ўзбекмиз, ўз урф-одатларимиз, либосларимиз билан гўзалмиз, қадрлимиз.

 

Умида НИШОНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети талабаси.



DB query error.
Please try later.