12.02.2019

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИ

малакали судьяларни тайёрлаш одил судлов даражасини оширишга хизмат қилади

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдан кўзлаган асосий мақсаддир. Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида муносиб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш зарурлигини, бунинг учун Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинган эди. Шу билан бирга, 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Мурожаатномада таъкидлаб ўтил­ган ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг янги тизими жорий этилди ҳамда мазкур тизимининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

иккинчидан, судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш;

учинчидан, судьялик лавозимларига номзодлар стажировка ўташининг сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш, шу жумладан илмий-тадқиқот фаолияти ва ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

тўртинчидан, иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига жорий этиш;

бешинчидан, судьялик лавозимларига номзодларни қонунчиликдаги долзарб янгиликлар, мамлакатимиз ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда норма ижодкорлиги фаолияти ҳолати ва тенденциялари билан таништириш.

Бу вазифаларни сифатли ва ўз вақтида тўлиқ бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни таъминловчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ, Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларни судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитишга, илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича тайёрлаш жорий этилди. Судьялар олий мактаби магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг қабул қилинади. Магистратурага қабул қилинган тингловчилар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод этилади ва уларга судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади. Магистратурага тингловчилар грант асосида қабул қилинади ва магистратура тингловчилари асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод этилганда, эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади.

Алоҳида қайд этиш керак, судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади ва унгача бўлган даврда судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, Судьялар олий мактабида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар – касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган икки ойлик курсларда қайта тайёрланади. Шунингдек, судьялар, ва судлар аппарати ходимлари қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳиятини етказишга, касбий, жумладан, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ҳамда қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларини такомиллаштиришга қаратилган икки ҳафтадан кам бўлмаган курсларда малака оширади.

Қарорга мувофиқ, Судьялар олий мактабининг устави, тузилмаси ва бошқарув органлари белгиланди. Хусусан, Судьялар олий мактабига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ва Судьялар олий мактаби директори лавозими бўйича бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзоси ҳисобланади.

Судьялар олий мактабининг мах­сус унвонлар ва мансаб даражаларига эга бўлган ходимларига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси томонидан белгиланган тартибда махсус унвонлар ва мансаб даражалари берилиши белгиланди. Шунингдек, Судьялар олий мактабига ишга жалб қилинган ва малака даражаларига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларда судья мақоми сақлаб қолинади ҳамда судьялар ва уларга тенглаштирилган шахслар орасидан ишга қабул қилинган ходимларнинг Судьялар олий мактабида ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади. Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилиши белгиланди.

Мухтассар қилиб айтганда, малакали судьяларни тайёрлашнинг янги тизими жорий этилиши жамиятимизда адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигига эришишда судья ва суд ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида тўлиқ, сифатли бажарилишига ҳамда одил судловнинг юқори даражасига эришишга хизмат қилади.

 

Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби масъул ходими, 3-даражали адлия маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: