Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
12.02.2019

ҲАҚИҚАТНИНГ ЮЗИГА ТИК БОҚАЙЛИК

Мен «Ўзбекистон овози» газетасининг мухлиси сифатида уни мунтазам ўқиб бораман. Газета мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ўнгланишига, аҳоли маънавиятини юксалтиришга қаратилган таҳлилий мақолалари билан ажралиб туради. Жамиятимизда эришилган ютуқларни ёритиш билан бирга энг оғриқли нуқталарни ҳам четлаб ўтмайди. Ҳозир йўқ нарсани бўрттириб, камчиликни хаспўшлайдиган матбуотнинг даври ўтди. Одамларни ширин ёлғонлар билан «боқадиган» газеталар аста-секин назардан қолаётганини кўриб турибмиз.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 2018 йил 1 ноябрда чоп этилган Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев ва доцент Мардон Болтаевларнинг «Илтимослар ёки илдиз отган иллатлар ҳақида» номли мақоласи эълон қилинган эди. Аввало, ушбу мақоланинг сарлавҳаси диққатимни тортди. Уни ўқиб чиқиб, гап нима ҳақида кетаётганини тушундим. Муаллифлар ўта долзарб масалани кўтарган ва кундалик ҳаётимизда одат тусига кириб қолган турли хил «илтимос»ларнинг салбий оқибатларини асосли далиллар билан кўрсатиб берган.

Ушбу мақола Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг навбатдаги маънавият соатида домлалар ва талабалар ўртасида кенг муҳокама қилинди. «Илтимос» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, у луғавий «ўтинч, илтимос, афв, кечириш» маъноларини англатади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ушбу тушунчага муддаони (мақсад, истакни) қондириш ҳақида қилинган мурожаат, сўраш ёки талабни қайд этувчи мурожаат шакли сифатида иккита изоҳ берилган. Бундан кўриниб турибдики, аслида илтимоснинг ҳеч ҳам иллатга дахли йўқ.

Аммо инсон битта илтимос орқали яхши нарсаларни ўз манфаатига мослаб ёмон қилиб юбориши ва мос равишда ёмон нарсаларни яхшилаб олиш қудратига ҳам эга. Одамда иймон-эътиқод суст бўлса, унинг барча ҳаракатлари ўз манфаатини қондиришга қаратилган бўлади. Бундай ғаразли мақсад маънавиятга путр етказади.

Мақолада қайд этилганидек, илтимос ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, одамларнинг муносабатларида кенг қўлланиб келинмоқда. Биз ушбу тушунчанинг таълим соҳасидаги кўринишига эътибор қаратмоқчимиз, холос.

Мақолада ота-оналар, «тоғалар» томонидан боласи ёки жиянига баҳо қўйдириш учун қилинадиган илтимоснинг келажакда нечоғлиқ салбий оқибатларга олиб келиши, пировардида, жамият тараққиётига тўсиқ бўлиши хусусида етарлича фикрлар айтилган. Энг ёмони, ўша ота-она, «тоғалар» ҳам боласи ёки жиянининг ўқиши учун эмас, балки билмагани, боз устига ўқимаганлигини рағбатлантириб, домлалардан баҳосини қўйиб беришни илтимос қилишади. Ҳатто бунинг учун домлани рағбатлантиришга ҳам тайёр. Шу туфайли бунга батафсил тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Лекин менинг ҳам ота-оналар ва «тоға»ларга илтимосим бор: «Оғайнилар, илтимос, энди фарзандларимизга баҳо қўйинг, деб эмас, боламни яхши ўқитинг, билмагунча баҳо қўйманг, деб илтимос қилайлик». Нохолис илтимоснинг кўп салбий оқибатлари бор. Бунда биринчидан, талабалар билимини баҳолашда адолат мезони бузилади. Ўқиш иштиёқида юрган талабалар ҳам баҳони ўқимасдан олиш мумкин экан-ку, деган фикрга келади ва ўқимасдан қўяди.

Иккинчидан, бу салбий ҳолат ёшлар онгида ноҳақлик, адолатсизликка кўникма ҳосил қилади. Ҳар бир илтимос ўз ўрнида, адолат нуқтаи-назаридан ишлатилса ва қўлланилса, бу албатта муваффақиятга йўл очади, муҳит соғлом бўлади.

Янгиланаётган жамиятимизда бу каби иллатлардан батамом воз кечишимиз ва бир-биримизга аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтиш, ҳақиқатнинг юзига тик қарашимиз лозим бўлади.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.