Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
12.02.2019

520 МИНГ КИШИНИНГ ПЕНСИЯСИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2019 йилга белгиланган асосий вазифалар мавзуида матбуот анжумани ўтказди.

— Ўтган йили тизимда бўлган ўзгаришлар Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси билан боғлиқдир, — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Ёрқин Турсунов. — Жамғарманинг 2018 йилги аниқланган даромадлари прогноз кўрсаткичи 24 057,1 миллиард сўмни ташкил этди. Шунингдек, пенсия ва ижтимоий нафақа тўловлари ўз муддатида молиялаштирилиб, тўлиқ тўланиши таъминланди. Мисол учун ўтган йил 330,5 минг нафар фуқарога пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланган бўлса, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига асосан пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 485,9 минг нафарга етган.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январь ҳолати бўйича 65 ёш ва ундан ошган ҳамда 2010 йилга қадар пенсия тайинланган фуқароларни пенсиясида аниқланган ортиқча тўловлар қарздорликлари ҳисобдан чиқарилди ҳамда Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлдаги ҳамда 2018 йил 13 октябрдаги фармонларига асосан ўтган йилнинг 15 июлидан ва 1 ноябридан пенсия ва нафақаларнинг миқдорлари мос равишда 7 фоизга ва 10 фоизга оширилиши таъминланди. Шу билан бирга, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилиши ҳисобига 2019 йил 1 январдан 520 мингга яқин фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисобланди.

Жамғарма томонидан пенсия ва нафақа тўлови ведомостларини Халқ банкига ва тижорат банкларига фақат электрон шаклда юбориш тизими жорий этилган. Шунингдек, пенсия ва нафақа тўловлари муддатида тўғри амалга оширилгани ҳамда фуқароларга пенсия миқдори ва тўлов куни ҳақида маълумот олиш имкониятини яратиш мақсадида «on-line» тарзида жорий қилинган. Бепул «SMS-pensiya» интерактив хизматига 1,9 миллион нафардан ортиқ фуқаронинг мобиль телефонлари уланган. Қолаверса, «Пенсия» дастури билан «Электрон ҳукумат» ахборот тизимини ўзаро электрон боғлаш натижасида фуқароларнинг паспорт маълумотлари автоматик тарзда юкланиши, шунингдек, бола туғилганда ва дафн маросими учун нафақаларни тайинлашда маълумотларни ФҲДЁ ахборот тизими маълумотлари билан электрон шаклда солиштириш механизми йўлга қўйилди.

Шунингдек, тадбирда жорий йилда жамғарма олдида давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, ҳудудларда пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлаш жараёнида коррупция ҳолатларини аниқлаш мақсадида «Сирли мижоз» тизимини жорий қилиш, фуқароларнинг нафақа ёшини белгилаш бўйича тақдим этилган таклифлар бўйича ишларни давом эттириш тўғрисида маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: