Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
12.02.2019

ҚУТҚАРУВЧИ, ЧАНГЮТГИЧ, АЙҒОҚЧИ РОБОТЛАР

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Robot-uz 2019” роботатехника соҳасида иқтидорли талабалар республика танлови бўлиб ўтди. Унда роботлар танлови, LEGO конструкторларида йиғилган роботлар пойгаси, лабиринтдан ўтиш, ким чаққон (радиобошқарувга эга роботлар учун), интеллект даражасини намойиш қилиш, роботлар иштирокида футбол мусобақаси каби синовлар ўрин олди.

— Мазкур ускунамиз рақамлаштирилган дастур асосида ишлайдиган станокдир, — дейди Ёнғин хавсизлиги ин­ститути ўқитувчиси Аҳрор Пардабоев. — Мана бу Y, буниси X ўқи, мана бу ерда кордината турибди. Чизилиши керак бўлган расм ҳақида махсус дастур воситасида станокка буйруқ берсангиз, ўша расмни лазер орқали чизади. Бунинг учун станок 3 вольт қувват сарфлайди. Агар каттароқ қувват берилса, метални ўйиши ёки қирқиши мумкин. Ушбу ускунамизнинг ёнғин хавфсизлигига боғлиқлиги шундаки, у кординатани аниқ топмоқда. Йирик биноларимизнинг атрофига мана шундай X, Y ўқларини кучли ва мустаҳкам қилиб тортмоқчимиз. Нима учун? Сабаби ёнғин чиққан айрим жойларга ўт ўчирувчилар киролмаслиги мумкин. Бизнинг роботимиз эса бундай жойларга бора олади. Яъни, кординатадан бинодаги ёнғин жойини аниқлаб, роботга буйруқ берамиз ва у ёнғинни бартараф қилади. Унинг 3-4 дастури бор. Масалан, 10 см чапга юр, юқорига чиқ, деб буйруқ берсак, уни бажаради, тезлигини ҳам оширсак бўлади. Роботимиз ҳимоя воситаси билан таъминланади ва ёнғин вақтида устига бирон бир нарса тушса, ундан қутилиши мумкин. Ишлаш тартиби оддий: Кординатани киритасиз ва буйруқ бериб турасиз, айтган манзилингизга боради ва ёнғинни ўчиради.

— Сув омборларида, каналларда сув тақсимоти қўлда бажарилади, биз мазкур жараённи телефон орқали бошқариш усулини таклиф қиляпмиз, — дейди Тошкент давлат техника университети катта ўқитувчиси Бобуржон Зайниддинов. — Ускуна сув омоборига қўйилгач, йиғилган сув миқдори, фермер хўжаликларига, истеъмолчиларга қанча сув берилиши ҳамда ҳудуддаги умумий ҳолат ҳақида киритилган телефон рақамига хабар юбориб туради. Сиз уни Ўзбекистоннинг исталган жойидан туриб бошқаришингиз мумкин. Маълумотлар сир сақланиши учун криптографик хавфсизлигини туздик. Бунинг учун Интеллектуал мулк агентлигидан патент олганмиз. Ускунамиз Фарғона каналида синовдан муваффақиятли ўтган.

— Бунинг исми Робот манипулятор, у қутқарувчи робот ҳисобланади, — дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 4-курс талабаси Нодиржон Қобилов. — Одам боролмайдиган, киролмайдиган жойлар, заҳарли ҳудудлар ва бошқа ноқулай шароитли жойларга роботимиз бора олади. У махсус кийим орқали 1 километр масофадан бошқарилади. Бугунги кунда роботларнинг энг катта муаммоси ҳаракатларни инсон даражасида аниқликда бажара олмаслигидир. Бизнинг робот одам нимани бажарса, шуни худди одамдек аниқ амалга оширади. Бизнинг ютуғимиз мана шундадир. Шунингдек, унга сунъий ақл ўрнатдик. У интернетга уланмасдан ўзи одамлар билан гаплаша олади. Бирон бир манзил сўралса, кўрсатиб юборади. Музейга кирдингиз, маълум бир экспонат ҳақида сизга муълумот керак, роботдан сўрасангиз, у ҳақидаги барча маълумотларни айтиб беради ва видеоларни кўрсатади. Дастурий тиллар ўзбек тилида ёзилмаганлиги учун ўзбек тилини қабул қилмаяпти. Келажакда уни янада такомиллаштирамиз.

Мана бу ускунамиз эса иссиқхоналарда қўл меҳнатини камайтириш учун ерни юмшатадиган робот. Иккита катта мотор қўйилган, 7 амперда ишлайди. Олдида тўсиқ бўлса, уни айланиб ўтиш учун иккита кўз ўрнатилган. Бири кўршапалак сингари ультратовуш юборади, иккинчиси қабул қилади. Мана шундай тарзда олдидаги тўсиқни аниқлайди. Қанча ерни ҳайдаш кераклиги тўғрисида дастурга киритасиз ва уни ўзи ҳайдаб чиқади. Бир марта қувватлантирилганда бир соат давомида фойдаланса бўлади. Ҳозирда ундан фақат юмшоқ ерларда фойдаланиш мумкин. Бугунги кунда уни такомиллаштириш устида ишлаяпмиз.

— Масофадан бошқариладиган ақлли чангютгични, ёқиб қўйиб юборсангиз бўлди, ўзи хонани тозалаб чиқади, — дейди Тошкент давлат техника университетининг 1-босқич талабаси Амина Бекпўлатова. — Ўзини-ўзи бошқаради, яъни хонанинг қаерида чанг бўладиган бўлса, ўша ерни тозалайди. Дастурини Arduino Unoga ёздик, ғилдиракларини ишлатиш учун драйвердан фойдаланганмиз. Юриш йўлини, масофани ўлчаб юриш учун махсус даччик қўйилган. Хонамни тозалаш учун ёқиб, қўйиб юбораман, ўзи тозалаб чиқиб кетади. Буйруқ бериш шарт эмас. Фақатгина битта камчилиги бор. Қутисида чиқинди тўлиб кетса, уни ўчириб, ўзингиз олишингиз керак. Бу камчиликни ҳам тўғрилаймиз. Мусобақага қадар бунга улгурмадик. Лекин шунга қарамай ҳозирда унга буюртмалар оляпмиз. Нархи ўртача 500 минг сўмга боради. Бу 5 нафар курсдошимиз билан жамоа бўлиб ясаган биринчи роботимиз. Бундан ташқари, жамоамиз билан футболчи ва Сумо роботларини ясаганмиз.

— Улардан бири мана бу роботимиздир, у реклама учун мўлжалланган, — дейди Аминанинг курсдоши ­Санжар Рўзимуродов. — Биз буни университетда қўшимча дарс бўладиган хонага кираверишда жойлаштирганмиз. Кирган одамга салом бериб, саволларига жавоб беради ва бошқа амалларни бажаради. Ҳозирча тўлиқ мукаммаллаштирганимиз йўқ. Сабаби бизда қувват манбаи тизимида муаммолар бор. Бу муаммо фақат бизда эмас, бошқаларда ҳам бор. Кучдан ютуқ оламан десангиз, тезликдан ютқазасиз, тезликдан ютуқ оламан десангиз кучдан ютқазасиз. Бу физиканинг олтин қоидаларидан бири. Японияда ASIMO деган робот бор. Унда бу камчилик бартараф этилган. Сабаби унинг тизими бошқача. Мисол учун японлар ASIMOнинг ҳар бир қисмини ўзлари ишлаб чиқаришади. Биз робот ясаш учун унинг қисмларини четга буюртма бериб, олдириб келтирамиз. Уни ампери, кучланишлари кўрсатилган бўлади. Биз ўша кучланишни топиб бера оламиз, муаммо тарафи шуки, у катта бўлиб кетади ва мувозанат бузилади. Оғирлик бузилгандан кейин робот ҳажми меъёрда бўлмайди. Бунинг бир йўли роботнинг ҳамма қисмларини ўзимиз ясашимиз керак. Бунинг учун эса бизга ҳомий керак. Роботнинг бир қисмини ҳаракатлантириш 90 минг сўм, ҳар бир бармоқни бурилиши 95 минг сўм атрофига боради. Бундай ҳаракатланишлар кўплигини тушунган бўлсангиз керак. Уларни ҳисобласангиз қанча пул бўлади? Бу бизга оғирлик қилади. ASIMOни ҳам ўзимиз ясасак бўлади, фақат бизга ҳеч бўлмаганда материалларига ёрдам беришса ва кўпроқ вақт берилса бўлди.

— Уйингиз қаровсиз қолган вақтда сиз телефон билан уйни бемалол кузата оласиз, бунинг учун бизнинг ускунамиз сизга ёрдам беради, — дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети 2-босқич талабаси Элбек Маҳмаров. — Айтайлик ошхонада газ миқдори меъёрдан ошиб кетди, қурилма ошхонангиздаги газ миқдори, ҳаводаги намлик ва бошқа маълумотлар ҳақида телефонингизга хабар юборади. Ундан кейин деразаларни очиб, ҳаво ҳароратини меъёрига келтиради, вазият ўнглангач, эшик-деразаларни ёпиб, сизга уйнинг ҳолати ҳақида тўлиқ маълумот юборади. Шунингдек, уйингизда болангиз бир ўзи қолди, у йиғлаганда қурилма истасангиз интернетга уланиб уни кўрсатиши ёки телефонингизга хабар юбориши мумкин.

Бундан ташқари, учувчисиз парвоз қиладиган дронларни такомиллаштирганмиз. Тоғли ҳудудларда, газли жойларда, одам бориши имкони қийин ёки умуман йўқ бўлган ҳолларда дронни юбориш мумкин. Дрон мазкур жойдаги вазият ҳақида хабар юборади, унга радиация ҳам таъсир қилмайди, ҳажмини 2-3 баробар кичрайтириш мумкин. Шунингдек, уларни ҳарбий соҳада ҳам қўллашни йўлга қўйдик.

Бундан ташқари, мана бу роботимизни ҳам ҳарбий соҳада қўллаш мумкин. Биз уни товуш тўлқини билан бошқармиз. Сабаби электромагнит тўлқинини бузиш осонроқ. Ҳаккерлар электромагнит тўлқинини бузиб, роботни сизга қарши қўллаши мумкин. Биз масофадан туриб кичкина частотали товуш тўлқини юбориш орқали роботни ҳаракатга келтирамиз. Ҳудуд ҳақида барча маълумотларни олиш учун унга газ даччиклари, камера қўйилади. Ташқи кўринишини ҳақиқий ҳайвондек ясаш мумкин. Ҳозирда биз уни ит ва чаёнга ўхшаган шаклларини ясаганмиз. Мазкур роботнинг ютуғи бир томондан юқори хавфсизлиги таъминланган бўлса, иккинчидан айғоқчилик вазифасини ҳам бажаради.

Шунингдек, Сумо роботларимиз ҳам бор. Бугунги мусобақада мана бу роботимиз учинчи ўринни олди. Биринчи ўринни олиши мумкин эди. Фақат қувватида бироз муаммога дуч келдик. Кейинчалик буни тўғрилаймиз.

— Зудлик билан Самарқандга боришингиз зарур бўлиб қолди, самолётлар бор, лекин уни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармаслиги мумкин. Магнитли поезд эса ҳам тез, ҳам арзон, — дейди Тошкент темир йўл мухандислари институти 2-курс талабаси Абдулазиз Ботиров. — Магнитли поезд бошқа поездларга қараганда энергияни кам сарфлайди. Магнитнинг иккита плюс ва минус томони бор. Бири ўзига тортса, иккинчи узоқлаштиради. Поезд мана шу жараён натижасида ҳаракатга келади. Бу усул ҳозирда Хитой ва Кореяда йўлга қўйилган ва ўз ишини муваффақиятли амалга оширмоқда. Унинг тезлиги соатига 600 км атрофида бўлиши мумкин. Шунингдек, унга энергия тежовчи ускуналар ҳам қўйилган ва сарфланган 100 фоиз қувватни 60 фоизини ҳаракат вақтида қайта йиғиб олади. Бугунги тадбирга олиб келган макетимда мазкур жараёнларни иштирокчиларга кўрсатиб бердим.

Шунингдек, темир йўл четидаги симёғочларга махсус даччиклар ўрнатдим. Ҳаракат бўлса, уни аниқлаб сигнал беради ва чироқлар ёнади. Ҳаракат йўқ вақтда эса чироқлар ўчирилади. Бу ҳам энергияни тежашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ундан бошқа соҳаларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Роботатехника, дастурлар яратиш, умуман, ушбу йўналишда иқтидорлилар Ўзбекистонда кам эмас, жуда ҳам кўп. Фақат улар билан ҳамкорликда, тушуниб ишлаш зарур. Ҳозирги вақтда энг катта маблағлардан бири мана шу йўналишда эканлигини дунё кўрсатмоқда. Япония, Корея ва Хитойнинг роботатехника йўналишидаги университетларининг банкдаги миллиардлаб маблағлари айнан мана шундай ихтиролар, янгиликлар, роботларни яратиб, сотиш эвазига келиб тушган. Биргина Хитой бу борада дунёда қандай мавқега эришганини кўриб турибмиз.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Бугунги ёшларимиз яратаётган ихтиролар кишини қувонтиради, кўнгилда ғурур уйғотади, Ўзбекистонимиз келажаги буюк бўлишига ишонтиради. Чунки, айнан ихтиролар, кашфиётлар давлатни бой, кучли-қудратли қилади, аҳоли ҳаётини фаровонлаштиради. Аммо ихтирочи талабалар сўзларидан кўриниб турибдики, бугун уларга ҳомий керак, уларни қўллаб-қувватлаш керак. Улар бошини қовуштириб, кўнглини кўтариб, катта ишларга руҳлантириб бориш эртага ўзининг мевасини албатта беради. Бошқача айтганда, бугун уларга берилган эътибор, сарфланган маблағ келажакда юз карра, минг карра бўлиб қайтади.

Бизнингча, бу масала устида янада жиддий ўйлаб кўриб, дахлдор идора ва ташкилотлар бирлашиб, махсус дастур ишлаб чиқариши лозимга ўхшайди. Бу масалада қанча кечиксак, шунча ютқазамиз, деб ўйлаймиз. Ихтиролар қадр-қиммати унча-мунча ­хом-ашёдан юқори туради...



DB query error.
Please try later.