Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
12.02.2019

ҚОНУНЛАР ТЕЗ ЎЗГАРАДИ. НЕГА?

«Ҳаракатлар Стратегияси» марказида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан «Қонунлар нормаларини ҳаётга тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини такомиллаштиришда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки» мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, депутатлар, ижрочи котиблар, олим ва мутахассислар иштирок этди.

— Барча даражадаги партия ташкилотлари фаолиятида тизимлилик, узвийлик таъминланиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Айтиш керакки, бугунги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Қонун лойиҳаларига таклифлар олишда марказ ва қуйи бўғин орасида алоқа узилиб ­қоляпти, оқибатда қонунлар ҳаётдан узоқлашиб кетмоқда. Бунга номига, саёз, асоссиз таклифлар берилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Партиянинг туман, шаҳар бўлимларида ишлаётган ижрочи котибларнинг фаолиятини ҳам қониқарсиз, деб баҳолаш мумкин. Мазкур бўғин мутахассислари кўп ҳолларда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, депутатлар билан тизимли мулоқот ўтказиш тугул, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканлигини ҳам билишмайди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларда депутатлик гуруҳларининг таъсири сезилмаяпти. Қуйи ташкилотлар ва депутатлар фракцияда кўрилаётган қонун лойиҳаларидан етарлича хабардор бўлмаяпти. Ўз вазифасига совуққонлик билан қарайдиган, сайловчилари билан ойда бир кўришиб дардини тингламайдиган депутатнинг бундан қандай хабари бўлсин?..

Қонунларнинг ҳаётийлигини та­ъминлашда ижрочиларга етказиш масаласи ҳам муҳим. Таъсирчан назорат усулларини ишлаб чиқиш зарур. Негаки, кўплаб қонунлар қабул қилинади, ижросига келганда муаммоларга дуч келинади. Ҳолатни атрофлича ўрганишни бошласангиз, унинг замирида ўткир ҳаётий муаммолар ётганини кўрасиз. Қонун бир тарафда, ижтимоий муносабатлар бошқа тарафда қолади. Аслида қонун бундай муносабатлардан бир қадам олдинда юриши керак.

— Кўпчилигимиз қонуности ҳужжатлар билан ишлашга ўрганиб қолганмиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Дейлик, соғлиқни сақлаш тизимида янги қонун қабул қилинди. Албатта, кўп ўтмай, унинг асосида бир қанча қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Бундай вазиятда фуқаронинг манфаати доимо биринчи ўринда туради, дея олмаймиз. Негаки, қонуности ҳужжатлари асосан ташкилот, идора ва вазирликнинг бошқарувига қулай шаклда тузилади.

Яна бир муҳим масала. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасига кўра, уларнинг матни қисқа ва равон тилда баён этилиши лозимлиги белгиланган. Бунда фойдаланилган тушунчалар, атамалар турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда қўлланилиши керак. Масалан, ўтган йили ишлаб турган нафақадаги шифокорларга пенсиялар тўлиқ тўланиши тўғрисида қарор қабул қилинганди. Қарорнинг қўлланилиши билан боғлиқ масалаларда айрим тушунмовчиликлар бўлди. Шу боис баъзи вазирликларга мурожаат қилиниб, изоҳ сўралди. Тан олиб айтиш керак, бир қанча ҳужжатларимиз борки, улар қабул қилингандан кейин алоҳида изоҳлашга, шарҳлашга тўғри келади. Ваҳоланки, қонун, меъёрий ҳужжат оддий усулда, ҳаммага тушунарли шаклда ёзилиши керак. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда шу масалага алоҳида урғу бериш лозим.

— Қонунларимизни хорижий мамлакатлар қонунлари билан со­лиштирганда уч жиҳатга эътибор қаратиш керак, — деди Ўзбекистон ХДП фаоли, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарбат ­Абдуллаева. — Биринчидан, қонунларимиз тез ўзгарувчан. Дунёда шундай Конституциялар борки, юз йиллаб ўзгартириш киритилмаган. Давлатнинг бошқа қонунлари ҳам шунга асосланади. Бизда эса бир қонун қабул қилинадию, кўп ўтмай бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Тўғри, буни замон талаби, деб баҳолашингиз ҳам мумкин. Аммо ҳар бир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган вақтда мукаммал тарзда, келажакни ўйлаб тайёрланиши ва у тўлақонли равишда халқ, жамият учун хизмат қилиши керак, деб ўйлайман.

Иккинчи жиҳат. Маълумотларга кўра, бугунги кунда 36 мингдан ортиқ меъёрий ҳужжат мавжуд экан. Табиийки, фуқарода бу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиш имконияти йўқ. Шунингдек, вазирлик, мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган буйруқ, йўриқнома ва бошқа турли шаклдаги ҳужжатларда ўз манфаати устунлик қилиши бор гап. Вақти келганда улар бир-бирини инкор этиши ҳолатлари кузатилаётгани ҳам ҳақиқат.

Масаланинг яна бир томони. Аҳолининг аксарият қисмида қонунни бузиш мумкин, деган тушунча шаклланган. Ҳеч бўлмаганда, уни четлаб ўтиш чораларини ўйлашади. Нимага? Чунки қонунда шунга «шароит» бўлиши мумкин. Ривожланган давлатларда бунга йўл қўйилмайди.

Семинарда қонун ижодкорлиги йўналишида партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилгани таъкидланди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Қодир БУМАТОВ олган сурат.



DB query error.
Please try later.