Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.02.2019

ЙЎЛОВЧИЛАР МУАММОСИ ҲАЛ БЎЛАДИ

Газетанинг 2018 йил 4 декабрь сонида чоп этилган «Байрам яқин-таксилар «Уч» моқда ёки талабалар нега безовта?» сарлавҳали мақолада байрамлар, айниқса, Янги йил арафасида Тошкентдан Гулистон ва Жиззах шаҳарларига автобус қатнови қўйилмагани сабабли хусусий транспорт эгалари йўл ҳақини 2-3 баробар ошириб юбораётгани, бу ҳолат йўловчилар, айниқса, талабаларни ташвишлантираётгани айтилганди.

Ўзбекистон автомобиль таранспорти агентлигидан келган жавобда шундай дейилади:

Ушбу мақолада кўтарилган масала ҳақиқатан республикамизда нишонланадиган байрам тадбирлари олдидан нафақат талабаларни балки аксарият йўловчиларни безовта қилиб келади.

Шу сабабли, Агентлик раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракат ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳамда «Янги йил» байрам тантаналарини нишонлаш арафасида хавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилиш юзасидан барча худудий бошқармаларга тегишли топшириқ ва вазифалар берилди.

Жумладан, ушбу топшириққа асосан «Янги йил» байрами арафасида йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, Тошкент шаҳридан Республикамизнинг бошқа вилоятларига қатновчи йўналишларда, халқаро йўналишларда «Тошкент» автовокзали орқали ва шаҳарлараро йўналишларда «Бобуршоҳ» автостанцияси орқали йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар ҳамда ҳайдовчилар томонидан йўналишларда ўрнатилган йўлкира ҳақини суньий равишда ошириш ҳолатларини олдини олиш учун навбатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, ҳайдовчиларга «Янги йил» байрами олдидан тегишли йўриқнома ва тушунтиришлар бериб борилди.

Шу билан бирга, шуни маълум қиламизки, мақоладаги байрам тадбирлари арафасида ёки ёқилғи мойлаш материаллари баҳоси ошганлигини баҳона қилиб йўлкира нархларини суньий равишда ошириб олувчилар бу амалдаги қонунчиликка бўйсунмасдан, тегишли лицензия олмасдан фаолият кўрсатувчи ҳайдовчилардир. Қолаверса, буларнинг ноқонуний фаолияти аҳолининг автобус ва микроавтобусларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, очилган шаҳарлараро йўналишларининг рентабеллик даражасини пасайишига, оқибатида ушбу йўналишларда хизмат кўрсатувчи автокорхоналарнинг молиявий аҳволига таъсир кўрсатиб, йўналишларининг ёпилишига олиб келган.

Шу сабабли, Агентликка берилган ваколатлардан келиб чиқиб, Агентлик ҳудудий бошқармалари томонидан автотранспорт фаолиятини ноқонуний амалга ошираётган ташувчиларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриб бориш мақсадида, ИИВ ҳудудий ЙҲХБ билан ҳамкорликда рейд тадбирлари ўтказиб борилади. Жумладан, 2018 йил давомида Республика ҳудудида 15557 та рейд-тадбирлари ўтказилган бўлиб, тадбирда 56396 та хуқуқбузарликларни содир этган шахслар аниқланди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга қонуний чора кўриш учун юборилди. Маъмурий судлар томонидан 2018 йил давомида уларга нисбатан 27 миллиард 470 миллион сўмлик жарималар белгиланди.

 

Бошқарма бошлиғи

Р.Х.Рўзметов.

 

 

Таҳририятдан: Бугун пойтахтимиз Тошкентдан барча вилоятларимиз марказларига ҳатто айрим туман ва шаҳарларгача хусусий транспорт воситалари йўловчиларни ташимоқда. Ёки барча шаҳарлардан Тошкентга қатновчи хусусий енгил автомобиллар қатнови аллақачон йўлга қўйилган. Тўғри, улардан айримлари лицензияга эга. Кўпчилиги эса ноқонуний равишда йўловчи ташимоқда. 2018 йилда бундайларга 27 миллиард 470 миллион сўм жарима қўлланилгани буни исботлаб турибди.

Жавоб хатида кўрсатилишича, айнан ноқонуний хизмат кўрсатаётган ҳайдовчилар шаҳарлараро қатнаётган автобус ва микроавтобуслар рентабеллик даражасини камайтириб юбормоқда, автокорхоналар молиявий аҳволига таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда савол туғилади:

Биринчидан, лицензиясиз узоқ ҳудудларга хизмат кўрсатаётган транспорт воситалари хавфсизлигига ким жавоб беради, бу масалага қайси идора масъул? Нега томошабин бўлиб турибди?

Иккинчидан, автокорхоналарга тегишли жамоат транспортлари воситалари фаолияти талаб даржасида йўлга қўйилса, юз минглаб йўловчилар тўлаётган йўл ҳақи банкларга тушади, солиқ тўловлари амалга ошади.

Учинчидан, кимки ўз шахсий транспорт воситасида хизмат кўрсатишни истаса, марҳамат, белгиланган тартиб-қоида асосида лицензия олиб фаолият юритсин.

Бу масалаларга бефарқлик эрта бир кун, худо кўрсатмасин, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.



DB query error.
Please try later.