Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.02.2019

УМУМИЙ ЖИНОЯТЧИЛИК 33,5 ФОИЗГА КАМАЙГАН

«TARAQQIYOT STRATEGIYASI» марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги иштирокида 2018 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар таҳлили юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда вазирлик бош бошқарма, бошқарма бошлиқлари ва масъул ходимлари ҳамда мамлакатимиз ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилдики, 2018 йилда республика ички ишлар органларида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор тизимни халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилди.

Президентимиз қарори асосида Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида 73 ички ишлар бўлими ташкил этилди. Аҳолига энг яқин бўлган жойларда куч ва воситалар фаолиятини бевосита бошқариш ҳамда мувофиқлаштиришнинг самарали тизими яратилди.

Тошкент шаҳрида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини берганлиги боис ушбу тажриба Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларига ҳам татбиқ этилди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг сабабларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила-турмуш муносабатларида қотиллик ва қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг содир бўлаётганлиги бу йўналишга кўпроқ эътибор қаратишни талаб этмоқда.

Секторлардаги раҳбарлар билан ҳамкорликда энг қуйи бўғинда аҳоли билан учрашиш, оилалардаги муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиш ҳамда бартараф қилиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. Жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда низолашаётган яқин қариндошларни яраштириш юзасидан кўрилган чоралар натижасида оила-турмуш доирасидаги қотилликлар 19,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар эса 36,3 фоизга камайди.

Муқаддам судланганлар, хотин-қизлар, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада Ёшлар иттифоқи, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бандликка кўмаклашиш марказлари билан ўзаро ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Профилактик ҳисобда бўлган 3,5 минг нафарга яқин вояга етмаганлар билан манзилли чора-тадбирлар олиб борилди. Давомат тадбирлари давомида 8 минг нафарга яқин ўғил-қиз, шундан, 3 мингдан зиёдроғи мактаб, қолганлари лицей ва коллеж ўқувчиси таълим муассасаларига қайтарилди. Уларни спорт, факультатив тўгараклар, «Баркамол авлод» марказлари ва бизнес шохобчаларига жалб этиш чоралари кўрилди.

Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни 37,9 фоизга камайтириш имконини берди.

Ички ишлар органларининг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, прокуратура ва бошқа органлар билан олиб борган ҳамкорлиги натижасида 2018 йилда 2 минг 301 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади. Умумий жиноятчилик эса 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 33,5 фоизга камайди.

Бундай салмоқли ва ижобий натижаларга, энг аввало, жамоатчиликнинг кенг иштироки билан эришилган.

Шу сабабли келгусида мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратиш борасида тизимли равишда кенг қамровли профилактик тадбирлар олиб борилади.

Озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтган, ишламай юрган шахсларнинг 88 фоизи ишга жойлаштирилди. Уларнинг 24 фоизига моддий ёрдам кўрсатилиши натижасида муқаддам судланган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари 49,1 фоизга камайди.

Барча ҳудудларда тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш имконини берувчи замонавий тизимлар билан жиҳозланган 21 махсус хона ташкил этилди. Тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига 1 минг 814, тергов ҳибсхоналарига 123, реабилитация марказларига 283 замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилди.

Бундан ташқари, ҳудудларда ички ишлар вазирининг сайёр қабуллари ташкил қилиниб, муаммолар ҳудуднинг ўзида ўрганилмоқда. 2018 йилда 6 минг 200 нафардан зиёд фуқаро билан учрашув ўтказилиб, 3 минг 504 нафар фуқаронинг мурожаатларидаги масалалар ижобий ҳал этилди.

Шу билан бирга, 86 минг 523 нафар фуқаро ички ишлар органларининг раҳбарлари томонидан шахсан қабул қилинган. Жами тизим бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг 393 минг 493 нафар мурожаати кўриб чиқилди.

Матбуот анжумани якунида вазирликнинг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Равшан Шодиев,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.