Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.02.2019

«TАSHKENT СITY» — ПОЙТАХТИМИЗНИНГ КЎЗМУНЧОҒИ БЎЛАДИ

«Ҳар бир ўзбекистонлик Тайсонга қўшни бўлиш имконига эга», — деди журналистлар учун «Tаshkent сity»га ташкил этилган медиасаёҳатда ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

...Икки йил олдин пойтахтимизнинг марказида жойлашган Ўқчи ва Олмазор маҳаллалари нураб, тўкилиб қолган юз йиллик пахса ва синч иморатлардан иборат эди, деган гапга эрта бир кун ёшлар ишонмаслиги мумкин. Айрим уйлар томидан йиллар давомида чакки ўтган бўлса, айрим хонадон эгалари том босиб қолишидан қўрқиб, доимо хавотирда яшарди.

Уйлар деворлари зах тортиб, поллари чириган, марказий иситиш тизими, водопровод, канализацияга эга эмас эди. Бунинг устига, бир ҳовлида икки-уч оила тиқилиб яшаб келарди. Бир-биридан тор ва қоронғи жин кўчалардан кечалари юришга одам ҳайиқарди. Бу эски маҳаллаларда яшовчилар замонавий уйларга ҳавас билан қарашарди...

Мана, ниҳоят, уларнинг ҳам орзулари ушаладиган кунлар келди. Бундан икки йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан Ўқчи ва Олмазор маҳаллалари жойлашган 80 гектарлик майдонда «Tаshkent сity» халқаро бизнес-маркази қурилиши бошланди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 28 июлда қабул қилинган қарорда «Tаshkent city» қурилишини хайрия жамғармалари, инвесторлар маблағлари, кредит ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан эски ҳовлиларни бузиш ва аҳолини янги уйларга кўчириш амалга оширилди. Шу муносабат билан ҳар бир хонадон соҳиби оиласи билан алоҳида суҳбатлашилди, улар рози-ризолик билан Олмазор ва Яшнобод туманларида қурилган замонавий кўп қаватли турар-жойларга кўчирилди.

– Мен туғилган пайтимда «Маҳалла бузилади», деган гап бор экан, – дейди Олмазор маҳалласида яшаган Машҳура Ортиқова. – Мана, шунга ҳам 65 йил бўлибди. Маҳалла аҳли кўп йиллардан буён нима қилишини билмай, боши берк кўчага кириб қолган эди. Сотай деса, бузилади, деб ҳеч ким олмайди, яшашга имкон йўқ, иморатни қайта қурай деса, уларнинг ҳатто пойдевори ҳам йўқ эди... Ана шу ҳолатда кўп йиллар жон сақлаб келдик.

Президентимизга раҳмат, ҳар биримизнинг кўнглимизга қараб, маҳалла аҳли учун алоҳида қурилган кўп қаватли уйлардан турар-жой ажратилди. Ҳар бир уйнинг олдида болалар майдончаси, кексалар сайр қилиб, дам оладиган мўъжаз хиёбонлар бор.

– Энди ўша пайтдаги аҳволни айтмай қўяқолай, – дейди яна бир маҳалла фуқароси Жалолиддин Ботиралиев. – Бир хонадонда 14-15 киши яшардик. Ака-укалар, уларнинг оилалари, бола-чақа... ХХI асрда, Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган бу маҳаллага кирган одам ўзини ХIХ асрга тушиб қолгандай ҳис қиларди, десам, ишонмайсиз. Канализация йўқ, 15 кишига битта ҳожатхона, ювинишга имкон йўқ. Уят бўлса ҳам айтишим керак, ҳатто ҳожатга чиқишга навбат кутиб турардик. Уй зах, илон-чаёнлар чиқиб қоларди.

Айтсам, кўпчилик ишонмайди, чаён ўлдириш биз учун пашша ўлдиришдай гап бўлиб қолганди. Мен оилам билан 4х4 бўлган хонада яшардик. Ундан кичикроқ иккинчи хона ётоқхона вазифасини ўтарди. Икки нафар фарзандимиз шу жойда дарс тайёрларди, шу ерда овқатланиб, ётиб-турардик.

 Шу жойлар бузиладиган бўлиб, ака-укалар, ҳар биримиз алоҳида хонадонга эга бўлдик, болаларимиз илон-чаёнлардан қутилди. Айниқса, онам янги уйга кўчиб ўтганимизга ҳалиям ишонмайди. Президентимизга раҳмат, бизга шундай шароитларни яратиб бергани учун.

– Уйимиз кўчанинг бошида жойлашган эди, ўтган-кетган шу ерга чиқинди ташлаш билан, мен йиғиштириш билан овора эдим, – дейди Дилобар Ғуломова. – Бунинг устига, болалар ҳар куни уст-бошини кир қилиб келади, уларни ювиш керак, қуритадиган жой йўқ... Жуда ночор аҳволда қолган эдик. Мана, ниҳоят, орзуимиз ушалди, янги уй-жойларга кўчиб ўтдик. Ҳамма шароитлар муҳайё қилинган, худога шукур, камчилигимиз йўқ.

...80 гектарлик майдонда барпо этилаётган «Tаshkent city» халқаро бизнес-марказига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан уюштирилган медиасаёҳатда 70 дан зиёд оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ журналистлари, блоггерлар иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган «Рейтер», «Франс-пресс», «Анадолу», «Интерфакс», «ТАСС», «Альянс-пресс» «Би-би-си», «Синьхуа» агентликлари каби 20 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари «Tаshkent city»да жадаллик билан олиб борилаётган қурилиш жараёни билан танишдилар.

Журналистлар тушган автобус Ислом Каримов кўчасидан ўнгга бурилиб, Фурқат кўчаси орқали «Tаshkent city»нинг 7-майдончаси (лот)га кириб борди. Қурилиш ишлари авжида. Оригинал лойиҳалар асосида, қуйма-монолит бетон устунлар асосида пишиқ ғиштдан кўкка бўй чўзган уйлар балконига сариқ панжара тўсиқлар, энли ўрама ленталар тортиб қўйилган. Автобусда бирга бораётган «Tаshkent city» қурилиши дирекцияси директори Шерзод Ҳидоятов бу тўсиқлар техника хавфсизлиги учун қўйилганини журналистларга тушунтирди.

Автобус бетон блоклар тўшалган кенг майдонга бориб тўхтади. Шерзод Ҳидоятов 7-майдонча қурилиш бошлиғи ўринбосари Александр Ксонни журналистларга таништирди.

 – Умумий майдони 93843 квадрат метр бўлган 7-майдончанинг қурилиш ҳудуди 71938 квадрат метрни ташкил этади, – деди Александр Ксон. – Қурилишда учта маҳаллий инвесторлар – «Family Group», «Premium Village» МЧЖ, «Luxury Apartments» хусусий корхонаси иштирок этаяпти.

Ҳудудда 11 та кўп қаватли уй қурилаяпти. Бундан ташқари, биноларнинг остида 1751 автомашина сиғимига мўлжалланган автотураргоҳ барпо этилмоқда. Биноларнинг биринчи қаватида турли савдо мажмуалари жойлашади, юқори қаватларида эса турар-жойлар, офислар, бутик-меҳмонхоналар бўлади. Қурилиш 2019 йил охирига бориб якунланади.

Александр Ксон журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтараркан, 7-қурилиш майдончасида 1000 дан ортиқ маҳаллий қурувчи икки сменада, эрталаб соат 8.00 дан 17.00 гача ва 20.00 дан 05.00 гача ишлаётгани, улар бепул ётоқхона ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлангани ҳақида ахборот берди. Бундан ташқари, озиқ-овқат учун уларга ҳар ойда 200 минг сўмдан қўшимча маблағ берилади. 7-майдонча қурилиш бошлиғи ўринбосари Александр Ксон ижтимоий тармоқларда тарқалган 12 соатлик иш куни ҳақидаги миш-мишларни қатъий инкор қилди.

– Ўзингиз ўйланг, қурувчиларни бу тарзда эксплуатация қилиш, биринчидан, Конституциямизга зид, иккинчидан, уларни қонун доирасида меҳнат қилишини назорат қилиб турадиган махсус комиссия бор, – деди Александр Ксон. – Қурувчиларимизнинг ҳам ҳамма қатори дам олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи бор. Шаҳарчамизнинг ўзида улар учун савдо дўкони, ошхона, сартарошхона фаолият кўрсатади.

– Этикдўз борми? – сўради журналистлардан бири ҳазиллашиб.

– Ҳали этикдўзга эҳтиёж йўқ, чунки қурувчиларимиз оёқ кийими, уст-бош билан тўла таъминланган, – деди қурилиш бошлиғи ўринбосари жиддий.

Таъкидлаш керакки, бунёд этилаётган «Tаshkent сity» халқаро ишбилармонлик маркази халқаро экспертлар томонидан дунёдаги улкан лойиҳалар қаторида баҳоланмоқда.

«Tаshkent сity»нинг 80 гектарлик ҳудуди 8 та майдонга тақсимланган бўлиб, бу ерда бизнес-марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-холл, кўргазма заллари, сайилгоҳлар, турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилмоқда. Мегалойиҳа асосида Тошкентнинг сейсмик ҳудудда жойлашгани ҳисобга олиниб, бинолар 45 қаватгача, келажакда 50 қаватгача қурилади. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бу иншоотлар +9 баллгача зилзилабардош бўлиши таъминланган.

Умумий майдони 20 гектарга яқин бўлган ҳудудда боғ ташкил этилиб, унинг таркибида икки гектарлик сунъий кўл ва фавворалар қурилиши режалаштирилган. Боғ ва хиёбон ер остидан ўтган метро қурилиш нормаларига халақит бермаган ҳолда Алишер Навоий проспектидан Халқлар дўстлиги майдонига қараб чиқади.

Ўзбекистон ишбилармонлари «Шаҳар ичидаги шаҳар» сифатида эътироф этилаётган «Tаshkent сity» бўйича лойиҳаларни Германия, Жанубий Корея, Буюк Британия каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Масалан, ҳудуди 8,9 гектар бўлган 1-майдончада Буюк Британиянинг «High Land Citi» қурилиш компанияси 12 та 9 қаватли уй қурмоқда.

Умумий майдони 7,6 гектар бўлган 3-майдончада Германиянинг «Hyper Partners GmbH» компанияси 4 та 28 қаватли, 1,4 гектарлик 4-майдончада маҳаллий «Universal Packing Masters» компанияси 2 та 45 қаватли иншоот барпо этмоқда.

«Tаshkent сity» халқаро бизнес марказига уюштирилган медиасаёҳат доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси департаменти бошлиғи Илҳом Маҳкамов, Ташқи савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Лазиз Қудратов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 1-ўринбосари Эркин Муҳитдинов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, «Tаshkent сity» давлат унитар корхонаси директори Шерзод Ҳидоятов ва бошқалар иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқалар пойтахтимизда қад ростлаётган замонавий халқаро ишбилармонлик марказининг дунёдаги шу каби бошқа қурилишлардан фарқи ва афзалликлари хусусида ўз фикрини билдирди ва «Tаshkent сity» нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг улкан лойиҳалардан бири эканини қайд этди.

– «Tаshkent сity» бизнес маркази фақат сармоядорлар маблағи асосида қурилаяпти, – деди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. – Дастлаб бу шаҳарчага хорижий сармояларни жалб этиш бўйича 700 дан кўпроқ инвестор билан музокара олиб борганмиз. Лекин қурилиш ҳудуди бироз чуқурликда жойлашгани учун унинг жозибадорлиги кам бўлган. Дастлабки 6 ой ичида деярли натижа бўлмади. Мен Murad Buildings ва Real House вакилларини лойиҳада иштирок этишга таклиф этдим. Улар розилик билдиришди.

Биз ҳатто ўзимизда фаолият юритаётган банк раҳбарларига ҳам мана шу шаҳарча қурилишига инвестиция киритиш келажакда қандай натижалар беришини ҳижжалаб тушунтирганмиз. Уйлар бузилиб, аҳоли кўчирилганидан кейин вазият ўзгарди. Банклар лойиҳага қизиқиш билдира бошлади. 1 гектар ер майдони 2 миллион АҚШ долларига баҳоланди. Лойиҳанинг барча иштирокчиларига тенг шароитлар тақдим этилди. Ана шундан кейин «Алоқабанк», «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк»лар сармоя киритиб, қурилиш ишларини бошлади.

Ҳозир инвесторлар томонидан таклиф этилган 12 та лойиҳа маъқулланиб, улар билан шартномалар тузилган, дирекция маъмурияти шартнома шартлари бажарилишини назорат қилиб боради. Ҳафтанинг ҳар шанба куни ишлаб чиқарувчилар билан Очиқ эшиклар куни ўтказилиб, улардан тушган таклифлар кўриб чиқилиб, муҳокама этилади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда Ташинвестиция сайти очилган. Инвесторларнинг таклифлари онлайн тарзда тезкорлик ва шаффоф ҳолда кўриб чиқилади ва хулоса берилади.

Энг қувонарлиси, барча қурилиш ишларида 6 минг нафардан ортиқ маҳаллий ёшлар иштирок этаяпти. Илгари «Москва-Сити», Остона, Сочи, Дубай қурилишида қатнашган уч минг нафарга яқин тажрибали қурувчиларимиз хориждан қайтиб келиб, шу ерда ишни давом эттираяпти, ишга қабул қилинган ёшларга ўз билим ва тажрибасини ўргатаяпти. Энг кам иш ҳақи миқдори 1,5-4 миллион сўмгача, муҳандислар ойлик маоши 8 миллион сўмгача.

Тадбирда журналистлар 3-майдонча (лот) бўйича инвестор сифатида қайд этилган Германиянинг Hyper Partners GmbH ширкати атиги бундан икки йил аввал, 1-майдонча бўйича лойиҳага жалб этилган Британиянинг Corso Solutions LP компанияси ҳам яқин йилларда рўйхатдан ўтгани ва бунга қурилиш дирекциясининг муносабати билан қизиқди.

Йирик лойиҳада иштирок этаётган хорижий компанияларнинг янгидан ташкил этилгани хусусидаги масалаларга Ташқи савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Лазиз Қудратов шундай ойдинлик киритди:

– Дунё тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида янги тузилмалар ташкил этилади, – деди Лазиз Қудратов. – «Special purpose vehicle» деган ибора бор. Самарали ва таъсирчан молиявий бошқарувни ҳамда солиққа тортишни амалга ошириш учун йирик компаниялар ўзларининг шўъба корхоналарини ташкил этади. Корхона яқинда ташкил этилган бўлиши мумкин, бироқ у айнан лойиҳани самарали бошқариш мақсадида тузилади. Бунда ҳеч қандай шубҳали аломатлар йўқ.

– Бизга бу ҳолатнинг ҳеч қандай қизиғи йўқ, – деди Тошкент шаҳар ҳокими қўшимча тарзда. – Компания кеча рўйхатдан ўтганми, икки йил олдинми, икки томонлама имзоланган шартнома шартларини бажарса, бунга эътирозимиз йўқ. Маҳаллий инвесторларга ҳам талабимиз шу. Корхонангизни рўйхатдан ўтказиб, бизга таклиф киритинг – кўриб чиқамиз. Мана, Марғилондан аёллар устки кийимларини тикишга ихтисослашган корхона раҳбари Наргиза Аминова шу ерда ўтирибдилар, бизга шаҳарчада худди шундай тикув цехини очиш бўйича инвестиция киритиш таклифи билан келдилар. Биз уларни қўллаб-қувватладик. Сиз ҳам шундай таклиф билан келинг, йўқ демаймиз.

5-майдончада «Tashkent сity» лойиҳасини амалга оширишда иштирок этаётган компанияларнинг айримлари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Akfa Group холдинг компаниясига тегишли. Журналистлар томонидан берилган саволлардан бири ана шу ҳақида бўлди.

– Мен тадбиркорман, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. – Ҳақиқатан, Akfa 20 йиллик компаниям. Уни ўзим ташкил этганман. Dream City Development компаниясини ҳам ўзим ташкил этганман. Тошкент шаҳар ҳокими бўлиш тушимга ҳам кирмаганди. Буни ярим соат олдин эшитганман. Президентимизга раҳмат, тадбиркорларни шунчалик тушуниб, қўллаб-қувватлаганига. Лекин мен Akfa компаниясини 31 минг нафар ишчиси билан ташлаб қўйганим йўқ, уни шогирдларимга топширганман, улар ишни юритаяпти.

5-майдончада «Tаshkent city» лойиҳасини амалга оширишда иштирок этаётган Akfa Dream World компанияси Congress Hall ҳамда 5 юлдузли Hilton меҳмонхонасини барпо этмоқда. Мазкур икки бино қуриб битказилганидан кейин фойдаланиш учун давлат ихтиёрига беғараз топширилади.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ахборот» бош муҳарририяти мухбири Тамара Саломатина томонидан берилганмашҳур бокс юлдузи Майк Тайсоннинг «Tаshkent сity»дан турар-жой олгани рост-ёлғонлиги ҳақидаги савол бироз ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлди.

– «Tаshkent сity»дан фақатгина Майк Тайсон эмас, ҳар битта ўзбекистонлик фуқаро ҳам уй-жой сотиб олиб, унга қўшни бўлиши мумкин, – деди шаҳарчадаги уй-жойларни аҳолига сотиш офиси раҳбари Қосим Умаров. – Биз Туркия ва Жанубий Корея тажрибалари асосида турар-жойлар сотилишини йўлга қўйганмиз. 1-майдончадаги 1160 хонадоннинг 90 фоизи аҳолига сотилди, бу жараён давом этмоқда. Шаҳарчадаги хонадонларнинг 1 квадрат метри 700 доллардан бошланади, таъбга ва чўнтакка қараб сотиб олишингиз мумкин...

 Медиасаёҳат доирасида ўтказилган матбуот анжумани оз эмас, кўп эмас, 2,5 соат давом этди. Шунда ҳам баъзи бир саволлар очиқ қолди. Унга навбатдаги медиасаёҳатда аниқлик киритамиз.

 

Нурулло ОСТОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.