29.01.2019

БМТ ШАФЕЛИГИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТРАСТ ФОНДИНИНГ БИРИНЧИ ДОНОРИ – ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда 24 январь куни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди бошқарув кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, БМТ ва унинг тузилмалари, донор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати вакили Суҳроб Холмуродов ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер олиб борди.

– Бугун Орол фожиаси оқибатлари халқаро ҳамжамиятдан жиддий эътиборни талаб қилмоқда, – деди С.Холмуродов. – Айниқса, сўнгги йилларда кузатилаётган Оролбўйи минтақасидаги экологик вазият бу борада барча ташаббусларни бирлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

С.Холмуродовнинг қўшимча қилишича, БМТ шафелигида ташкил этилган Траст фондининг биринчи донори сифатида Ўзбекистон турибди. Ундан кейинги ўринда Норвегия. Япония ҳам донорлик қилиш истагини билдирган. Айни вақтда донорлар сафини кенгайтириш ишлари кетмоқда. Хусусан, турли мамлакатлар молиявий ресурсларига 80 дан зиёд мурожаатлар йўлланган.

Йиғилишда Траст фондининг фаолият йўналишлари, дастурий стратегияси ва бошқа тегишли асослари кўриб чиқилди.

Фонд Оролбўйи ҳудудида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донорлар ҳамжамиятининг маблағларини сафарбар қилишда ягона майдон бўлиб хизмат қилади. Унинг дастурий стратегияси эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экологик, иқтисодий, озиқ-овқат, ижтимоий ва аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Унга 123,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўпланиши режалаштирилган. Мазкур маблағ асосида 2023 йилга қадар бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилади. Таклифлар асосида бу муддат яна узайтирилиши мумкин.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Жусипбек Казбеков сўзга чиқди.

– Ўтган йилнинг май ойида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида содир бўлган фавқулодда ҳодисани эсга олайлик, – деди Ж.Казбеков. – Ўшанда ёмғир аралаш туз бўрони ҳар иккала ҳудудга ҳам ёпирилган эди. Бугун мана шундай фалокатларнинг олдини олиш мақсадида Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрхокликка чидамли ўсимликлардан иборат минглаб гектарлик бутазорлар барпо этилмоқда. Бу жараёнда Траст фонди кўмагида янги технологиялар ва инновацияларни ўз ичига олган лойиҳалар амалга оширилса, мақсадга мувофиқдир.

Йиғилишда фонднинг техник ва ишчи гуруҳи аъзолари бир овоздан тасдиқланди.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан 200 километр, Нукусдан 400 километр олисда Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи ҳудуддан Орол денгизининг қуриган майдонида чучук сув топилди.

 

 

Малоҳат ҲУСАНОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: