29.01.2019

БОЛАЛАРНИ ҲАЁТГА ҚАЙТАРАЁТГАН ДЎСТОНА ЁРДАМ

Инсоният учун олий қадриятлардан бири, шубҳасиз, дўстликдир. Бу сўз замирида ўзаро самимий муносабат, бир-бирига беғараз ёрдам, кўмаклашиш ётади. Айнан ана шу қадрият улуғланган жойда тинчлик, осойишталик қарор топади, ҳамкорлик мустаҳкамланади, мамлакатлар ривожланади.

Маълумки, дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари ҳақида гап борганда Германия биринчилар қаторида санаб ўтилади. Бу бежиз эмас, албатта. Бу давлат энг тараққий этган мамлакатлардан иборат «Катта еттилик»ка киради.

Ўзбекистон учун Германия улкан сиёсий, иқтисодий ва илмий интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, ҳаёт синовларидан ўтган ишончли ҳамкор ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакатга расмий ташрифи арафасида буни алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Дарҳақиқат, бу давлат жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.

Германиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган нуфузли ташкилотлари кўп. Ана шундай ҳамкорлардан бири «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти саналади. Мазкур ташкилот 1967 йилда ташкил топган бўлиб, дунёнинг 30 дан кўп давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва Германиянинг «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти билан 2002 йилда ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Ана шу ҳамкорлик доирасида республикамиздан 12 ёшгача бўлган ва узоқ муддатли операцияларга муҳтож бўлган, кам таъминланган оилаларнинг хаста болалари Германиянинг нуфузли клиникаларига даволанишга юборилади.

Бундан ташқари, ҳар йили германиялик тиббиёт мутахассисларидан иборат делегация юртимизга келиб, вилоятларда аҳолини тиббиий кўрикдан ўтказади. Ана шу жараён давомида хорижда даволанишга муҳтож болалар танлаб олинади. Фонд томонидан имзоланган шартномага кўра, 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш, реабилитация қилиш масалалари ижобий ҳал этиб келинмоқда.

Кейинги ўн йил давомида ўзбекистонлик 250 нафар бемор бола тери куйиши асоратлари, қўл-оёқ бўғимининг туғма касалликлари ташхиси билан Германиянинг нуфузли шифохоналарида даволаниб қайтди. Бундан ташқари, 250 нафардан ортиқ ногирон бола операция қилинди.

Германиянинг «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилотининг грант маблағи доирасида жами 269 нафар бола республикамиз клиникаларида операция қилиниб, соғломлаштирилди. Шунингдек, юқори лаб танглайининг нуқсони бўлган 118 нафар бола Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро вилоят касалхонасида жарроҳлик йўли билан операция қилинди.

Ана шундай беғараз ҳамкорлиги учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти 1-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланди.

Ҳамкорлик шартномаси имзоланган даврдан буён республикамиздан 374 нафар бола ана шу мамлакат шифоханаларида операция қилиниб, соғломлаштирилди. Даволаниш жараёнлари 6 ойдан 2 йилгача давом этади.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида лаб-танглай туғма нуқсони бўлган ҳамда ортопедик оёқ нуқсони бўлган ва кейинги асоратлари мавжуд бемор болалар республикамиз клиникаларида операция қилиниб соғломлаштирилмоқда. Бу амалиётлар Тошкент стоматология институти, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда эътиборга молик, сон жиҳатдан ҳайратланарли бир маълумотни келтириб ўтсак. 2004 йилдан буён «Фриезендроф Интернейшнл» халқаро хайрия ташкилоти маблағлари ҳисобига жами 6 минг нафардан зиёд бемор операция қилинди. Бундай хайрия операциялари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Бемор болаларнинг дардига малҳам бўлиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш, қувонч ҳадя этиш улуғ фазилатдир.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, тиббиёт соҳаси миллат, ирқ танламайди. Инсон зоти дардига даво топиш, уни даволаш учун бутун дунё мамлакатлари тиббиёти бирлашади, бир-бирига ёрдам беради. Бунга исталганча мисол келтириш мумкин.

Германиянинг «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти грант маблағлари ҳисобига 2015 йилдан буён юрак туғма нуқсони бўлган бемор болаларни операция қилиб, соғломлаштириш бўйича лойиҳа амалга ошириб келинади. Ана шу лойиҳа доирасида 364 нафар юрагида туғма нуқсони бўлган бемор бола Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиохирургия бўлимида, 71 нафар бола эса Ҳиндистониннг «Artemis Medicare Services Limited» клиникасида операция қилиб соғломлаштирилди. Жорий йилнинг февраль ойида яна 10 нафар бемор бола Германиянинг нуфузли клиникаларига даволанишга юборилиши режалаштирилган.

Рақамлардан кўриниб турибдики, неча юзлаб юраги хаста бемор болалар дардига шифо топилди. Яъни, мураккаб ва нозик саналган юрак туғма нуқсони операция қилинди. Бундай беғараз тиббий ёрдам, шубҳасиз, катта шарафга муносибдир.

Президентимизнинг Германияга давлат ташрифини барча тиббиёт ходимлари қаторида биз «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди жамоаси ҳам катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатдик. Айниқса, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янги келишувлардан мамнун бўлдик. Биз инсон саломатлиги учун хизмат қилувчи бундай ҳамкорликни чин дилдан қўллаб-қувватлаймиз ва унга содиқ қоламиз.

Дўстлик, самимий ҳамкорлик ва умуминсоний қадриятлардан куч олаётган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар келгусида ҳам жадал тараққий этаверади.Ўзбекистон — Германия ўртасидаги дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик бундан буён янада юксак поғоналарга кўтарилишига ишончимиз комил.

 

Светлана ИНАМОВА,

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси.



DB query error.
Please try later.