Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
29.01.2019

ЯНГИЧА ЁНДАШУВ ЗАРУР

«Газета ўқимай ҳам яшаш мумкин» сарлавҳали мақолани ўқиб...

Роса бир асрни қаритиб, ҳануз эл хизматида бўлган «Ўзбекистон овози» газетасининг 2019 йил 22 январда чоп этилган 6-7 сони бир мухлис сифатида менда катта таассурот қолдирди. «Газета ўқимай ҳам яшаш мумкин» мақоласи айрим фикрларнинг уйғонишига туртки бўлдики, уни газетхонлар билан ўртоқлашгим келиб қолди ва беихтиёр компьютер қаршисига ўтирдим.

Дарҳақиқат, мақолада ички оғриқлар билан билдирилган мулоҳазаларда жон бор. Чиндан ҳам бугун бир муҳаррир иккинчиси билан учрашса, соғлиқдан ҳам аввал, обуна ҳақида сўрайдиган бўлиб қолди. Бугун телекоммуникация ҳар қанча ривожланган бўлмасин, газетанинг, журналнинг ўрни ҳануз алоҳидалиги кўпчиликка сир эмас. Қолаверса, одамларда ҳар бир нашрни электрон интернетда ўқиш имкони йўқ.

Мана, узоққа бормайлик, мен ҳар бир нашрни кўздан қочирмай кузатиб бораман. Таниш-билиш ижодкорларнинг бирор материали босилган бўлса, қувонаман, қўнғироқ қилиб, табриклашга ҳаракат қиламан. Янгиликларни гарчи, интернетда ўқиш имконим бўлса ҳам газета-журналнинг ўрни бўлакча, деб биламан. Бу бевосита таҳририятда ишлаганим учун эмас. Интернетда оқни қорадан айриб, материаллар саралаб берилмайди. Шунинг учун, кейинги вақтларда интернет айрим кишиларнинг «кураш майдони»га айланиб қолди. Ачинарлиси, эл таниган туппа-тузук ижодкорларнинг «виртуал жанг»лари кишини ҳайрон қолдиради.

Иккинчи бир жиҳат – интернетдаги айрим матнларнинг имло қоидаларига зид равишда пала-партиш жойлаштирилишига бефарқ қараб бўлмайди. Бу ҳолат обрў келтирмайди, кишида нохуш кайфият уйғотади.

Бугун босма нашрлар обунаси бир муаммо, почта хизмати сифатсизлиги иккинчи муаммо бўлиб турибди.

Шунингдек, «Шарқ юлдузи», «Тафаккур» ва бошқа журналларнинг сотувда йўқлиги, таннархи қимматлиги уларнинг аҳоли орасига кенг «йўл олиши»га монеълик қиляпти, назаримда. Матбуот дўкони сотувчиси «уларни биров сўрамайди, олмайди», деган важ билан, дўконга келтирмайди. Демак, нашрлар тарғиботига эҳтиёж бор.

Назаримда, бу борада янгича ёндашувлар зарурга ўхшайди. Яна бир мулоҳаза шуки, кейинги вақтларда айрим нашрларнинг маълум маънода ҳаётдан, одамлар муаммоларидан узоқлашиб кетиши ҳам уларнинг обунасига сабаб бўлди шекилли. Баъзи хусусий нашрлар ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Тайёр интернет ахборотлари билан газетанинг саҳифасини нима қилиб бўлса ҳам тўлдириб чиқаришга уриниш каби ҳоллар бора-бора газетхонлар қизиқишини сўндирди.

Журналистнинг хонада ўтириб, телефонда ахборот олиши каби қусурлар бугун ҳам баъзи нашрларда учраб турибди. Бир-икки маълумот сўралади-да, қолганини таҳририят ходими ўзи шаблон усулда ёзиб қўяқолади. Матбуот анжуманлари пайтида тарқатилган «Пресс релиз»ларни кўчириб, ахборот тайёрлаш ҳам тадбирнинг бир хил ёритилишига олиб келмоқда.

Иккинчи гап шуки, баъзи таҳририятларнинг муаллиф билан ишлаш тартиби талаб даражасида эмас. Айрим марказий нашрларда ҳам муаллифларга эътибор кўнгилдагидек эмас, деб ўйлайман. Чунки, таҳририятга мақола ёки ахборот юборган киши кўзи тўрт бўлиб кутади. Чиқса-чиқади, лекин баъзан дом-дараксиз кетади. Муаллиф жавоб ҳам олмайди.

Ахир, бу, бориб турган лоқайдлик, эътиборсизлик эмасми? Илгари, нашрларда хатлар «обзор» бўларди. Таҳририятга келган ахборот, мақола, шеърлар обзор қилиниб, камчиликлари кўрсатиларди. Муаллифлар тегишли хулосалар оларди.

Бугун туман ҳокимлиги муассисилигида нашр этилаётган газеталарнинг, аксарияти зўрға, «нафас олаяпти». Бу газеталар таҳририятлари кун кўришнинг турли йўлларини излайди. Турли идора ва ташкилотларнинг қуруқ ҳисоботдан иборат маълумотларини пул-тўлов ҳисобига чоп этмоқда. Ўйлаб қоласан киши, ҳокимликка газета керак бўлса, нега ёрдам бермайди? Керак бўлмаса, нега ёпмайди?

Бу мисоллардан кўриниб турибдики, мамлакатимиздаги босма нашрлар фаолиятини таҳлил қилиб, тартибга солиш, муассисларнинг таҳририятлар билан муносабатларига аниқлик киритиш лозимга ўхшайди. Акс ҳолда, муаммолар кўпайиб бораверади.

 

Икромжон АСЛИЙ,

журналист.



DB query error.
Please try later.