29.01.2019

ХАЗИНАЛАР КАЛИТИ

Ҳурматли Бош муҳаррир!

Менинг ёшим 82 да, I гуруҳ ногирониман. Узоқ йиллар Каттақўрғон шаҳар газетасида муҳаррир бўлиб ишлаганим туфайли бу касбнинг шарафини, қийинчиликларини яхши биламан. Тақдир тақозоси билан Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшаяпман. Ҳозиргача кундалик газеталарни ҳар куни бир-бир варақлаб чиқмасам, кўнглим жойига тушмайди.

«Ўзбекистон овози» газетасида кишини мунозарага чорлайдиган мақолалар чоп этилаётгани қўлимга қалам олишга сабаб бўлди. Айниқса, «Муносабат», «Менда таклиф бор» рукнларида берилаётган мулоҳазалар, танқидий мақолалар, обуна масалалари бўйича билдирилаётган фикрлар газетхонни бефарқ қолдирмайди, ўйлашга чорлайди.

Менинг фикримча, ўтган икки йил мобайнида газеталар жонланди, яна халқ минбарига айлана бошлади. Бунинг сабаби, Президентимиз Шавкат Мирзиёев матбуотни «тўртинчи ҳокимият» сифатида қўллаб-қувватламоқда, буни кўриб, қувониб турибмиз. Сир эмас — матбуоти мажруҳ бўлган жамият ривожланмайди, бир ерда туриб, депсинишдан нарига ўтолмайди. Майли, обуна билан боғлиқ муаммолар алоҳида масала.

Мен бошқа бир таклиф билан сизларга мурожаат қилмоқчиман. Маълумки, ҳозир халқ таълими, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида рус, инглиз, француз, немис, итальян тилларини ўргатиш кенг авж олган. Боғчаларда ҳам болажонларимизга хориж тилларидан сабоқ бериб борилаяпти. Бу яхши, албатта. Чунки дунё ҳамжамиятига юз тутаётган мустақил Ўзбекистонимиз келажаги ана шу ёшларга боғлиқ.

Аммо бир таклифни айтмоқчиман. Болаларимизга араб тили имлосини ўргатишга алоҳида эътибор берадиган пайт келди. Эҳтимол махсус қарор қабул қилиш керакдир. Чунки, араб тилини ўргатиш икки томонлама аҳамиятга эга. Биринчидан, хориж тили сифатида ўрганилади. Иккинчидан, энг муҳими, тарихимиз, маданий меросимизнинг катта қисми араб имлосида битилган. Алломаларимиз томонидан ёзилган, халқимизнинг ноёб ва бебаҳо хазинаси бўлган асарлар, илмий тадқиқотлар араб имлосида, эски ўзбек ёки форс тилида битилган.

Шўро даврида бизни тарихимиздан мосуво қилишни истаганлар ХХ аср бошларида араб ёзувидаги эски ўзбек тилини аввал лотин алифбоси, кейин кирилл алифбоси билан алмаштиришди. Натижада халқимиз саводсизлик гирдобига тушиб қолди.

Таклифим шуки, болажонларимизга боғча ёшидан бошлаб бошқа хорижий тиллар билан бир қаторда, араб ёзуви ҳам ўргатиб борилса. Кичкинтойларга араб ёзувини ўргатиш жорий этилса, биринчидан, жуда кўплаб исломшунос ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш имкони бўларди. Иккинчидан, — бу энг муҳими — яқин беш-ўн йилдан кейин ана шу ёзувни ўзлаштирган ёшларимиз саъй-ҳаракати билан қўлёзмалар институтида, улуғ алломаларимизнинг дунё мамлакатлари музейларида турган тафаккур хазинасига калит топилади, деб ўйлайман.

 

Ғайрат ШУКУРОВ,

пенсионер, журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: