29.01.2019

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ КАМЧИЛИКЛАРНИ ОЧИҚ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши ўтган йилги ишларни танқидий таҳлил қилиш билан бошланди.

— Вилоят партия кенгашининг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланган бўлиб, у 8 та бўлим, 58 та банддан иборат, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Нилуфар Юлдашева. — Режа ижросини мониторинг қилганимизда, бир неча бандларидаги вазифалар ўз вақтида бажарилмагани маълум бўлди. Хусусан, вилоят кенгаши фаолиятини маҳаллий ОАВда мунтазам равишда ёритиб бориш мақсадида «Демократик ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг роли» мавзусида мақолалар танловини ўтказиш вазифаси белгиланган эди. Мафкура бўлими томонидан мақолалар танловини ўтказиш бўйича ҳеч қандай таклифлар ишлаб чиқилмаган. Ижроия қўмита йиғилишига тегишли низом ва қарор лойиҳаси тақдим қилинмаган.

Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари партия гуруҳлари фаолиятини ёритиб берувчи материалларни тайёрлаш ишлари самарали ташкил этилмаган, бор натижалар ҳам туманлар миқёсида умумлаштирилмаган.

Маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари аҳолининг муҳтож қатламини манзилли ижтимоий ҳимоялаш масаласида қонунлар, қарорлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласида сусткашликка йўл қўйди.

Партиянинг Жамоатчилик қабулхоналарига 2018 йил давомида 1230 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 80,5 фоизи ижобий ҳал этилган. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда қабулхоналар фаолиятида камчиликлар ҳам мавжуд. Масалан, Янгийўл туманидаги Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлашга жиддий эътибор берилмаган. Аҳоли мурожаатларининг 50 фоизи ижобий ҳал этилган, холос.

2018 йилда шаҳар ва туман Кенгашларида фаолият олиб бораётган 188 нафар депутатимиз давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига 631 та депутатлик сўрови юборган. Уларнинг ярмидан кўпи фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан амалга оширилган сўровлардир.

Партия гуруҳлари аъзоларининг ишини янада жонлантириш талаб этилади, деди Н. Юлдашева.

Айниқса, Олий Мажлисга Мурожаатномада илгари сурилган ғоялар ҳар бир депутат ва партия ташкилотларидан аниқ режа, қатъий позиция асосида иш юритишни талаб этади.

Йиғилишда депутатлар, партия ташкилотлари раҳбарлари, фаоллари шу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Вилоят партия кенгашининг жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.



DB query error.
Please try later.