29.01.2019

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО АЛОҚАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Меҳрожиддин ДАРХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ўзбекистон пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилишлари мужассам. Дунё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашда Ташқи сиёсий фаолият концепциясида белгиланган стратегик вазифалар ва устувор йўналишларга таянилмоқда.

Ўтган йили 20 га яқин давлатлараро ташриф амалга оширилди ва 50 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестициявий келишувларга эришилди. Ушбу манфаатли алоқалар юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг ўтган ҳафта Германия Федератив Республикасига амалга оширган расмий ташрифи ташқи алоқаларни мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди, дейиш учун асослар етарли.

Ташриф давомида Берлин ва Мюнхен шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Юртимиздаги ислоҳотлар Германияда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани, ушбу мамлакат юртимиз билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, етакчи тармоқларга илғор технологияларни кенг жорий этишга интилаётгани яққол намоён бўлди.

Мюнхен шаҳрида ушбу мамлакат етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув халқаро экспертлар, сиёсатшунослар томонидан юқори баҳоланди. Унда кимё, қурилиш, энергетика, металлургия ва озиқ-овқат соҳалари етакчилари – дунёга машҳур «Siemens», «Тyssеn Krupp», «Claas», «МАN», «Knauf», «Linde», «Papenburg», «Humana», «Volkswagen» компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатларимиз ўртасидаги шартномалар, иқтисодий лойиҳалар муҳим, албатта. Мен Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Чунки Германия парламенти тажрибасидан ўрганиладиган, хулоса чиқариладиган жиҳатлар оз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикаси Бундестаги Раиси Вольфганг Шойбле билан учрашуви шу жиҳатдан жуда муҳимдир.

Бундестаг Германиянинг бир палатали парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари Федерал канцлерни сайлаш ҳамда ҳукумат фаолиятини назорат қилиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажаради. Миллий парламентимиз – Олий Мажлис ҳам мамлакатимиз ҳукумати фаолияти устидан назорат ўрнатиши, бу масалада илғор тажрибалардан ўрганиши, ўрнак олиши долзарб масала, албатта.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасида алоқалар йўлга қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича «Ўзбекистон – Германия» гуруҳи, Бундестагда эса «Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё» гуруҳи ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқларимиз манфаатини таъминлашда парламентлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўз навбатида Бундестаг Раиси мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида бўлаётган ўзгаришларни юқори баҳолади.

Германия билан ҳамкорлигимиз келгусида қонун устуворлигини таъминлаш, парламент назорати, ижтимоий ва иқтисодий йўналишларда янада ривожланади, деган умиддамиз.



DB query error.
Please try later.