Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
22.01.2019

КУРАШ КЕСКИН БЎЛДИ, АФСУСКИ, ОМАД КЕЛМАДИ!

Бирлашган Араб Амирликларида давом этаётган Осиё Кубогининг бир қатор нимчорак финал учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Япония ва Саудия Арабистони ўртасидаги баҳсда 1:0 ҳисоби қайд этилди. БАА ва Қирғизистон жамоалари иштирокидаги ўйин қўшимча таймлардан сўнг 2:1 натижаси билан тугади. Ўзбекистон ҳамда Австралия учрашувининг асосий вақтида ҳисоб очилмади...

 

Ўйиндан олдин

Ўйиндан аввал дунёнинг нуфузли футбол нашрларида Австралия Ўзбекистонни осон мағлубиятга учратиши айтилганди. Ҳатто камида 2 тўп фарқи билан енгиши тахмин қилинган эди. Ўйиндан олдин терма жамоамиз мураббийи Эктор Купер ва ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов қуйидаги фикрларни билдирган эди.

Эктор Купер:

— Плей-офф босқичида хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ютқазган жамоа уйига равона бўлади. Буни тўғри тушуниб турибмиз. Майдонга фақат ва фақат ғалаба учун тушамиз. Австралия Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Бизда ўтган ўйинлардаги хатоларимизни тўғрилаш учун 3 кун вақт бўлди. Бу вақт мобайнида рақибни ҳам обдан ўргандик. Ўйинимизга ҳам баъзи ўзгартиришлар қилдик. Лекин жамоамизнинг ўйин чизгиси ўзгармайди. Австралияга қарши биз яхши футбол кўрсатамиз. Майдонга шу мақсадда тушамиз.

Барча жамоанинг ўз услуби бор. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам янги ўйин услубини шакллантирмоқда. Мен бу масалада файласуфлик қилмоқчи эмасман. Албатта, рақибдан келиб чиқиб, баъзи тактик ўзгаришларни амалга оширамиз. Мусобақа давомида ўйин услубимизни кескин ўзгартирмаймиз. Менимча, ҳозирги ҳолатда услуб ёки тактикани ўзгартириш яхши ғоя эмас.

Мен Австралия терма жамоасини ўрганиш ва таҳлил қилишда уларнинг мусобақадаги бутун ўйинларига эътибор қаратдим. Рақиб кучли, лекин биз уларнинг кучсиз ва заиф нуқталарини топамиз. Шунингдек, ўз ўйинимиз орқали уларнинг кучли жиҳатларини заифлаштиришга ҳаракат қиламиз.

Жалолиддин Машарипов:

— Мусобақадаги дастлабки баҳсда бизда озгина ҳаяжон сезилди. Лекин Туркманистонга қарши ўйиндан кейин ўзимизга бўлган ишонч анча ортди. Учинчи баҳсда гарчи Япониядан мағлубият учраган бўлсак-да, биз яхши ўйнадик. Мазкур мағлубият ўзимизга бўлган ишончни йўқотмайди. Австралия билан ўйин олдидан ўз кучимизга бўлган ишонч юқори. Ҳеч қандай қўрқув йўқ.

 

Ўйин пайтида

Учрашув бошдан-оёқ ҳаяжонли ўтди. Аввалига жамоалар галма-гал ҳужум қилиб кўришди. Вақт ўтган сайин рақибларимиз ташаббусни қўлга ола бошлади. Ҳисобни очиш имкони икки жамоада ҳам бўлди. Аммо ҳисоб очилмади.

Қўшимча икки таймда футболчиларимиз бироз чарчагани сезилди. Шундай бўлса-да, хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди. Австралияликлар ҳам эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишди. Охир-оқибат ғолиб пеналтилар серияси орқали аниқланадиган бўлди. 11 метрдан дарвозани нишонга олишда омадимиз келмади. Марат Бикмаев ва Ислом Тўхтахўжаев зарбаларини рақиб дарвозабони қайтарди.

 

Ўйиндан кейин

Эктор КУПЕР:

— Бундай мағлубиятдан сўнг бирор сўз айтиш қийин. Аммо ўйинчиларим айтилган барча кўрсатмаларни бажаришди. Шогирдларим билан, жамоам билан фахрланаман. Иккинчи таймда 15-20 дақиқа сустроқ ўйнадик. Австралия билан тенгма-тенг ўйин намойиш этдик. Пенальтилар серияси бу — лотерея. Бу — футбол. Олдинга интилишда давом этамиз. Энди хатоларни таҳлил қилиб, ўйинимизни янада кучайтириш учун иш олиб борамиз.

Бугун Тошкент вақти билан соат 18:00да Жанубий Корея — Баҳрайн ҳамда соат 21:00да Қатар — Ироқ ўртасидаги нимчорак финал учрашувлари бўлиб ўтади.

 

Шаҳбоз САИДОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: