Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
22.01.2019

АЙБЛОВ ВА ОҚЛОВ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси Чилонзор туманида вақтинча яшовчи Жамшидбек Ғанибоевни айбсиз, деб топди ва оқлади.

Бунга осонликча эришилмади, айбсизлиги исботланиб, оқланганича икки йил курашди, ҳаловат билмади.

Аслида нима бўлган эди ўзи?

— Мен Шайхонтоҳур туманида бирга ижарада турувчи курсдошимнинг 2100 АҚШ долларлик мол-мулкини ўғирлаган эмишман, — дейди Жамшидбек Ғанибоев. — Устимдан асоссиз жиноий иш қўзғатишди. Айбимни исботлайдиган далилларсиз суд қилишди.

Жамшидбек Ғанибоев курсдоши Абдуғаффор Бойдедаев ва унинг жияни билан Шайхонтоҳур тумани Марказ-26 даги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада турган. 2016 йил 30 январь куни тахминан 13:40 ларда Жамшидбек соч олдириш учун уйдан чиқиб, Дипломатия университети олдида жойлашган сартарошхонага келади. У кетаётганида Абдуғаффор Бойдедаев уйда қолганди. Сартарошхонада одам кўп бўлганлиги учун Жамшидбек бироз кутган. 15:30 ларда танишларидан бири Х.Каримов унга қўнғироқ қилиб, қаердалигини сўрайди.

У айтади.

      Вақтингиз бўлса шу ерга келинг, — дейди.

Қисқаси, 16:30да Жамшидбек сочини олдириб, Х.Каримовнинг машинасига ўтиради, ўзаро бир масалани муҳокама қилишади. Сўнгра Интерконтинентал бизнес маркази олдида тушиб қолади. Буёғига жамоат транспортида кетади. 17:00 ларда Шайхонтоҳур тумани Марказ-26 даги кўп қаватли уйнинг олдига келиб, пастдан Абдуғаффор Бойдедаевга телефон қилади.

— Ўртоқ, пастга тушсангиз, биргаликда бозорлик қилардик.

Қисқаси, озиқ-овқат харид қилиб уйга қайтишади. Абдуғаффор Бойдедаев телефонини қувватловчи қимматбаҳо мосламани қидириб топа олмайди. Улар биргаликда ҳамма жойни кўришади. Йўқ. Ички ишлар бошқармасига хабар қилишади. ИИБ ходимлари келиб, уйни кўздан кечириб қайтиб кетишади. Эртаси, яъни 2016 йил 31 январь куни соати 9:00 ларда Жамшидбек иш билан уйдан чиқаётганида лифт олдидаги сўмкага кўзи тушади. Ўша пайтда унинг ёнида жабрланувчининг жияни Жаҳонгир ҳам бор эди. Улар дарров Абдуғаффорни уйғотишади.

— Сўмкага қўл теккизманглар, ички ишларга хабар қиламиз.

Шундан сўнг Жамшидбек ишга кетади. Йўлда унга Абдуғаффор Бойдедаев қўнғироқ қилиб, туман ИИБга келиши кераклигини айтади.

— Ички ишлар бошқармасига борганимда Комил ва Бахтиёр исмли жиноят-қидирув ходимлари ўғирликни сен содир этгансан, деб қистовга олишди, — деди судда Жамшидбек Ғанибоев. — Жисмоний таъзйиқ ўтказганларидан кейин милисахонадон чиқиш учун ўғирликни бўйнимга олишга мажбур бўлдим.

— Жамшидбекни ИИБ ходимлари ўзларининг хоналарига олиб кирганларидан кейин анча вақт унинг бақириб, ёлворган овозини эшитдим, — деди судда жабрланувчи сифатида қатнашган Абдуғаффор Бойдедаев. — У хонадан чиқиб айтган гапи шу бўлди: ўртоқ, мажбур қилишганларидан кейин сизнинг нарсаларингизни мен ўғирлаганман, деб бўйнимга олдим. Унинг юзлари шишган, қон талаш бор эди... Жамшидбекнинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ эди.

2016 йил 3 майда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси А.Эргашев Жамшидбек Ғанибоевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқиб, ЖКнинг 65-моддаси 1-қисми ва ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан Ж.Ғанибоевнинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан туриб ҳаракатдан тугатиш ва уни жавобгарликдан озод қилиш хусусида ажрим чиқарди.

Табиийки, суд ажримидан норози бўлган Жамшидбек Ғанибоев юқори инстанцияларга шикоят ёзди. Бироқ унинг мурожаатлари қаноатлантирилмади.

Жамшидбек Ғанибоев қариндош-уруғлари, маҳалладошлари, қолаверса, ҳамкасбларига (дарвоқе, у Ўзбекистон бокс федерацияси халқаро бўлимида ишларди) кўрингиси келмасди, ич-ичидан эзиларди. Ҳақлигини қандай исботлайди, қачон исботлайди? Кунлар, орадан йиллар ўтди...

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасига кўра, суриштурувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим, деб кўрсатилган.

ЖИБ Тошкент шаҳар суд апелляция инстанцияси ажримида қайд этилганидек, дастлабки тергов органи эса Ж.Ғанибоевнинг айбини тасдиқловчи бирор бир далил тўпламай жиноят ишини судга юборган. Суд тергови даврида ҳам унинг жиноятни содир этишда айбдорлигини тасдиқловчи биронта ҳам далил аниқланмаган. Аксинча барча далиллар унинг айбсизлигини кўрсатганига қарамай, суд ўз ажримида Ж.Ғанибоевнинг айби тўлиқ тасдиқланганлиги ҳақида хулосага келганлигини қандай тушуниш керак?

Хусусан, жабрланувчи А.Бойдедаев ўзининг дастлабки кўрсатмаларидаёқ ушбу ўғирликни содир этишда қўшниси С.Каримовдан шубҳа қилаётганлигини билдирса-да, тергов органи ушбу шахсни батафсил сўроқ қилиш, телефон рақамларини пелингация қилиш орқали 2016 йил 30 январь куни соат 16:30 дан 17:30 га қадар қаерда, кимлар билан бўлганлигини текшириш чораларини кўрмаган.

Жиноят иши ҳужжатларида Ж.Ғанибоевнинг ушбу ўғирликда айбдор эканлигини тўғридан-тўғри тасдиқловчи далиллар бўлмаса-да, у ўзининг айбсизлиги ҳақида келтирган барча важлари дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан текширилиб, тегишлича баҳо берилмаган.

Апелляция инстанциясида жабрланувчи А.Бойдедаев ўз кўрсатувида 2016 йил 30 январь куни эрталаб ишлари билан чиқиб, соат 13:00 да қайтиб келганида уйда ўртоғи Ж.Ғанибоев турганлиги ва ўзининг барча буюмлари уйида бўлганлигини тасдиқлади. У шунингдек, Ж.Ғанибоев соч олдириш учун сартарошхонага чиқиб кетганлиги, ўзи эса ноутбукдан фойдаланиб ўтирганида амакиси қўнғироқ қилиб, кўчага чиқишини, бир жойга ўтиб келишларини айтганлиги учун эшикни қулфлаб чиқиб кетганлиги ва соат 16:40 ларда уйга қайтиб келганлигини билдирди. Жамшидбек Ғанибоев курсдоши ва яқин оғайниси эканлигини таъкидлаб, ўғирликка умуман алоқаси йўқлигини қатъий таъкидлади.

Бундан ташқари, апелляция инстанциясида сўроқ қилинган гувоҳлар Т.Абдураҳимов ва Х.Каримовлар ўзларининг кўрсатувларида ҳам Ж.Ғанибоев 14:00 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида улар билан бирга бўлганликлари ҳақида кўрсатув берган бўлиб, уларнинг кўрсатувлари телефон рақамлари пелингациялари билан ҳам тасдиғини топди.

«Ёз-ёз«лардан кейин ниҳоят, унинг иши қайтадан ва атрофлича кўриб чиқилди. 2018 йил 8 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси қуйидаги ажримни чиқарди:

«Ғанибоев Жамшидбек Аъзамжоновичга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2016 йил 3 майдаги ажрими бекор қилинсин.

Ж.Ғанибоевнинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин ҳамда у айбсиз деб топилиб, оқлансин.

Ж.Ғанибоевнинг ўзига етказилган маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилсин.»

Қанча асаббузарлик, ҳаловатсиз тунлар, кунлар, йиллар ўтиб, ниҳоят ҳақиқат қарор топди.

— Президентимизга минг раҳмат, — дейди Жамшидбек Ғанибоев кўзига ёш олиб. — У кишининг адолатни тиклаш бўйича олиб бораётган одилона сиёсати туфайли оқландим...

Дарҳақиқат, бугун нафақат унинг юзи, балки ота-онаси ва оила аъзоларининг ҳам юзи ёруғ.

Аччиқ, аммо очиқ бир гап хаёлимиздан ўтаверади: Агар дастлабки тергов ва суд жараёнларида бу хато тузатилганида бир оила икки йил азоб чекмасди...

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: