Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
22.01.2019

Ўзбекистон — Ҳиндистон: ҲАМКОРЛИК КЕНГАЙМОҚДА, МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Козим БАЙЗАКОВ, Ўрта Чирчиқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Дунё харитасида давлатлар кўп, уларнинг ҳар бири ўзига хос табиати ва географик ўрнига, такрорланмас урф-одатларига эга. Бироқ шундай минтақа ва давлатлар борки, тарихда ҳам, бугун ҳам дунёни ўзига мафтун этиб, кўпчиликнинг қизиқишу интилишига сабаб бўлади. Ана шундай давлатлардан бири Ҳиндистондир.

Ҳинд замини нимаси билан мафтункор? Жавоблар турлича бўлиши мумкин. Муҳими, ҳинд ери дунё гавҳарларидан ҳисобланиб, унинг бой табиати, ҳайвонот дунёси, халқининг меҳнаткашлигию самимийлиги сабаб бўлса ажабмас.

Ўзбек ва ҳинд халқи минг йиллар давомида тақдири туташ, десак муболаға бўлмас. Буни Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон» асари ва Ибн Синонинг ҳинд халқи ҳақидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин. Демак, Ҳиндистон тарихи билан ўзбек халқининг тарихи муштаракдир. Машҳур ҳинд ёзувчиси Неру айтганидек, Бобурийларсиз Ҳиндистон тарихини тасаввур қилиб бўлмайди.

Бугун эса Ўзбекистон ва Ҳиндистонни дўстлик, ўзаро ишонч бирлаштиради. Ўзбекистон анча аввал ҳинд халқи ва раҳбарияти билан ўзаро муносабатларини мустаҳкамлаган. Ҳиндлар Ўзбекистонни ва унинг пойтахти Тошкентни дўстлик шаҳри, деб билади. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, ривожланиб борди. Хусусан, қурилиш, фармацевтика, меҳмонхона иши, енгил саноат, туризм, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик шулар жумласидандир.

Ҳиндистоннинг Гужарот штати савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш майдонига айланиб улгурган. Ҳар йили йирик савдо-иқтисодий саммитлар шу ерда ўтказилади. Бу ҳудудда 5 минг йил муқаддам цивилизация гуллаб-яшнаган. Бу штат атоқли давлат арбоби Маҳатма Ганди туғилган маскан сифатида ҳам машҳур.

Гужарот Ҳиндистондаги асосан тамаки, пахта ва ерёнғоқ маҳсулотлари етиштириладиган штат саналади. Вирамгама, Нарбада ва Дхадара туманларида Ҳиндистондаги энг аъло сифатли пахта навлари, гуруч, ғалла ва маккажўхори етиштирилади. Чорвачиликка катта эътибор қаратилади.

Президентимизнинг куни кеча Ҳиндистонга навбатдаги ташрифи ҳам айнан Гужарот штатида бўлди. Ташриф доирасида Президентимизнинг ўтган йили октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида илғор ахборот технологиялари технопарки, Андижон вилоятида фармацевтика зонаси ташкил этилмоқда. Ҳиндистон Эксимбанки билан Ўзбекистондаги ижтимоий муҳим лойиҳаларни молиялаштириш учун қиймати 200 миллион долларга тенг кредит линияси ажратиш бўйича келишувга эришилгани ҳам қувончли хабар бўлди.

Янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртлари — Амити ва Шарда университетлари филиаллари ўз ишини бошлайдиган бўлди. Амити халқаро рейтинга кўра, дунёнинг энг нуфузли мингта, Осиёнинг эса уч юзта олий ўқув юрти қаторига киради. Шарда Университети ҳам Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. 55 мамлакатдан келган 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган билим даргоҳида муҳандислик, тиббиёт, тиллар тадқиқоти, менежмент бошқаруви, санъат, архитектура ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Шахсан мен давлатимиз раҳбарининг чиқишларидан ниҳоятда ҳаяжонланиб, фахрландим. Бунга Президентимизнинг нуфузли халқаро саммитда ўзбек тилида нутқ сўзлагани сабаб бўлди. Бу давлатчилигимиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳр, ҳурмат белгиси, дунё олдида ўзбек халқининг ҳеч кимдан кам бўлмай, юксак марралар сари интилаётганидан, деб билдим.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: