Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
15.01.2019

ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз иқтисодиётида асосан давлат мулки ҳукмронлик қилиши натижасида улкан имкониятлардан фойдалана олмай келингани ва бунинг оқибатида жиддий иқтисодий-ижтимоий номутаносибликлар пайдо бўлгани бугун кўпчиликка маълум. Тўғри, номарказлаштириш ва хусусийлаштириш узоқ йиллар давомида амалга ошириладиган жараён.

Хўш, қандай йўл тутсак йўқотилган имкониятларни тиклаб, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаймиз?

Мутахассис сифатида айтаманки, Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини чуқур таҳлил қилсангиз, айнан шу саволга жавоб топасиз.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 5 устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар Стратегиясида рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш иқтисодий фаолиятдаги энг муҳим вазифа этиб белгиланган. Савол туғилади: мамлакат иқтисодиёти рақобатбардош бўлиши учун қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

Бу мавзу мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва даврий нашрларида деярли учрамайди. Шунинг учун ушбу тизимга бироз таъриф беришга тўғри келади.

Рақобатбардош иқтисодиёт деганда, мақбул суръатлар ва мутаносиблик билан доимий ўсиб борувчи, аҳоли турмуш даражаси изчил яхшиланиб боришини таъминлайдиган, бозор иқтисодиёти қонунлари асосида ишлаб чиқилган хўжалик механизмига эга миллий иқтисодиёт тушунилади. Бунда давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги роли максимал даражада чекланган бўлиб, иқтисодий ресурсларнинг эркин ҳаракатланишига бозор дастаклари — талаб ва таклиф, эркин рақобат ва нарх-наво таъсирида эришилади.

Бунинг учун Ўзбекистонимизда асосли имкониятлар мавжудми? Дунё тажрибасидан андоза оладиган бўлсак, барча мамлакатлар юқорида таъкидлаб ўтилган иқтисодий тизимни танлаган. Нега деганда, глобаллашув шароитида ёпиқ иқтисодий тизим билан ривожланишга эришишни кутиш хом хаёлдан бошқа нарса эмас.

Тан олиш керак, Ўзбекистон мустақиллик йиллари давомида ўзига хос йўллар билан иқтисодий ривожланишга эришишга ҳаракат қилиб келди. Фақат давлат мулки ҳукмронлик қиладиган иқтисодий муносабатлардан воз кечмасдан туриб, жаҳон хўжалиги билан интеграциялашишга қаратилган ҳаракатлар кутилган натижани бермади. Чунки ривожланган мамлакатлар, яъни потенциал инвесторларнинг иқтисодиёти хусусий мулкчиликка таянади ва бундай тизим давлат мулкига асосланган, марказлашган иқтисодий тизимга зид ҳисобланади. Бунинг исботини стратегик ҳамкор мамлакатлар томонидан тавсия этилаётган инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатидан ҳам кўриш мумкин.

 Шу ўринда таъкидлаш керакки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги анъана бўлиб қолган услубда бир миллион кишини иш билан таъминлайдиган бандлик дастурини ишлаб чиқса, аҳвол чатоқ деяверинг. Буни англаш учун бир масалага аниқлик киритайлик. Охирги икки йил давомида жалб этилган инвестициялар ҳажми мисли кўрилмаган даражада кўпайганига қарамасдан, меҳнатга лаёқатли ёшга етган кишиларнинг учдан бир қисми нима сабабдан яна ишсизлар қаторига қўшилди?

Статистик рақамлар ўйинига киришиб кетган ва бундан асло чарчамайдиган иқтисодчилар битта оддий ҳақиқатни тушунишга ҳаракат қилишса яхши бўлар эди. Яъни, меҳнат бозоридаги кескинликнинг асл сабаби шундаки, мамлакатимиз иқтисодиётининг мавжуд таркибий тузилиши ва эришилган ЯИМ ҳажми доирасида йилига кўпи билан 300 минг кишини иш жойи ва муносиб иш ҳақи билан таъминлаш мумкин холос. Бундай ҳолат 27 йилдан бери давом этмоқда ва буни исботлаш учун ҳеч қандай халқаро экспертнинг ёрдами керак эмас.

Мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳон хўжалигининг таркибий қисми эканлиги ва жаҳон бозори билан чамбарчас боғланганлигини тушуниш учун иқтисодчи олим бўлиш ҳам шарт эмас. Глобал молиявий инқироз жаҳон бозорида шаклланган мувозанатни бузди, унинг конъюнктурасида юз берган ўзгаришлар Ўзбекистон экспорт қиладиган стратегик товарларга бўлган талаб ҳажмини камайтирди ва улар нархларининг пасайиб кетишига сабаб бўлди. Бунга табиий газ, рангли металлар, енгил автомобиллар, пахта толаси ва минерал ўғитларни мисол келтириш мумкин.

Натижада мамлакатимизга кириб келаётган валюта тушумлари камайиб, олтин-валюта захираларининг қисқариши давом этмоқда. Ташқи савдодаги салбий натижаларни ички бозор учун зарур бўлган товарларни экспорт қилиш ҳисобига бартараф этиш йўлидаги уринишлар инфляциянинг кучайишига сабаб бўлади, бу ўз навбатида, меҳнат бозорида вужудга келган кескинликни бартараф этишга тўсқинлик қилди.

Биз яна бир масала устида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатиладиган пул ўтказмалари кўпаймоқдами ёки камайдими? Бу ҳолатлар ички бозорга, халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда? Томорқаларда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотлари миқдори кўпаймоқдами? Ёки... Бу саволларга ўз вақтида жавоб топилмаса, номутаносибликлар вужудга келади, бу эса иқтисодий-ижтимоий масалалар ечимини мураккаблаштиради.

Бунга қуйидагиларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, оила даромадларининг асосий қисми (65 фоиздан кўпроғи) озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга сарфланмоқда. Тан олиш керак, бу миллий иқтисодиётни бошқаришда илмийлик тамойилидан умуман воз кечилганини билдирадиган энг тушунарсиз номутаносибликдир. Агар 2019 йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштиришда маркетингга таянадиган янги ёндашувларга ўтилса, мавжуд 4 миллион гектар суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиб, нафақат аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки 12 миллионга яқин бош қорамол учун озуқа базасини яратиш ҳам қийин бўлмайди.

Маълум бўлишича, фермер хўжаликлари қарамоғидаги 600 минг бош қорамол меъёрларга нисбатан уч баравар паст даражада озуқа билан таъминланган экан. Мантиқан олганда, индивидуал сектор тасарруфидаги 11 миллион бош қорамолнинг озуқа билан таъминланиши бундан яхшироқ бўлиши мумкин эмас ва ушбу муаммо параллел тарзда ҳал этилмаса, аҳолининг гўшт таъминотига доир эътирозларини яқин йилларда бартараф этиш амри маҳол бўлиб қолаверади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳолини гўшт билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтиши бежиз эмас ва буни қуйидаги рақамлар билан изоҳлаш мумкин. Мамлакатимиз аҳолисининг йиллик пул даромадлари 18 миллиард доллар атрофида бўлиб, шунинг тахминан 5 миллиард доллари гўшт ва сут маҳсулотларини сотиб олишга сарфланади. Мавжуд муаммоларга қарамасдан, мол гўштининг таннархи жаҳон бозори нархларидан кўра 2 баравар паст. Бундан хулоса шуки, агар илмий асосланган озуқа базаси яратилса, ушбу маҳсулотлар таннархи янада пасаяди ва Ўзбекистон икки-уч йил ичида уларнинг экспортчисига айланиши мумкин. Бу эса сабзавот сотишдан кўра анчагина манфаатли иш.

Анъанавий тарзда қорамол боқиш билан 3 миллионга яқин қишлоқ оиласи шуғулланиб келади. Тахминий ҳисоб-китоблар ва ижрочиларнинг сўзларидан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳозирги шароитда бир бош молни гўшт етиштириш мақсадида боқаётган деҳқоннинг йиллик сарф-харажатлари 5 миллион сўмдан кам эмас. Бунинг оқибатида қорамол сонининг камайиб бориши эҳтимоли жуда катта ва тезроқ бунинг олдини олиш керак.

Қизиғи шундаки, мамлакатимиз иқтисодиётида вужудга келган энг мураккаб чалкашликни бартараф этиш учун катта сармоя ҳам талаб этилмайди. Пахта ва ғалладан бўшаётган майдонларда етарли даражада озуқабоп экинлар жойлаштиришнинг ўзи кифоя.

Озуқа баланси бузилганлигидан далолат берадиган оддий мисол. Бундан 30 йил илгари Ўзбекистонда чорва ва парранда сони 2-3 баравар кам бўлган, аммо маккажўхори 5 баравар кўп етиштирилган. Хўш, бу масалани ижобий ҳал қилиш шунчалик қийинми?

Табиий савол туғилади: қишлоқ хўжалиги ёки иқтисодиёт вазирликларининг мутасадди ходимлари чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги таклифларни, инновацион ёндашувларни илгари сурмаса, бу соҳада ўзгаришлар қаердан юз бериши мумкин?

Ҳисобот йилида ғалла ва пахта давлат томонидан жаҳон бозорига яқинлаштирилган нархларда харид қилинди ва шунга қарамасдан, ушбу саноат хом ашёлари етиштириш миқдори 2017 йилга нисбатан мос тарзда 2 миллион ва 600 минг тоннага камайди. Хўш, гап фақат сув захираларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тизим яратилмаганлигидами, ёки давлат буюртмаси асосини ташкил этувчи хўжалик механизмининг батамом эскирганлигидами?

Оддий мисол келтираман. Менинг бир танишим қишлоқ мактабида қоровул бўлиб ишлайди. У мактабнинг бўш турган ери ва ўз томорқасида саримсоқ пиёз етиштиради. Уч-тўрт йил илгари ушбу фаолият фойдаси ҳисобидан «Матиз» сотиб олганини биламан. Унинг фермер қўшниси неча йиллардан бери 50 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштириш билан банд. Лекин эски тракторига иккита баллон ҳам сотиб ололмай юради. Хулоса шуки, агар босқичма-босқич такомиллаштирилаётган кластер тизими бўлмаганида аграр соҳадаги натижалар бундан ҳам ачинарли аҳволга тушиб қолиши турган гап эди.

Бугун самарасиз ишлатилаётган ерлар кўп тармоқли фермер хўжаликларига ҳам, гўшт ва сут етиштираётганларга ҳам етади. Бироқ қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар қишлоқдаги раҳбарларнинг иқтисодиёт, менежмент ва маркетинг асосларини қай даражада билишига ҳам боғлиқлигини унутмаслик керак. Бугун фермер хўжаликларининг асосий қисми агрономсиз ишлаётгани, соҳанинг илм-фандан узилганлиги сир эмас.

Яна бир долзарб вазифа бу — асосий капиталга йўналтирилаётган инвестициялар бирлигидан имкон қадар самарали фойдаланишни йўлга қўйишдир. Йирик лойиҳалар шак-шубҳасиз давлат томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Аммо муҳим бир масала айрим ҳолларда инобатга олинмасдан қолаётганга ўхшайди. Гап инвестицион ресурсларнинг ўзлаштириш муддатлари тўғрисида.

Мисол учун, агар Булоқбоши туманидаги цемент заводи ва шунга ўхшаган лойиҳаларга йўналтирилаётган маблағлар ҳисоб-китоби 20 йилдан кейин ҳам ўзини оқламаслигини кўрсатаётган бўлса, бу эскирган корхоналарнинг қатори бундан кейин ҳам кенгаяверади дегани эмасми? Дунё саноати тўртинчи инқилобни бошдан кечирмоқда ва унга кўра, ҳар қандай корхона 6-7 йил ичида технологик жараённи янгилашга мажбур.

Биз ҳам шу йўл билан қадам босмасак, кўп вақт ўтмай нафақат енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни тўхтатиш, балки бутун мамлакат иқтисодиётини ҳам темир парда билан ёпишга тўғри келади. Бундан ташқари, инвестицияларни жалб қилишдаги жараёнда эътиборга молик бошқа жиддий масалалар ҳам кўп.

Мисол учун, олтинга тенг мева ва узумларимизни экспорт қилишдаги қийинчиликларни кўра билиб туриб, сунъий помидор етиштиришга мўлжалланган бир гектарлик иссиқхонага ярим миллион долларгача сармоя сарфлаш оқибатлари тўғрисида бирон мутасадди шахс бош қотиряптими? Ахир импортёр мамлакатлар гидропоника усулини ёқлаб сабзавот етиштирмоқда, бизга нима тўсқинлик қилиши мумкин?

Юқоридаги мисоллардан хулоса шуки, мамлакат иқтисодиётининг ўсиши ташқи қарзнинг ўсишига мос келиши керак, акс ҳолда бу ҳолат жиддий муаммоларни туғдириши мумкин.

 Шундан келиб чиқиб, халкаро экспертлардан фақат битта масалада ёрдам кутиш мумкин — бу ҳам бўлса, мавжуд ички ва ташқи шароитларни инобатга олган ҳолда яқин 10-15 йилда Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат тақсимотидаги ўрни нимадан иборат бўлиши ва шундан келиб чиққан ҳолда қандай қилиб реал иқтисодий ривожланишга эришишнинг устувор йўналишларини ёритиб беришдир. Нега деганда, энг қийин масалалардан бири бу — янги ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш масаласи. Ҳаттоки бирон бир вилоят ўз ҳудудида мустақил тарзда янги йирик завод ва фабрикани жойлаштиришни бошласа, икки-уч йил ўтмасдан улар ишлаб чиқариш қувватларидан тўлақонли фойдалана олмасдан, бирин-кетин тўхташни бошлайди. Буни ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимизда тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш амалиётидан кўриш мумкин. Ўша пайтдаги шароитни ҳозирги замон нуқтаи назаридан таҳлил қилсак, яқин йилларда бундай ҳолат цемент саноатида юз бериши эҳтимоли жуда катта. Асосий сабаб шундаки, энергияни арзон нархда ишлаб чиқарадиган мамлакатлар бу борада Ўзбекистонга нисбатан устунликка эга. Шундан келиб чиқиб, экспорт потенциалига эга бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини қисқа муддат ичида икки бараварга кўпайтириш учун етарли даражада маркетинг тадқиқотлари ўтказилганми, деган савол туғилиши табиий.

Шундай экан, нимани, қачон ва ким учун ишлаб чиқариш керак, деган саволларга жавобни фақат марказлашган ҳолда ташкил этиладиган, илмий асосланган маркетинг тадқиқотлари ёрдамида топиш мумкин.

Албатта, қайси хорижий мамлакат эксперти бўлмасин, бизга таклифларини ўз мамлакати манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб, тақдим этади. Шу сабабдан иложи борича тезроқ халқаро маркетинг фаолияти бўйича мутахассисларимизга эга бўлишимиз керак. Иқтидорли ёшларни чет мамлакатларга юбориб, ушбу фаолиятни юқори даражада ўрганиши учун қанча маблағ сарфланса арзийди, нега деганда, бундай ёндашув келажакда бошқарув аппаратини ихчамлаштиришнинг асосий йўлидир. Ҳозирча эса биз хорижий экспертларнинг маслаҳати билан ишлашга мажбурмиз ва ушбу жараён қанчалик кафолатланганлигини ҳеч ким айта олмайди.

Ҳозирги шароитда ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга қаратилган жозибадор инвестицион муҳитни қандай ташкил этиш кераклигини тушунадиган ва жавобгарликни ўз зиммасига оладиган маҳаллий иқтисодчи-олимлар хорижий мутахассислар билан бирга Республика эксперт кенгашига жалб этилиши керак.

Эътибор берайлик, инфляциянинг ўсиш суръати 2017 йилда 19, 2 фоизни, 2018 йилда 14,3 фоизни ташкил этди, 2019 йилда эса 15,3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Хўш, бундай шароитда иқтисодиётнинг ташкилий сектори билан қамраб олинмаган кишилар, 6 сотихли томорқа ҳисобига яшайдиганлар, кўп болали ва бошқа кам даромадли оилаларнинг ижтимоий ҳолати қайси томонга қараб ўзгармоқда?

Шундан келиб чиқиб, 33 миллион кишилик аҳолининг эртанги кунига ойдинлик киритадиган ўта муҳим бир жумбоқнинг ечимига эътибор қаратмоқчиман. Гап ижтимоий ҳимоянинг қай тарзда амалга оширилиши тўғрисида. Мамлакатимиз олдида уни амалга ошириш жараёнида иккита йўл: биринчиси — бюджет ходимларининг иш ҳақи ва нафақаларни инфляция даражасига қараб индексация қилиш. Бунинг нозик томони шундаки, ҳар бир индексациядан кейин қашшоқлик тоифасига кирадиган аҳолининг қатлами кенгайиб бораверади ва бундай ёндашув қандай оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.

Иккинчиси — барча имкониятларни инфляцияни жиловлашга қаратилган йўл. Бу йўлга ўтиш учун, аслини олганда, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, шу билан бирга, катта сарф-харажатлар ҳам талаб этилмайди. Буни 2018 йилнинг биринчи ярмидаги инфляция натижаларидан кўриш мумкин. Дефляцияга қандай қилиб эришилганини таҳлил қилиб бўлгандан кейин ҳукумат даражасида яна бир инқилобий инвестицион оқимларни ички бозордаги ҳолатга мос келтириш тўғрисида ўйлаб кўриш керак.

Ғалла мустақиллиги ғояси доирасидан чиқа олмаётган, эскича фикрлаш ҳисобига вақтинчалик отга миниб олган айрим «даҳо»лар иккинчи йўл ЯИМ ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келади, деб айтиши мумкин. Бунга жавоб шундай бўлади: Дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодий ўсишнинг 1-2 фоиз даражасида нафақат аҳолининг реал, балки бюджет даромадларини ҳам кўпайтиришга эришмоқда.

Оддий қилиб айтганда, корхона кўп даромад олгани фойдадан ёки иш ҳақининг кўплигидан далолат бермайди. Буни иқтисодий билим асосларини ўзлаштирган 9-синф ўқувчиси ҳам яхши тушунади.

Мамлакатимизда тўпланган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни бартараф этишдаги энг самарали йўллардан бири — маркетингни бизнес фалсафаси сифатида тушунадиган юксак илмий ва амалий потенциалга эга бўлган маҳаллий мутахассисларни бир мақсад йўлида жипслаштириш. Бир гуруҳ экспертлар яқин икки-уч йил ичида мамлакатимиз иқтисодиётида вужудга келган номутаносибликларни бартараф этиш дастури устида ишласа, иккинчи гуруҳ бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш билан шуғулланади, бу эса хорижий экспертларнинг қимматли маслаҳатларидан воз кечмаган ҳолда кўзланган мақсадларга тезроқ эришишга хизмат қилади.

 

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: