Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.01.2019

БУЮК МУҲАДДИСЛАР ВАТАНИ

Ёки тарихий ҳақиқатнинг амалий тантанаси

Шарқ ва Ғарб тамаддуни тарихида ўз ўрнига эга бўлган юртимиздан кўплаб буюк аллома ва мутафаккирлар етишиб чиққан. Бу олимлар ичида, айниқса, ҳадис илми бўйича улуғ муҳаддислар алоҳида ўрин эгаллайди. Ўрта асрларда, хусусан, IX-XII асрларда ҳадис илмига ихтисослашган махсус мактаблар кўп бўлиб, устоз-шогирд анъанаси ривож топиб, самарали фаолият кўрсатган.

Ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси — Ҳадис мактаби ташкил этилди. Айни пайтда унга қабул қилинган талабалар учун ўқув машғулотлари бошланишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ўқиш муддати беш йил бўлган мактаб битирувчилари олий диний таълим соҳасидаги тегишли мутахассисликлар бўйича бакалавр даражасини берувчи дипломга эга бўлишади.

Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий-маънавий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш, ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги юксак инсоний фазилатлар, улардаги эзгуликка чорлайдиган умуминсоний ғояларни кенг халқ оммасига, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига етказиш мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишда фавқулодда салоҳият ва иқтидорга эга бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг муваффақиятли битирувчилари имтиҳон ва синовлар натижасига кўра, ушбу мактабнинг битирувчисига айланиши ҳамда таҳсилни муваффаққиятли тугаллагач, ўз хоҳишига кўра, таълимни магистр сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида давом эттириши ёки таянч докторантура ва докторантура босқичларида таҳсил олиши мумкин.

Мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида хорижий таълим (илмий) муассасаларида малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, соҳанинг салоҳиятли, етук мутахассислари, хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, талабаларни малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш кўзда тутилган.

Мактаб Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Хожа Исмоил шаҳарчасида жойлашган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биносида фаолият кўрсатади.

Ўрни келганда таъкидлаш зарурки, жаҳон миқёсида эътироф этилган буюк муҳаддислардан тўрт нафари юртимизда туғилиб, ўзларининг ҳадис илмига оид жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган асарлари билан ислом тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Булар Имом ал-Бухорий, Имом ад-Доримий, Имом ат-Термизий ва Абд ибн Ҳумайд ал-Кешийлардир.

Юртимиздан етишиб чиққан тўрт буюк муҳаддиснинг бири, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Муслим ибн Ҳажжожнинг устози, «ҳофузу-л-ҳадис», «соҳибу-л-муснади-л-кабир» ва «соҳибу-т-тафсиру-л-кабир» деган буюк эътирофларга сазовор бўлган муҳаддис аллома Абд ибн Ҳумайд ибн Наср ал-Кешийдир.

У зот 786 йили Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз)да таваллуд топган. Муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тилшунос бўлган бу олим ал-имом, ал-ҳужжат, ал-ҳофиз, ал-жаввол (жаҳонгашта) сифатлари билан таърифланган. Таниқли олим Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тарих ал-ислом» асарида ёзилишича, Абд ибн Ҳумайд Кеший илм олиш талабида икки юздан ортиқ шаҳарга сафар қилган экан.

Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг кенг кўламда тарқалишига беқиёс хизмат қилган ушбу муҳаддиснинг «Муснад Абд ибн Ҳумайд», «Тафсир Абд ибн Ҳумайд», «Сулосиёт Абд ибн Ҳумайд Кеший», «Китоб ала-л-ҳуруф ва-л-муъжам», «Ат-Тасарруф», «Китоб фаъалту ва афаълту» каби асарлари бизга маълум.

Бу асарлардан энг қимматлиси, шубҳасиз, «Муснад Абд ибн Ҳумайд» бўлиб бу ҳадислар тўпламидан Имом Муслим «Ас-Саҳиҳ» асарига 138 та, Имом ат-Термизий «Сунани Термизий» асарига 152 та ҳадисни киритишган.

Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг вафот этган манзили ва сўнгги макони ҳақидаги маълумотлар баҳсли. Шамсиддин аз-Заҳабийнинг «Тарих ал-ислом» асарида келтирилган хабар назаримизда ҳақиқатга яқинроқ. Унга кўра, Абд ибн Ҳумайд Кеший 863 йили Самарқандда вафот этган.

Улуғ муҳаддис олимларимиздан яна бири милодий 798 йили Самарқанднинг қадимий мавзеларидан бири Доримда таваллуд топган Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн ал-Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад ат-Тамимий ас-Самарқандий ад-Доримийдир.

У зот ўша вақтларда илм-фан ва маданият тараққий қилган Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина ҳамда Хуросоннинг турли шаҳарларида машҳур ҳадисшунослардан сабоқ олади.

Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, Имом ад-Доримий Самарқанддаги ҳадисшунослик илми ривожига катта ҳисса қўшган олимдир. Унинг «Ал-Муснад», «ат-Тафсир», «ал-Жомиъ», «ас-Сулосиёт фи-л-ҳадис», «Китоб ас-сунна фил ҳадис» каби асарлари бизга маълум.

Ушбу асарларнинг ислом оламида шуҳрат қозонгани «Сунан ад-Доримий» номи билан маълуму-машҳур «Ал-Муснад» асаридир. Муҳаддиснинг ушбу асарида келтирилган кўплаб ҳадислардан ўша даврда яшаган Имом ал-Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд ас-Сижистоний, Имом ат-Термизий, ан-Насафий, ибн Можа каби машҳур муҳаддислар ўз асарларида фойдаланишган. Имом ад-Доримий ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорийдан ўн уч ёш катта бўлиб, улар баъзи илмий масалаларда ҳамфикр бўлишдан ташқари, яқиндан ҳамкорлик ҳам қилганлари манбаларда келтирилган.

Имом ад-Доримий 869 йили вафот этган. У зотнинг қабри Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани ҳудудида жойлашган.

Имом ал-Бухорийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил Ибн Иброҳим Бардазбеҳ (бардазбеҳ — форсча — зироат билан шуғулланувчи) бўлиб, замондошлари томонидан имом ал-муҳаддисийн (барча муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), амирал мўъминин фил-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони), раис ал-фуқаҳо (фақиҳларнинг бошлиғи), имом ад-дуня (бутун дунёнинг имоми) каби буюк эътирофлар билан шарафланган.

Имом ал-Бухорий ҳижрий бир юзи тўқсон тўртинчи сананинг шаввол ойидан ўн уч кун ўтганда, милодий ҳисобда 810 йил 20 июлда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. У зотнинг отаси Исмоил ҳадисшунос олимлардан бўлиб, у ҳақида Ибн Ҳиббон «Китоб ас-Сиқот» (Ишончли ровийлар ҳақида китоб) номли асарида маълумот берган. Буюк аллома 870 йилда Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида вафот этган. Мустақиллигимиз шарофати билан буюк муҳаддиснинг мақбараси атрофида том маънода улуғвор ва салобатли ёдгорлик мажмуаси барпо этилган.

Имом Бухорий ўз ҳаётлари давомида илм излаб жуда кўп мамлакат ва шаҳарларда бўлган. Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Қаттондан ривоят қилишларича ал-Бухорий: «Мен мингдан ортиқ устоз олимлардан ҳадислар ёзиб олганман. Менинг асарларимда исноди зикр этилмаган биронта ҳам ҳадис йўқ», деган экан...

Имом Бухорийнинг шогирдлари ниҳоятда кўп бўлган. Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, улуғ олим ҳаётининг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»дан унинг бевосита раҳбарлигида 90 минг киши таълим олган.

Ҳозирга қадар Имом ал-Бухорийнинг асарларига турли ҳадисшунослар томонидан кўплаб шарҳлар ёзилган. У зотнинг асосий асари «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» дунё халқларининг қатор тилларига таржима этилган.

Ислом оламида ўз илми, муҳаддислик маҳорати билан шуҳрат қозонган яна бир аждодимиз Имом ат-Термизийдир. У кишининг тўлиқ исми Муҳаммад Ибн Исо Ибн Савра Ибн Мусо Ибн Аз-Заҳҳоқ Абу Исо Ас-Сулламий Аз-Зарийр Ал-Буғий Ат-Термизий бўлиб, 824 йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида таваллуд топган.

Имом ат-Термизий илмий-ижодий фаолияти мобайнида ўнлаб асарлар ёзган. Улардан «Ал-Жомеъ» (Сунан ат-Термизий), «Аш-Шамоил ан-набавийя» (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари), «Китоб ат-тарих», «Китоб ал-илал ас-сағийр вал-илал ал-кабир», «Китоб уз-зуҳд» (Тақво ҳақида китоб), «Китоб ал-асмо ва-л-куна» (Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб), «Ал-Илал фил-ҳадис» (Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида), «Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал» (Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола), «Асмоу-с-Саҳоба» (Пайғамбар саҳобаларининг исмлари) кабилар илм аҳлларига маълум.

Имом ат-Термизий 892 йили ўзи туғилган Буғ қишлоғида вафот этган ва шу жойда дафн этилган. У зотнинг мақбаралари атрофида ҳукуматимиз томонидан муҳташам ва улкан ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, қутлуғ зиёратгоҳга айлантирилган.

Ўлкамизда бир пайтлар кўплаб ҳадис мактаблари ва муҳаддислар бўлган. Уларнинг исломий илмлар жумласидан асосийларидан бир бўлган ҳадисшунослик илмига қўшган ҳиссалари алоҳида аҳамиятга эга. Бу улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва буюк меросини чуқур ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлашга киришиш тарихий ҳақиқатнинг амалий тантанаси, дейиш мумкин.

 

Убайдулла УВАТОВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.