Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
15.01.2019

ЖИГАР ЦИРРОЗИГА ОЛИБ КЕЛУВЧИ ВИРУСЛАРНИ БУТКУЛ ДАВОЛАШ ИМКОНИЯТИ МАВЖУД

Тиббиётда эски муаммолардан бири — жигарнинг диффуз касаллиги ҳисобланади. Ҳозирги пайтда қон орқали юқадиган вирусли гепатитнинг В,С, Дельта, G, F, TTV тури маълум бўлиб, айнан ушбу вируслар жигарни йиллар давомида шикастлаб, жигар тўқимасида қайтмас жараёнларга сабаб бўлиши мумкин.

Жигар хасталикларининг қарийб 80-90 фоизини айнан вирусли гепатитлар, тўғрироғи, сурункали вирусли гепатитлар ташкил қилади. Сурункали вирусли гепатит билан оғриган беморда ҳеч қандай белги бўлмаслиги мумкин ва кўп ҳолларда бундай касаллик жуда кеч аниқланиши натижасида инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Жигарнинг детоксикация ва синтез функцияси ўта муҳим бўлиб, диффуз касаллик бўлмиш вирусли гепатитда (сариқ касалда) унинг фаолияти бузилади.

Детоксикация бу — организмдаги заҳарли, зиён келтирувчи моддаларни нейтраллаш бўлиб, жигар ҳужайралари организмга тушган, аниқроғи, қонда пайдо бўлган ҳар қандай ножўя таъсир этувчи моддага инсон ақли етмайдиган даражада антидод ишлаб чиқаради. Шулардан биз табобат аҳлига маълум бўлгани аммиак ҳисобланади (NHз). Бу тўқимага жуда салбий таъсир этувчи кимёвий модда — заҳар бўлиб, асосан ичак системасида қонга сўрилади, дарвоза венаси орқали жигарга киради. Жигар ҳужайралари уни глютамин кислотаси билан қўшиб, нейтраллаб кам токсинли мочевинага айлантиради ва у буйрак орқали чиқиб кетади.

Агар шу жараён бузилса, организм аммиакдан заҳарланиб, турли хил ғайритабиий патологик ҳолатлар юзага келади ва бу ўлимга олиб боради. Аммиак таъсирида бошқа аъзоларда ҳам келиб чиқадиган турли патологик ҳолатлар сон-саноқсиз бўлса-да, уларнинг кўпи ҳали табобатда аниқланмаган. Биз шифокорларга маълум бўлгани — аммиакнинг мия тўқимасига салбий таъсири заҳарланишга олиб келади. Бу тиббиётда гепатоген энцефалопатия (encefal-мия) дейилади. Бунда бош мия тўқимаси фаолияти бузилади, беморнинг марказий нерв системасида маълум патологик белгилар пайдо бўлади. Бемор адекват баҳо бера олмайдиган эйфория ҳолатига тушиб қолади, интеллектуал норасолик юзага келади. Бир томондан, жигар фаолиятининг пасайиши, иккинчи томондан, бунинг оқибатида миянинг заҳарланиши қайтмас жараёнга олиб келади.

Жигар диффуз касаллиги, яъни гепатитнинг оғир ҳолатга олиб келувчи, бизга маълум бўлган иккинчи томони — жигарда қон айланишининг бузилишидир. Жигар қон томирлар мажмуасидан ташкил топган аъзо. Сариқ касал — гепатит — бу жигар ҳужайралари гепатоцитларнинг ўлиши (некроз) билан давом этувчи диффуз касаллик. Бу жараён ўлган гепатоцитларнинг ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллаши билан тугалланади. Диффуз — аъзонинг ҳамма томонини тўлиқ эгаллаш дегани. Демак, жигар ҳужайралари ўлган жойларни диффуз равишда бириктирувчи тўқима эгаллай бошлайди, бу эса жигар циррозига олиб келади. Натижада жигар паренхимасидаги қон томир тармоқлари деформацияга учраб, дарвоза вена орқали келаётган ва жигарда тозаланиб ўтиб кетиши керак бўлган бутун организмнинг қони тўхталади ва жигар ичи тўсиғидан пастдаги дарвоза вена тармоқларида веноз босими ошади.

Бунда босим нормадаги 12 миллиметр симоб устуни ўрнига 70-80 миллиметр симоб устунига чиқиб кетиши мумкин. Шундан сўнг дарвоза вена тармоқлари бўлмиш қизилўнгач ва меъда веналарида ҳам босим кўтарилади ва кўпинча ёрилиб кетади.

Минг афсуски, бу дунё тиббиётининг муаммоси бўлиб, ҳозир бундай беморлар сони жуда кўпайган. Бу касалликларнинг олдини олиш бўйича дунё стандартлари мавжуд. Республикамиз клиникаларида бу стандартлар тўлиқ амалга оширилади. Лекин касалликнинг бу босқичида беморларнинг 40 фоизигина самарали ва замонавий муолажа орқали шифо топиши мумкин.

Дарвоза вена тармоқларида юзага келадиган юқори босимни тушириш мақсадида турли операция услублари тавсия этилган ва бу операциялар бизда ҳам ихтисослаштирилган хирургия марказида амалга оширилмоқда. Лекин муаммо шундаки, қон кетиб турган оғир ҳолатдаги, яъни қонсизланиш ҳолатидаги бемор бу операцияни кўтара олиши жуда мушкул.

Таъкидлаш жоизки, биз айтиб ўтган бу икки асоратли ҳолат тиббиётнинг жарроҳлик соҳаси билан боғланади. Ҳозир жигар циррозига олиб келувчи вирусларни буткул даволаш имконияти мавжуд. Касалликни вақтида аниқлаб, имкон қадар вақтида тўғри ва тўлиқ даволашгина жарроҳлик амалиётига ўрин қолдирмайди. Бундан ҳам муҳимроқ тадбир эса, вирусли гепатитнинг олдини олишда касаллик профилактикаси, яъни вакцинацияни кенг қўллаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳисобланади.

Энг муҳими, ҳар бир инсон ўз саломатлиги ҳақида ўзи қайғуриб, вақти-вақти билан врач кўригидан ўтиб бориши зарур.

 

Кенжабек ДОЛИМОВ,

тиббиёт фанлари номзоди, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти доценти,

Тохирбек ДОЛИМОВ,

тиббиёт фанлари номзоди, Тошкент эпидемиология ва микробиология илмий текшириш институти ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: