Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
15.01.2019

ИНСОН КАПИТАЛИ

биздан эътиборни кучайтиришни, барча имкониятни сафарбар этишни талаб этади.

Авазжон МАРАҲИМОВ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, қайта-қайта ўқиб, биз, олимлар, барча соҳалар каби, олий таълим соҳаси ходимлари олдида ҳам улкан ва масъулиятли вазифалар турганини юрагимдан ҳис этдим. Юртимизда том маънода тарихий эврилишлар жараёни кечмоқда. Одамларнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда. Халқпарварлик сиёсати устувор. Бугун жамиятимизда йиғилиб қолган муаммолар рўй-рост гапирилмоқда. Қолаверса, муаммолар гирдобидан чиқиб кетиш йўллари изланмоқда. Ўзбекистонда бошланган янгиланишлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам қизғин эътироф этилмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишимиз ва уларни иш фаолиятимизга кенг жорий этишимиз замон талабидир. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу борадаги ишларни амалга ошириш, юксак марраларни эгаллаш учун ҳам олий ўқув юртлари нуфузини юксалтириш, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва соғлом рақобатни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим...

2018 йилнинг декабрь ойида Москва давлат университетида ва Қозон Федерал университетларида бўлдим. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Миллий университети ва мазкур олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш эди.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қамрови қай даражада бўлаяпти? Олдимизга улкан вазифалар қўйилмоқда. Кенг масштаби давлат дастурларини амалга ошириш, албатта осон эмас.

Келинг, макроиқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига эътибор қаратайлик. Ишлаб чиқариш ҳажми ва аҳоли даромадларини ошириш, электр энергияси ва сув таъминотини яхшилаш, умуман, қишлоқ хўжалиги, кимё, нефть-газ саноатидаги ислоҳотларнинг замирида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш турибди.

Биласиз, инвестиция ўз-ўзидан кириб келмайди. Инвестицияни ўзлаштириш, уни ақл-заковат билан ишлатиш учун ҳам салоҳиятли мутахассис керак. Мутахассис бўлганда ҳам, наинки бугунги кун, балки эртанги кун илмини эгаллаган рақобатбардош мутахассис керак. Чунки амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таг замирида бугунни ва эртани ўйлаш сиёсати мужассам. Бугунги олиб борилаётган сиёсатимизда буюк келажагимизнинг тамал тоши қўйилган. Президентимиз Ўзбекистонни 2035 йилга қадар ривожланган 50 та давлатлар қаторига киритиш ғоясини илгари сурмоқда. Биз эндиликда ишлаб чиқариш ҳажмини камида икки ярим баробар, аҳоли жон бошига ҳисобланадиган даромадни муттасил ошириб боришимиз зарур. Булар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта.

Мамлакатимизнинг 44,5 миллион квадрат километрдан ортиқ ҳудудининг атиги 9 фоизи суғориладиган ерларга тўғри келади. Демак, ер майдонининг деҳқончилик қиладиган қисми ҳажми икки баробар кўпаядими? 2035 йилга қадар аҳоли сони қанчага етади? Саволлар аниқ. Биз уларнинг ечимини бугундан ўйламоғимиз зарур. Мамлакат тараққиётининг омили бевосита илм-фанга боғлиқ. ХХI аср — интеллектуал бойлик асри. Нажот фақат илмда. Юксак савияли мутахассислар тайёрлаш миллатнинг истиқболини белгилар экан, олий таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш ниҳоятда долзарбдир. Бунинг учун биз юксак даражада мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз, кадрлар тайёрлаш масаласида зудлик билан ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз шарт ва зарурдир. Бу — замонавий мутахассислар тайёрлаш дастурларини яратиш, хорижлик соҳа вакиллари ва олимларни биздаги ўқув жараёнларига кенг жалб этиш каби муҳим масалаларни ўз ичига қамраб олади.

Мамлакатимиз нефть-кимё саноати йилдан-йилга ривожланмоқда. Қорақалпоғистонда, Қашқадарёда нефть-кимё комплекслари қурилмоқда. Бу юқори технологиялар асосида ишлаб чиқаришдир. Мазкур гигант корхоналар учун минглаб муҳандислар, технологлар керак. Уларни қачон тайёрлаймиз, ким билан тайёрлаймиз? Қарши давлат университетидами, Ўзбекистон Миллий университетидами?

Очиғини тан олиш керак, ҳозир биз олий таълим муассасаларида тарбиялаётган кадрлар замон талабидан орқада қолмоқда. Олий таълим муассасалари ўқув режалари, илмий тадқиқотлар реал ишлаб чиқариш билан ёнма-ён одимлай олмаяпти. Аслида илм жамиятнинг локомативи бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам биз ўз олдимизга кечиктириб бўлмас вазифаларни қўйдик. Йилига камида 50-60 нафар магистрант ва докторантларни чет элдаги нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитишни, режалаштирганмиз. Улар 2-3 йилда таҳсил олиб, замонавий билимларни эгаллаб, етук мутахассис бўлиб юртимизга қайтиб келади ва катта-катта инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишади, олий таълим даргоҳларида фаолият кўрсатишади. Улар олий таълим тизимимизга янги қараш, янги шижоатни олиб киришлари шубҳасиз.

2018 йилда 37 нафар йигит-қизни магистратура ва докторантурага ўқиш учун етакчи хорижий олий таълим муассасаларига юбордик. Уларнинг 2 нафари Японияда, 5 нафари Кореяда, 7 нафари Хитойда, Италия, Германия ва қолган талабаларимиз Москва давлат, Қозон Федерал, Сибирь Федерал университетларида таҳсил олмоқда. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Юқорида таъкидлаганимиздек, яқинда Москва давлат университети ва Қозон Федерал университетларида бўлиб қайтдик. Университетлар раҳбарияти билан ҳамкорлигимизнинг 2018 йилги якунларини муҳокама қилдик ва кейинги йилнинг режаларини туздик.

Маълумки, геология ва геофизика соҳасида мутахассисларига бўлган эҳтиёжимиз катта. ЎзМУда ҳам геология факультети бор. Мазкур соҳадаги олимлар салоҳияти қандай, фан докторлари қанча? Таассуфки, саноқли. Фан номзодлари ҳам етарли эмас. Қозон Федерал университетида бўлганимизда геология факультетида 72 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз ўқиётганлигига гувоҳ бўлдик.

Бугун Қозон Федерал университетида геология ва нефть-газ технологиялари, ҳисоблаш математикаси ва ахборот технологиялари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимлари, математика ва механика, менежмент, иқтисодиёт ва молия асослари, физика ва бошқа йўналишлар бўйича юқори малакали бакалавр ва магистр кадрлар тайёрланмоқда. Демак, бизнинг ҳам юқоридаги мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлашимиз учун хорижлик ҳамкасбларимизнинг тажрибаси, кўмаги, ҳамкорлиги зарур.

Шу ўринда рақамли иқтисод масаласига ҳам эътибор қаратайлик. Биз ҳозир қайси даврда яшаяпмиз? Ривожланган технологиялар даврида. Қозон Федерал университетининг Инновацион тадқиқотлар марказида бўлганимизда мазкур йўналишда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, қўшма таълим дастурлари асосида 2019 йилда камида 5 нафар магистр, 3 нафар бакалавр тайёрлашни мақсад қилганмиз.

Геофизика, геодинамика, биокимё, биофизика, нанотехнологиялар, табиий ресурсларни баҳолаш ва захираларини аниқлаш йўналишларида биргаликда тадқиқотлар олиб боришга келишиб олдик. 2019 йили ЎзМУда Қозон Федерал университети билан 3 ўлчамли геомоделлаштириш, табиат ҳодисалари ва жараёнларини моделлаштириш ва баҳолаш лабораторияси ташкил этилади. Ҳаммуаллифликда ўқув қўлланмалар, дарсликлар ва монографиялар чоп этилади. Шу йилнинг февраль-март ойларида Қозон Федерал университетининг 10 нафар профессор-ўқитувчиси университетимизга келиб, талабаларимизга дарс бериши мўлжалланган.

Биласизми, бугун Россия Федерациясида 20 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олади. Уларнинг 3 ярим мингдан зиёди Татаристон Республикасида, бир ярим мингдан ортиғи эса Қозон Федерал университетида ўқимоқда. Роботатехника, инженерлик тадқиқотлари йўналишида 100 нафардан ортиқ, фундаментал медицина йўналишида эса 100 нафарга яқин ёки замонавий бошқарув тизимлари, бизнес ва ҳуқуқ, хусусий секторни ривожлантириш, инновацион технологиялар йўналишларида жуда кўплаб ҳамюртларимиз таҳсил олмоқда.

Тўрт-беш кун давомида улар билан учрашдик. Ёшларимиз билан бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида чин дилдан суҳбатлашдик. Билмаганларини етказдик, билганлари хусусида фикр алмашдик. Улар мусофирчиликда ватанимизда бўлаётган янгиланишлардан бир бўй ўсган. Биласизми, Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар бўлаётган экан, эшитдим, кўрдим, деб ғурур билан гапиришаяпти. Таълим тизимини ислоҳ этиш юзасидан қабул қилинган Президентимизнинг қарор ва фармонларини номма-ном санаб беришди.

Университетни битираётган 20 дан ортиқ магистрант Ўзбекистон Миллий университетига келиб ишлашга тайёрлигини маълум қилди. Уларни геология, биология ва кимё факультетларига ишга олмоқчимиз. Ёшлар кучли, ўзига ишончи бор, ҳатто бизни ҳам қаттиқ ишлашга мажбур қилишларига ишончим комил. Чунки улар хорижда мустақил ишлашга, ўқишга, фикрлашга ўрганишган.

Фарзандларимиз хорижда ўқишса-да, ўз она юрти тақдирига бефарқ эмас. Ватанимиздаги ҳар бир янгиликни кузатиб боришмоқда, ғурурланиб, фахрланиб, ана шу ислоҳотларга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшаман, деган эзгу ният билан таълим олишмоқда. Энг муҳими, уларнинг кўзида бир шижоат ёниб турибди...

Бугун Ўзбекистонда инсон капиталини жамиятнинг бойлиги сифатида қарор топтириш учун саъй-ҳаракатлар жадал бошланди.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: