Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.01.2019

ЮРАККА ЁЗИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН СЎЗЛАР

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевизор орқали кўриб, эшитаётганимда депутатлар ён дафтарларига ўзлари учун ёзиб олаётган қайдларга кўзим тушди. Кўнглимдан: «Фақат қоғозларга эмас, юракка ёзилиши, тафаккурга ёзилиши керак бўлган гаплар бу!» деган фикр ўтди. Шунда бундан икки йил аввал ёзган шеърим ёдимга тушди:

 

Бир ўзинг минг-миллион бўлиб яшайсан,

Халқим, деганларга осон бўлмайди...

Келтирилган аниқ таҳлиллар, улкан мақсадлар, кўрсатаётган меҳр-муҳаббатни ўйлаб Ўзбекистон аталмиш она юртим янада улканлашиб, буюклашиб кетгандек туюлди. Ҳали бу Мурожаатномани англаш, ҳис этиш, «Айтилган вазифаларни адо этишда ўрним қаерда?» деган саволга жавоб топиш учун бироз бўлса-да вақт керак.

Чунки унинг қамрови ниҳоятда кенг. Юртимизга файзу барака билан кириб келган йил Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланди. Инвестиция, ривожланиш тушунчаларининг замирида фавқулодда бир қудрат, тинимсиз ҳаракат бор. Демак, 2019 йил биздан руҳий, маънавий, жисмоний безовталик, ҳаракат, янгиланишларни кутяпти.

Мурожаатномада бир неча бор: «Кечаги кун ўтди», «Кечагидай яшаб бўлмайди», деган фикрлар ўртага ташланди. Демак, талаб янги, ёндошув янги, кечаги кайфият билан бугун ишлаб бўлмайди, яшаб бўлмайди. Ишга, бурчга, ҳаётга муносабатимизни ўзгартиришимиз талаб этилмоқда.

Мана, орадан икки ҳафта ўтиб, Мурожаатномани такрор ўқиб қарасам, бирор соҳа эътибордан четда қолмагани, жуда нозик, оғриқли масалаларгача очиқ кўтарилгани ва уларнинг ечими бўйича таклифлар айтганини англадим. «Оналар учун ижтимоий ҳимоя тизимини яратамиз» деган фикрларга тўхталгим келди. Бу гап оналарнинг, айниқса, бир умр «уйда ўтирган аёл» ёрлиғи билан яшаган, бир нечта фарзандларни қойилмақом қилиб тарбиялаб қўйган, ҳатто, икки-учталаб чемпион, лауреат ўғил-қизларга парвоз учун қанот берган оналарнинг бошини осмон, кўксини тоғ этгани аниқ. Барчамизни ҳаяжонга солган, қувонтирган янги бир масала бу — ногирон боласига қараб, йиллаб бир олам дард билан яшаб келаётган оналарни қадрлаб айтилган гаплардир.

Бундай оналарнинг меҳнати ҳукумат даражасида шарафланганидир.

Ёш авлодга таълим-тарбия беришнинг узлуксиз тизимини яратиш ҳақидаги фикрлар оналар учун Янги йил суюнчиси бўлди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки айни пайтда хусусий ва давлат, шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари кичкинтойларимизнинг 34 фоизинигина қамраб олар экан, Президентимиз 2019 йилда бу рақамни 44 фоизга кўтариш режалаштирилаётгани ҳақида гапирганда, залда янграган қарсакларга уни томоша қилиб ўтирган барча оналар қўшилгани аниқ. Ахир, қайси она боласини ишончли қўлларга топшириб, хотиржам ишлагиси келмайди?

«Ёшлар — келажагимиз» дастурини давом эттириш учун 2 триллион сўм миқдорда маблағ йўналтириш назарда тутилаётгани билагида кучи, юрагида ғайрати тошиб турган ўғил-қизларимизнинг ботиний қувватини аниқ мақсадларга йўналтириб юборгани, ота-она кўнглини: «Болам қаерда экан?» деган хавотирдан халос этгани билан қимматлидир.

2019 йилда битирувчиларнинг 20 фоизининг олий ўқув юртларига кириши назарда тутилаётгани тараққиёт учун ишонч, фаровонлик учун кафолат берадиган жамиятга кириб бораётганимизни далиллайди.

2019 йилда ночор аҳволда яшаётган 1600 нафар кишининг арзон уй-жой билан таъминланиши, 13 минг нафар аёлни иш билан таъминлаш назарда тутилаётгани, онкологик касалликларни эрта аниқлаб, даволаш учун дастур яратишга эътибор қаратилгани... Хонадонларга тоза ичимлик суви келиши, мамлакатимизни жиноятсиз ҳудудга айлантиришнинг аниқ чора-тадбирлари...

 Бир сўз билан айтганда, бу Мурожаатнома — юраклар юрадиган йўлнинг харитасидир. «Ҳар ким ўз ишига ўзи жавоб берсин», деган ундовни фақат бинолар пештоқларига эмас, қалб деворларимизга ёзмоғимиз керакки, улар сўзимизда эмас, кўнглимизда овоз бериб турсин, бизни силкитиб, ҳушёр торттириб, ҳаракатга келтириб турсин!

Вазифалар шу қадар кўламли, ишонч, умид шу қадар улканки, улар олдида ўзимни бир лаҳзада заррадек ҳис қилдим. Кейин Мурожаатномада айтилган залворли сўзларни хаёлдан ўтказдим, ўзимни ўша қудратнинг бир парчасидай сездим. Энди шу сезги билан яшай бошлайман. Бу сезги менга илҳом, куч-қувват бағишлайди, курашга ундайди...

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.



DB query error.
Please try later.