15.01.2019

КОНФУЦИЙ ДАҲОСИ

Буюк Ипак йўли чорраҳасида

«Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўнг йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим, илм эк»

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан икки йил олдин шаҳримизга ташриф буюрганида Самарқандда буюк хитой донишманди, Осмоности ўлкасининг биринчи профессионал педагоги Конфуций билан боғлиқ ёдгорлик мажмуасини яратиш ва унга ҳамоҳанг тарзда халқаро таълим дастурлари марказини бунёд этиш юзасидан топшириқ берган эди. Бу истак амалга ошди. Самарқанд давлат университетининг тўққиз қаватли ўқув-маъмурий биноси халқаро университетлар андозаларига монанд қайта таъмирланди. Бино қошида Конфуций ҳайкали қад ростлади. Мутафаккир сиймоси атрофида яратилган майдонда қадимги чинликлар ҳаётига хос тикланган айвонлар Хитой миллий руҳи ва маданиятини ўзида акс эттириб, мазкур майдонга салобат бағишлаб турибди.

2019 йил 11 январь куни вилоятимизга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари ушбу муҳташам маскан ва Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Европа давлатлари университетлари тажрибалари ўрганиладиган халқаро таълим дастурлари маркази билан танишди, масъулларга зарурий кўрсатмалар берди.

Конфуций ҳайкалининг ўрнатилиши учун айнан Самарқанд шаҳри ва Самарқанд давлат университети майдони бежиз танланган эмас. Жаҳонга машҳур мутафаккирнинг фалсафий-педагогик таълимоти Мовароуннаҳрда дастлаб Самарқандга етиб келганлиги тарихдан маълум. Буюк Ипак йўлининг маркази ва чорраҳаси бўлган, дунё халқлари илми ва маданияти учрашган нуқтада жойлашган кўҳна Самарқанд маданият, иқтисодий муносабатлар ривожланган манзил бўлиши баробарида таълим-тарбия ўчоғи ҳам ҳисобланади.

Самарқанд антик дунё мутафаккирларининг илғор ғоялари билан бир қаторда маданий-маърифий соҳаларда Конфуцийнинг таълим, жамият қурилиши ва тараққиёти билан боғлиқ қарашлари ҳам ўрганилган. Баралла айтиш керакки, Мирзо Улуғбек (1394-1449) мадрасасида ўқитилган инсон ва жамият, эстетик тарбияга оид таълимотларда Конфуций фалсафаси ҳам маълум маънода ўз аксини топган.

Маълумки, буддавийлик юртимиз орқали Хитойга кириб борган. Бунда келиб чиқиши самарқандлик бўлган алломаларнинг хизматлари катта бўлган. Улуғ аллома, таржимон ва роҳиб Кан Сенгкуй (милодий 280 йил вафот этган) Хитойда юксак ҳурматга эришган.

Қадимдан Самарқанд маданият ва маърифат маркази сифатида хитойлик илм истовчиларда қизиқиш уйғотиб келган. Машҳур пилигримм, хитойлик роҳиб, аллома, сайёҳ, файласуф ва таржимон сифатида машҳур бўлган Сюаньцзан (602 — 664 й.й.) Фарғона, Тошкентга саёҳат уюштиришдан ташқари илм олиш мақсадида Самарқандга ҳам ташриф буюрган.

Ўзбекистон — Хитой алоқалари бугунги кунда янги босқичга кўтарилди. 2018 йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» форумида мамлакатларимиз ўртасида келажакдаги истиқболли режалар белгилаб олинди. Буюк Ипак йўлидаги мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини ривожлантириш ва намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасаси — таълим академиясининг вориси давомчиси сифатида ёш авлодни тарбиялашда, маънавий қадриятларни шакллантиришда Конфуций фалсафасидан ҳам фойдаланиб келмоқда.

 Бугунги кунда қатор давлатлар таълим тизимида Конфуций таълимоти катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Самарқандда Конфуций илмий-тадқиқот институти фаолият олиб бормоқда.

Президентимиз ўтган йили Пастдарғом туманида ўтказган видеоселектор йиғилишида «Хитой мўъжизаси»нинг асосчиси Дэн Сяопинни кўпроқ ўқиш ва ўрганишни тавсия қилган эди. Ушбу реформаторнинг 1978 йилда бошлаган ислоҳотлари бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Юксалиш ва тараққиёти билан бутун дунёни лол қолдираётган Хитойда дастлаб таълим-тарбия жараёнини ислоҳ қилишга, қотиб қолган таълим жараёнини синдиришга ва қўрқмай қайта шакллантиришга бел боғланди. Бунда Конфуций ҳикматларига ҳам суянилди. Донишманднинг бозорни эркин қуйиш билан бирга айни вақтда жамият тизими жиловини ушлаш, адолат тамойилларини биринчи даражага олиб чиқиш каби ўгитлари ислоҳотларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Шу нуқтаи назардан Конфуций таълимоти нафақат Хитой, балки бизнинг таълим жараёнида ҳам ўрганилиши муҳим ва зарурдир.

Самарқандда Самарқанд давлат университети майдонида Конфуцийга эҳтиром сифатида ёдгорлик ўрнатилиши ва халқаро таълим дастурлари марказининг бунёд этилишини ўзбек ва хитой халқларининг дўстона алоқалари тобора мустаҳкамланиб, кенг миқёсда ривожланиб бораётганлигининг намойишидир. Бу қадим алоқалар Хитой томонидан ҳам эҳтиром ила эътибор билан кутиб олинмоқда. Ўтган йили Шанхай университетида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ҳайкали очилгани ҳам фикримиз исботидир. Бу дўстона алоқалар йиллар оша янада бардавом ва самарали моҳият касб этишига ишонамиз.

 

Эркин МУСУРМОНОВ,

Самарқанд давлат университети доценти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: