Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
08.01.2019

ҚЎШИМЧА ҚИЙМАТ СОЛИҒИ НАРХЛАР ОШИШИГА ОЛИБ БОРАДИМИ?..

2 январь расман дам олиш куни бўлишига қарамай, Ўзбекистон Республикаси молия вазирлигида қизиқ тадбир, тўғрироғи, муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Солиқ тизимини улкан боғга қиёслаш мумкин. Унда турфа гуллар, турфа дарахтлар, яна минг турфа йўлу йўлакчалар бор. Юртимизда бу боғнинг қиёфаси анча жиддий, қоидалари ҳам қатъий ва мураккаб эди. Тўғрироғи, бу боғда тараққиётнинг ҳар ёғидан тирнайдиган тиканлар кўп эди.

Ўтган йили катта мунозаралар билан шов-шувли тарзда қабул қилинган солиқ концеп­ция­си унга янги ҳаво киритиши, муҳитни енгиллаштириши керак бўлди. Ана шу концепция асосида жорий йилдан солиқ тизимида катта ўзгаришлар амалга киритилди.

Одатда солиқ ислоҳотларини муваффақиятли рўёбга чиқариш босиқлик ва маълум вақт­ни талаб қилади. Чунки қонун ёки қарор орқали бир кунда тартибни, яъни қоғозни ўзгартирган билан ҳаёт бирдан чарағон бўлиб кетмайди. Лекин Ўзбе­кис­тондаги жадал ислоҳотлар шароитида ўзгаришлар ва янгиликларни тез ва қисқа фурсатда амалга ошириш керак бўл­моқда. Боиси, биз солиқ сиё­сатида дунё тараққиёт карвонидан анча орқада қолиб кетганмиз. Ҳозир шошилмасак, эртага етиб ололмаймиз.

Бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияга қулай муҳит яратиш, одамларнинг даромадларини ошириш ҳақида баландпарвоз гапларни йиллаб гапириш мумкин. Аммо қуруқ тарғибот, «ура-ура»чилик билан ҳеч нарса ўзгармайди. Фикрлайдиган кишилар саёз гапни ёлғон, деб тушунади, чунки уларга аниқ асослар зарур. Мамлакатимизда тахминан шундай шароит юзага келганди. Инвестор пул тикишда ўта эҳтиёткор эди, ўзимизнинг тадбиркорлар солиқларнинг осилган қовоғидан ҳадиксирар, шунинг учун уларни айланиб ўтишга йўл қидирарди.

Натижа нима бўлди? Эркин инвестиция оқими кўпаймади, кузатилмади, «яширин иқтисодиёт», коррупция гуллаб-яшнади. Бу кўнгилсиз ва хунук вазиятни ўзгартириш учун бизга қатъий ўзгаришлар, кутилмаган жойда кутилган янгиликлар керак бўлди. Солиқ тизимида бу йилдан жадал бошланган ислоҳотларни ана шу кенг кўламли жараённинг жиддий бошланиши сифатида қабул қилишимиз керакка ўхшайди.

Лекин бирданига рўй берган ўзгаришлар ҳаётга, тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ишига, нарх-наво ўсишига қандай таъсир ўтказади? Янгиликлар жорий қилинаётганда кейинчалик муаммо келтириб чиқарадиган жиҳатлар эсдан чиқиб қолмаганми?

Молия вазирлигидаги учрашув шу каби саволларга жавоб олиш, амалиётчи мутахассисларнинг фикрини билиш ниятида ташкил қилинди, деб хулоса қилиш мумкин.

Учрашув-тадбирда иштирок этган кишилар таркиби (Бош вазир ўринбосари, молия вазири Ж.Қўчқоров, Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев ва унинг биринчи ўринбосари М.Мирзаев, шунингдек, мамлакатимиздаги йирик савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари раҳбарлари) шундай хулоса чиқаришга туртки беради.

Аслида солиқ сиёсати ва ставкаларида ҳар йили муайян ўзгаришлар бўлади. Уларнинг айримларини жамоатчилик билса, айримларидан мутлақо бехабар қоларди. Қаршисидан чиқмагунча, ўзгаришларни кўпчилик кўрмас эди. Лекин янги йилдан, яъни шу йил 1 январдан амалга киритилган ўзгаришлар қамрови анча кенгроқ. Уларнинг таъсири ҳаммамизга сезилиши мумкин. Энг кўп мунозараларга сабаб бўлаётган солиқ бу — ҚҚС, яъни Қўшилган Қиймат солиғидир.

ҚҚС нима?

Маълум тайёр маҳсулот учун қиймат яратадиган ҳар бир субъект ўзи қўшган қиймати миқдоридангина тўлайдиган солиқ ҚҚС ҳисобланади. Ўзбекистонда 2019 йил учун белгиланган давлат бюджети параметрларида қўшилган қиймат солиғининг улуши энг юқори бўлиб, 35 фоиздан ошади. Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтмоқда.

Нега қўшилган қиймат солиғига ўтилди? Соддалаштирилган тартибда солиқ тўловчи кичик корхоналарнинг шу пайтга қадар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни тўламаслиги фақат истеъмолчилар учун солиқ юкини камайтириб, корхоналар учун аслида солиқ юкини кўпайтирмоқда эди, деб ҳисоблайди айрим экспертлар.

Korzinka.uz тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов ҚҚС жорий қилиниши нархнинг ошишига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мисол орқали фикр билдирди:

«Қутиси 5000 сўм бўлган чой мисолига қайтамиз. Ўша 5000 сўм нархида қандай солиқлар бўлган? Келинг, шуни бир таҳлил қилсак. ҚҚС 1 январдан пайдо бўлиб қолгани йўқ, у доим «парда ортида» бўлсада, «яшаб келган».

Айтайлик, ўша чой импорт қилинган. Сўмга чаққанда импортда 3000 сўм бўлган чойга 600 сўмлик ҚҚС солинган. Импортчи-савдо корхонаси чойни энди 3600 сўмлик таннархда олиб, биз-чаканачиларга 4200 сўмдан сотган. Бунда импортчи барча нархдан 5 фоиз ёки 210 сўм умумий солиқ тўлаган. Эътибор беринг, маҳсулот нархидаги солиқ миқдори 810 сўм бўлди. Энди биз чойни харидорларга 5000 сўмга сотганимизда умумий 4 фоиз ёки 200 сўм солиқ тўлаганмиз. Демак, ўтган йилнинг охиригача ўша 5000 сўмлик чойда биргаликда қўшганда 1010 сўм солиқ бўлган. Жараёнга қўшилган сиртқи ҚҚС туфайли «занжир»нинг барча қатнашчилари энди биргаликда фақат 20 фоиз ҚҚС тўлайди, маҳсулотдаги бутун бошли солиқ эса (аввалги) 1010 сўмдан (эндиликда) 834 сўмга тушади.

... Мазкур ислоҳотлардан кутган умид ва ишончларимиз айнан маҳсулот нархи таркибидаги солиқ юкининг камайишига боғлиқ эди. Янги қарорлар кучга киришидан аввалроқ барча маҳсулот, товарлар бўйича батафсил таҳлил ўтказганмиз. Ўшанда, маҳсулотлар нархидаги барча солиқларнинг ўртача меъёри, биргаликда олганда 23 фоиздан кўпроқ эди. Истеъмолчилар эса юқорида чой билан боғлиқ мисолга ўхшаб, бундан бехабар ҳолда, ҳар бир харид вақтида шунча солиқ тўлашган. Янги ислоҳотлар эса биргаликдаги ана шу солиқ қийматини 16,67 фоизгача камайтиришга имкон беради. Алал-оқибатда, бу чакана турдаги савдога ихтисослашган дўконлар пештахталаридаги бир қатор маҳсулотларнинг нархи тушишига ҳам олиб келади...»

Лекин айрим мутахассислар бундан кейин нархлар ошмайди, деб қатъий ишонч билан гапириш тўғри эмас, деб ҳисоблайди. Дўконлардаги нархлар 1 январь ҳолатига деярли ошмаганига сабаб ҳали кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар томонидан ҚҚС жорий этилмагани билан изоҳланади. ҚҚС бўйича ҳужжатлар лойиҳалари 2018 йилнинг охирги кунига қадар ўзгариб турди. Масалан, гўшт, нон ва баъзи сабзавот маҳсулотлари ҚҚСдан озод этилгани йилнинг охирги кунида маълум бўлди. Барча ишлаб чиқарувчилар шунинг учун ўз маҳсулотларини эски нархларда сотяпти ва вазиятнинг аниқлашувини кутяпти. Дўконлар ҳам илгариги нархлар таркибида ҚҚСни фақат чекда кўрсатаяпти, холос.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳали йилнинг боши, солиқларнинг янги тартиби жорий қилинганига ўн кун ҳам бўлгани йўқ. Ўзгариш ва янгиликлар ҳаётга, хусусан, бозорлардаги нархларга қандай таъсир қилишини вақт кўрсатади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: