08.01.2019

ЯНГИ ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ТУРИ

Меҳрожиддин Дархонов, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз келгуси тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Йилнинг бош ҳужжатида илгари сурилган ғоя ва таклифлар замирида аҳолининг бугунги ва эртанги кунидан рози бўлиб яшашидек улуғвор мақсад мужассам.

Биз, сиёсий партиялар вакиллари Мурожаатномани яна бир бор диққат билан ўқиб, 2019 йил учун аниқ мақсадли вазифаларни белгилаб олмоғимиз лозим. Менинг фикримча, мазкур Мурожаатноманинг асосий ғояси демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслигимиздир. Мамлакат раҳбари барчани бир мақсад сари бирлашишга, шиддат билан кечаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга даъват қилмоқда. Ислоҳотлар эса ҳеч қачон осон кечмаган.

2019 йилга «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб ном берилишида ҳам халқимизнинг фаровон турмуш тарзи, тинч ва осуда ҳаёти, Ватан равнақи каби эзгу мақсадлар мужассамдир. Мурожаатномада соҳалар кесимида бажарилиши керак бўлган устувор вазифаларнинг аниқ йўналишлари акс этган.

Бугун мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Инвестиция — бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, дея аниқ таърифланди. Аммо бу ижтимоий соҳанинг иккинчи даражага тушишини англатмайди. Аксинча, иқтисдий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги таъминланмоқда.

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кучли ижтимоий сиёсат, деган тамойилга амал қилинмоқда. Эътибор беринг, Мурожаатномада мамлакатимизда иқтисодий юксалишни таъминлаш орқали ижтимоий соҳани тараққий эттириш устувор вазифа бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди. Бунда, жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш, пировардида аҳолининг фаровон турмуши фаровонлигини ошириш кўзда тутилган.

Мурожаатномада аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, турмуш фаровонлигини ошириш устувор вазифалар этиб белгиланган. Мурожаатномада мазкур йўналишда қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши айтиб ўтилди. Хусусан, умрини ногирон фарзанд парваришига бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа турини жорий этилиши белгиланди. Мана шу биргина хабарнинг ўзиёқ қанча оилаларга қувонч бахш этди.

Битта ногирон фарзандга таълим-тарбия бериш учун сабр-тоқатнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун онадан чексиз матонат, меҳр-муҳаббат ва яна кўп хислатлар талаб этилади. Агар бир оилада тақдир тақозоси билан икки нафар фарзанд ногирон бўлсачи?..

Афсуски, юртимизда мана шундай хонадонлар ҳам бор. Аҳоли ўртасидаги тарғибот жараёнларида бунга гувоҳ бўлганмиз. Давра суҳбатларида ногирон фарзандини тарбиялаётган аёлларга ижтимоий нафақалар ажратиш масаласида юзлаб мурожаатлар бўлган. Тизимнинг ичига кириб ўрганганимизда қонунчиликда ногиронлиги бўлган аёлларга нафақа тайинлаш масаласи йўқлиги аён бўлганди.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда 16 ёшдан катта болаликдан ногиронларга, 16 ёшгача ногирон болаларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга ойлик нафақалар берилиши белгиланган. Аммо ногиронлиги бўлган шахсларни тарбиялаётган ота-оналарга ижтимоий нафақалар кўзда тутилмаган. Эндиликда пенсия тизимини тартибга солувчи амалдаги қонун ва қонун ости хужжатларига қўшимчалар киритилиб, қийналиб юрган оналар, яна қанча оилалар ижтимоий ҳимояси таъминланади.

Назаримда, яна бир жиҳатга эътибор қаратишимиз керак. Ногирон фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган оналарга ижтимоий нафақа берилиши партиямиз электорати учун кутилмаган янгилик бўлди. Аммо, тақдир тақозоси билан умр йўлдоши оламдан ўтган ёхуд ажрашиб уйида ёлғиз ногирон фарзандини тарбиялаётган оталар ҳам йўқ эмас. Уларга ҳам ижтимоий нафақалар татбиқ қилинса, биз шу масалани парламентда кўтариб, амалий натижага эришсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яқинда Чирчиқ шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга кириб, уларнинг муаммоларини ўрганганимизда кўп қаватли уйларнинг бирида ёлғиз ота вояга етмаган ногирон фарзандини тарбиялаётганига гувоҳ бўлгандик. Ота 60 ёшлар атрофида. Қайсидир ташкилотда қоровуллик қилиб, икки смена ишлайди. Ишга кетган чоғларида бола ёлғиз қолади. Ҳаётда бундай тақдирлар оз эмас.

Мурожаатномада агар инсон ўзгарса, жамият ўзгариши алоҳида таъкидланди. Бу фикр ҳаммамизга тегишли. Шунинг учун ўзгаришга тайёрмизми, деб ўзимизга жиддий савол беришимиз, айни вақтда унинг жавоби ҳақида ўйлашимиз керак.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: