Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
01.01.2019

БОЛАЖОНЛАР УЧУН ЯНГИ ЙИЛ ТОМОШАЛАРИ

Мамлакатимизда янги йил янги орзу-умидлар, яхши ниятлар билан кутиб олинди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳарларда турли ўйинчоқлар билан безатилган арчалар атрофида Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари болажонларни хушнуд қилмоқда.



Меҳрибонлик ва Мурувват уйларида эса «Президент арчаси» анъанавий байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари улашилмоқда. Байрам арафасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига 11 номдаги ўқув қуроллари ва 17 номдаги ширинликлардан иборат қарийб 11 минг дона совға жўнатилди.

Биз бу санага ҳар йили жиддий тайёргарлик кўрамиз, — дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев. — Чунки янги йилни ҳаммадан ҳам кўпроқ жажжи болажонлар интиқлик билан кутади. «Президент арчаси» байрам тадбирларида туҳфа этиладиган Президент совғаси болажонларимизнинг бир умр ёдида қолади, албатта.

Мактаб ўқувчилари қишки таътилга чиққан шу кунларда вилоят ва туманлар марказларидаги истироҳат боғлари, марказий майдонлар, спорт саройларида Янги йил байрами ўтказилаяпти. Бу тадбирларда турли бадиий жамоалар иштирок этмоқда.

Меҳрибонлик уйлари, болалар шифохоналари, SOS болалар маҳалласи ва бошқа жойларда театрлаштирилган хайрия томошалари ташкил қилинмоқда. Қорбобо ва Қорқиз болаларга совғалар улашмоқда.

Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан 2018 йил 31 декабрь куни Тошкент шаҳридаги барча автобус йўналишлари иш режимига ўзгартириш киритилиб, иш вақти бир соатга узайтирилди. Барча йўналишлардаги автобуслар Янги йил байрамига мос равишда безатилиб, ҳайдовчилар Қорбобо кийимида ишга чиқишди. Фарзандлари, неваралари билан келган ота-оналар, бобо ва бувижонлар, пойтахтимиз меҳмонлари учун шаҳар бўйлаб жамоат транспорти ҳаракатда бўлди.

Бу йил Шароф Рашидов проспектида автомобиллар ҳаракатини тўсиб қўймаслик учун бош арча пойтахтимизнинг Алишер Навоий кутубхонаси олдидаги майдонга ўрнатилди. Театрлаштирилган томошалар намойиш этиш учун саҳна ташкил этилди.

Олдинги йилларда Янги йил арчаси пойтахтимизнинг фақат марказий майдонларида ўрнатилган бўлса, бу йил Мустақиллик майдони билан қўшиб ҳисоблаганда, 10 жойда ташкил этилди. Лабзак мавзесидаги «Локомотив-Анҳор» маданият ва истироҳат боғи ёнидаги майдонга ўрнатилган арчанинг баландлиги 26 метр ва айланаси 7 метр. Уни безашга 2 мингдан ортиқроқ ўйинчоқ ишлатилди. Кечқурунлари арча прожекторлар билан ёритилади. Боғда қурилган афсонавий шаҳарчаларда санъаткор ва қизиқчилар томонидан анъанавий байрам шоулари ўтказилиб, мониторларда ижтимоий роликлар, турли хил мультфильмлар намойиш этилмоқда.

Тошкент давлат цирки майдонида ташкил этилган Янги йил томошаларини катта-кичик завқ билан томоша қилади. Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари болаларни саҳнага чорлаб, улар билан интерактив ўйинлар ўтказишмоқда.

Бу йил пойтахтимизнинг 505 маҳалласида Республика «Маҳалла» фондининг Тошкент шаҳар бўлими мутахассислари томонидан тайёрланган «Маҳаллада янги йил» лойиҳаси асосида Қорбобо ва Қорқиз либосидаги кўнгилли фаоллардан ташкил топган йигит-қизлар янги йил оқшомида хонадонма-хонадон юриб, жажжи кичкинтойларни хурсанд қилдилар.

Шунингдек, улар кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ёши улуғ инсонлар, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари хонадонларига, Меҳрибонлик ва Мурувват уйларига бориб, совға-саломлар улашдилар.

Пойтахтимизнинг барча театрларида шу кунларда болажонлар учун ўзбек ва рус тилларида турли спектакллар намойиш этилмоқда. Масалан, «Истиқлол» санъат саройида Ҳанс Кристиан Андерсен эртаги асосида «Қор маликаси», «Аловуддин» театрида Аловуддин ва Ибн Хаттобнинг янги йил саргузаштлари, Ўзбек мусиқали комедия театрида Қизил, Сариқ ва Яшил светофорнинг келажакка саёҳат саргузаштлари, Ўзбек давлат циркида «Зумрад шаҳри сеҳргари», Алишер Навоий номидаги санъат саройида «Микки Маус клуби», Республика қўғирчоқ театрида «Сеҳрли пақилдоқ» спектаклини томоша қилиш мумкин.

Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида ҳам ўзига хос томошалар дастури тайёрланган.

Янги йил томошалари Корней Чуковскийнинг «Муха Цокотуха», яъни, «Пашша Ойпашша» шеърий эртаги асосида саҳналаштирилган, — дейди директор ўринбосари Алижон Андақулов. — Бу асар бош арча ва театр актёрлари томонидан болалар билан биргаликда шоу тарзида ўтказилмоқда. Эртакни нафақат болажонлар, балки ота-оналар ҳам мазза қилиб томоша қилишади. Спектакль давомида шеърий матнни болалар ва катта ёшли томошабинлар актёрлар билан жўр бўлиб айтишади. Мусиқий ва ўндан ортиқ турли рақслар кичик томошабинларимизни зериктирмайди.

...Бош арча атрофида болажонларни турли эртаклар қаҳрамонлари, Қорбобо ва Қорқиз кутиб олади. Болалар улар билан биргаликда ўйинга тушишади, шеър айтишади. Кичкинтойларга совға-саломлар улашилади. Янги йил томошалари давом этади.



Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Нилуфар ЧОРИЕВА.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: