01.01.2019

2018 ЙИЛНИ ШУКРОНАЛИК БИЛАН ЭСЛАЙМИЗ

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Бугунги байрамона, шукуҳли дамларда азиз юртдошларимизни қутлуғ қадамлар билан юртимизга кириб келган Янги йил билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни изҳор этишни ўзим учун катта бахт, деб ҳисоблайман.

2018 йил Ватанимиз тараққиётига, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, эл-юртимиз ҳаёт даражасининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшгани, хосиятли ва баракали бўлганини шукроналик билан эслаймиз. Бир сўз билан айтганда, ўтган йилдан рози бўлиб, ҳар қанча шукрона айтсак арзийди. Юртни обод қилиш, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратиш, инсон манфаатлари барча нарсадан устун, деган ғояни амалда рўёбга чиқариш йўлида эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилганига гувоҳмиз, бу барчамизга чуқур мамнуният бағишлайди.

Ҳар бир ота-онанинг энг эзгу тилаги фарзандлари бахти-иқболини кўришдир. Мен ҳам бир она сифатида диёримиздаги барча болаларимиз, навқирон ёшларимиз доимо тинч, фаровон мамлакатда яшашларини, жаҳонга юз тутган Ўзбекистон шарафини дунёга намоён қилишларини истайман. Бунинг учун биз, катталар уларга зарур имкониятларни яратиб бермоғимиз зарур бўлади. Албатта, бу чидам, меҳнат, интизом ва фидокорликни талаб қилади.

Ўзбекистон тараққиётнинг янги даври, янги босқичига қадам қўймоқда. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг оғирини енгиллатиш учун ҳар бир инсон ўз елкасига олган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятларини сафарбар этмоғи керак.

Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ, деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Президентининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳар бир соҳада қилиниши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Айниқса, миллий парламентнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамиятини янада ошириш йўлидаги янгича таклифлар бизга катта масъулият юклайди.

Мурожаатномада 2019 йил парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар йили эканига алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, бу йил барча сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун ҳам катта синов, катта имтиҳон йили бўлади. Бунинг сабаблари кўп. Аввало, Президент таклифи билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига раислик қилиш ваколати ҳокимлардан олиниши бўйича ҳуқуқий асослар яратилиши белгиланди. Шу масалада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан парламентга тавсия берилди. Бу келаётган сайловда рақобат аввалгиларига нисбатан жуда кучли бўлишини ҳам англатади. Чунки маҳаллий вакиллик ҳокимиятида қайси партия қандай обрўга эга бўлиши бевосита сайлов натижаларидан келиб чиқади. Партиямиз бу синовдан муваффақиятли ўтиши учун барча куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.

Қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, бирлашиб, эзгу мақсад йўлида ҳалол меҳнат қилсак, албатта, олий мақсадларимизга эришамиз.

Янги йил бутун халқимизга, ҳар бир оилага тинчлик-тотувлик, фаровонлик, бахт, омад ва барака олиб келсин. Эзгу ниятларимиз рўёбга чиқишида Ўзи мададкор бўлсин.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: