01.01.2019

ХАЛҚНИНГ ҚАЛБ ХАРИТАСИ

Замин ўз-ўзидан обод бўлиб қолмайди, ер юзидаги ҳеч бир халқ ўз-ўзидан буюк яртатувчига айланавермайди, ҳеч бир давлат ўз-ўзидан қудратли бўлмайди, ҳеч бир Ватан жаҳон майдонида ўз-ўзидан эътироф ва эҳтиромга сазовор бўлмайди, деган сўзларни яна бир карра юракдан ўтказдим. Беихтиёр Соҳибқирон Амир Темурнинг «Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир, адолат ва озодлик — дастурингиз бўлсин» сўзлари ёдимга келди.



Шоирлар севинса, халқ бахти, фаровонлигидан севинади, ўкинса, халқнинг дарди, изтиробидан ўкинади. Бугун бутун дунё Ўзбекистоннинг Ватан, халқ бахти-саодати, юрт тинчлиги деб уриб турган юрак садосини эшитди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, унда айтилган ҳар бир фикр, ҳар бир ғоя, ҳар бир ташаббус, оғриқли муаммолар, долзарб вазифалар миллионлаб юракларга кўчди. Ҳақ сўз ҳамиша уйғотувчи кучга эга бўлади. Президент ҳар соҳани ҳаққоний таҳлил қилиб, умрини ўтаб бўлган, бугун яроқсиз, самарасиз ҳолга келиб қолган тизимларни янгилаш, биринчи навбатда халққа хизмат қилувчи тизимга айлантириш бўйича муҳим масалаларни ўртага қўйди. Мурожаатномада қилинган ишлар билан бирга қилинажак ишларнинг тоғдек залвор ва кўламини ҳис қилдик.

Ўтган йиллар давомида қандай мураккаб, таҳликали, енгил бўлмаган йўллардан ўтдик. Ҳар қандай йўл юракдан бошланади, ҳар қандай минора ҳам ердан тикланади. Халқ дарди, ташвиши, муаммолари, орзу-умидларига ҳамоҳанг сиёсат одамларни ҳам қудратли тўлқинга, яратувчи кучга айлантиради.

Бугун юртдошларимиз чин маънодаги халқчил сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази ўтказган тадқиқотда 87,4 фоиз респондентларнинг Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик сифати ўсишининг янги даври бошланган деб ҳисоблаши, 95,6 фоизи олиб борилаётган сиёсатни маъқуллаётгани беъжиз эмас.

Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир юрак уриши, қалб ҳароратини, оташин нафасини дунё аҳли ҳис қилиб, кузатиб турибди. Бу халқчил сиёсатни жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда, намуна ва ибрат қилиб кўрсатмоқда.

Штаб квартираси Сеулда жойлашган Осиё журналистлари ассоциацияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «Йил одами» деб эълон қилиши, Туркиядаги нуфузли «Turcomoney» нашрининг йиллик рейтингида мамлакатимиз раҳбари ушбу давлатда «Йилнинг хорижий давлат арбоби» деб тан олиниши, Испаниянинг машҳур «Diario arbat» нашрида чоп қилинган мақолада Ўзбекистон Президенти «Тинч инқилоб» сиёсатига амал қилиб, аниқ бир мақсад йўлида олға интилаётгани таъкидланди. Бу инқилоб меҳр ва эътиборга ташна кўнгилларни обод қилишдан, розилигига эришишдан бошланди. Зеро, ҳар қандай инқилоб аввало қалбнинг янгиланиши, қалбдаги ўзгаришлар демакдир. Қалбдаги ўзгаришлар ижтимоий муҳитни тозартириб, жамиятни ўзгартиради.

Жаҳоннинг етакчи ва нуфузли нашрлари Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, нафақат Ўзбекистонга, балки бутун минтақага улуғвор ижобий янгиланишлар олиб кирганлигини таъкидламоқда. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти фаоллашгани, сиёсий рақобат ва фикрлар хилма-хиллиги қўллаб-қувватланаётгани, аҳолининг йиллар давомида фойдаланилмаган имкониятларини юзага чиқаришга катта эътибор берилаётгани эътироф этилмоқда. Ўзбекистонда фаол ва очиқ иқтисодиётга ўтилаётгани, халқнинг яратувчанлиги, турмуш тарзи, фаровонлиги ўзгараётгани, муаммолар яширилмай очиқ-ойдин гапирилиб, уларга ечим топилаётгани, ташқи ва ички сиёсатида ҳеч қачон кузатилмаган ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон дунёга ўз очиқлигини намоён этаётгани, барча соҳалардаги ислоҳотлар тизимли ва самарали хусусияти билан ажралиб тураётгани ёзилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканман, ўтган йилдаги муҳим ўзгаришлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтди. Янги иш ўринлари яратиш, халқнинг энг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўлаб-қувватлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш, улар тезроқ ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга янгича ёндашувлар ўз самарасини берди. Биргина мисол, мамлакатимиздаги мавжуд 9015 фуқаролар йиғинининг 3205 тасида бирорта жиноят содир этилмади, Тошкент шаҳрининг ўзида жиноятлар 48 фоизга камайди.

Кўнгиллардан бошланган ободлик қишлоқларимизга, шаҳарларимизга кўчмоқда, ички кўчалар таъмирланмоқда. Мурожаатномада айтилганидек, Янги йилда ҳам «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилишини халқимиз жуда катта мамнунлик билан кутиб олди.

Бир умр суяги меҳнатда қотган, эл-юрт ободлиги йўлида соч-соқоли оқарган оталаримиз, муштипар оналаримиз ҳақиқий эҳтиром ва эъзозга лойиқ. Улар жамғарган катта тажрибаларнинг ўзи бир мактабдир. Президент фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгилангани, Мурожаатномада энг кам ойлик иш ҳақи миқдори, пенсия тизими қайта кўриб чиқилиши тўғрисидаги хушхабарлар чин маънода фахрийларимизни янада ёшартирди.

Ўз халқини севган буюк қалбли инсонлар дунёдаги бошқа халқларни ҳам ана шундай муҳаббат билан севади. Қарангки, қатъий ирода бўлса, азми шижоат, очиқлик, дўстона муносабат билан ҳар қандай қалтис масаларни ҳам ечиш мумкин экан.

Ўзбек халқи ҳеч қачон қўшнисиникидаги нотинчликка бепарво қараб ўтирадиган халқ эмас. Ана шу маънода жафокаш афғон халқига тинчлик соғиниш баробарида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари маданият ва истироҳат боғларида спорт майдончалари, амфитеатрлар қурилиши ҳамда китобхонликка ҳам алоҳида эътибор қаратди. Маданият ва истироҳат боғларини ташкил этиш, уларни ҳақиқий замонавий маърифий-маънавий масканларга айлантириш, кутубхона, «Китоб кафелари» бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, 2019-2025 йилларда «Туризмни ривожлантириш миллий концепцияси»ни ишлаб чиқиш бўйича муҳим топшириқ берилиши, шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромадни эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлиги таъкидланди.

Бир пайтлар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устоз Абдулла Орипов бошчилигида Амир Темур мақбараси, Шоҳи-зинда мажмуаси, Регистон майдонида сайр қилиб юрган ўзбек ёшларига қарата айтган сўзлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Ўшанда устоз ёшларга қарата: «Бу ерларга мунғайиб кирсанг, гердайиб чиқасан!», дегандилар. Бу кимлигингни англаб, қаддингни кўтариб, қадамингни ҳам буюк аждодларингга мос қилиб ташлайсан, дегани эди.

Президентимизнинг Ўзбекистоннинг шонли тарихини янгитдан, мукаммал ўрганиш учун оммавий ахборот воситалари, интернет ресурсларидан кенг фойдаланиш, МТРК компанияси таркибида «Ўзбекистон тарихи» каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш, «Ватанимиз тарихидан лавҳалар» туркумида мунтазам равишда илмий ва илмий-оммабоп китоблар нашр этиб бориш борасидаги таклифлари барчамизни қувонтирди.

Ҳеч шубҳасиз, Янги йилда мамлакатимизда тараққиёт ва юксалиш сари муҳим қадамлар қўйилади. Мурожаатномадаги ҳар бир ғоя, таклиф, ташаббус Ватанимизни янада обод, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлишига хизмат қилади. Фуқароларимизни фаолликка, ташаббускорликка, азму шижоатга ундайди.

Ёшлар таълим ва тарбияси ҳақида гап кетганда, бу келажакка қўйилган инвестиция, деган ибора қўлланилди. Таъбир жоиз бўлса, бу улуғ ишларга бор куч-қувватимизин сарф этишимиз, фидойилигимиз, юртга садоқат ва меҳримиз ҳар биримизнинг Ватан тараққиётига қўшажак энг катта инвестициямиз бўлажак.

Давлатимиз раҳбарининг мурожаатномаси Ўзбекистон учун 2019 йилдаги муҳим вазифалар акс этган ўзига хос Йўл харитасидир. Бу чинакам маънода ўттиз уч миллионли халқимизнинг қалбига бориб туташадиган халқ харитаси, Ватан истиқболини ёритувчи қалблар харитасидир.



Минҳожиддин МИРЗО,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: